Осиё Кубоги 2015: Равшан Эрматов очилиш учрашувини бошқаради

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бу ҳақда Осиё Футбол Конфедерацияси расман хабар берди. Мезбон Австралия ва Қувайт ўртасидаги илк ўйин эртага – 9 январ куни Мельбурнда бўлиб ўтади.

Турнирнинг расмий очилиш маросими ортиданоқ старт олажак учрашув Тошкент вақти билан тушки соат 14:00 да бошланади.

Равшан Эрматовга Абдуҳамидилло Расулов ва Баҳодир Қўчқоровлар ёрдамчилик қилишади.

Худди шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, ўзбекистонлик номдор ҳакам 2011 йил Қатарда бўлиб ўтган Осиё Кубогида жаъми тўртта, жумладан, айнан Австралия ва Япония ўртасидаги финал учрашувини ҳам бошқарганди.

Бу – 37 ёшли Равшан Эрматов учун ўз ҳакамлик карьерасидаги учинчи Осиё Кубоги бўлади.

Равшан яқинда бешинчи бор “Осиёнинг энг зўр ҳаками”, деб топилганди.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Австралияда Ўзбекистонни бир эмас, иккита ҳакамлар бригадаси намоён этади.

Иккинчи бригадага ўзбекистонлик бошқа бир ҳакам Валентин Коваленко бош бўлади.

Агар, Осиё Футбол Конфедерацияси томонидан эълон қилинган расмий рўйхатга қаралса, қитъанинг бирор бир давлати бу каби шарафга нойил бўлмаган.

Яъни, Ўзбекистон конфедерациянинг Австралиядаги Осиё Кубогида қўшалоқ ҳаками ишлайдиган ягона аъзоси бўлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам 2015 Осиё Кубогида ғолиблик учун кураш олиб боради.

Жамоа ўтган йил охирида муддатидан илгари ва кетма-кет олтинчи бор бу каби ҳуқуқни қўлга киритганди.

Ўзбекистон 2004 ва 2007 йилларда қитъа миқёсидаги ушбу нуфузли турнирнинг чорак финалига чиқишга муваффақ бўлган.

2011 йилда Қатарда бўлиб ўтган сўнгги Осиё Кубогида тарихий натижа қайд этиб, ярим финалга чиққан.

Қитъанинг энг кучли тўртта жамоасидан бирига айланганди.

Бу – Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳининг Бразилиядаги жаҳон чемпионати ортидан ишлаш учун таклиф олган яна бир нуфузли халқаро турнири бўлади.

Шу йил Бразилияда эса, Равшан Эрматов ўзи кетма-кет бутун собиқ Шўролар Иттифоқини намоён этган икки биринчиликда жаъми 9 та ўйинни бошқариб, янги жаҳон рекордини ўрнатган.

Равшан Эрматов Жанубий Африкада бўлиб ўтган сўнгги Жаҳон чемпионатида ҳам энг зўр ҳакамлардан бири, деб топилганди.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, Равшан ўз ҳакамлик фаолияти давомида эришган оламшумул ютуқлари билан Осиё футболи тарихига ҳам кирган.

У клублар ўртасидаги Осиё чемпионлар лигасининг финал учрашувларини ҳам бошқарган.

Яқинда эса, Тошкент Давлат Иқтисодиёт университети Равшан Эрматовни “Фахрий профессор”лик унвони билан ҳам тақдирлади.

Равшан Эрматов “Эл-юрт ҳурмати” ордени ва “Ўзбекистон ифтихори” фахрий нишони соҳиби ҳам саналади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ