Вадим Абрамов: 'Ҳар қандай рақибни енгиш мумкин'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Собиқ Бош мураббийси бу ҳақда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Саудия Арабистонига қарши ҳал қилувчи якуний учрашуви арафасида билдирди.

Ўзбекистон Осиё чемпионлиги учун курашини давом эттирмоқчи бўлса, 18 январ кунги гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг сўнгги учрашувида, албатта, ғалаба қозониши шарт бўлади.

“Ҳар доим ғалаба қозониш мумкин. Аммо гап буни қандай қилиб амалга оширишда. Мағлуб этишга келганда, ҳар қандай рақибни енгиш мумкин. Футбол шуниси билан гўзал,..” - дейди Вадим Абрамов.

"В" гуруҳидан иккинчи йўлланма тақдирини ҳал қилувчи учрашув мезбон Австралиянинг Мельбурн шаҳрида Тошкент вақти билан тушки соат 14:00 да бошланади.

Таъкидлаш жоиз, бу йилги Осиё Кубогининг плей-офф босқичига чиқиши учун Саудия Арабистонига эртанги ўйинда дуранг натижанинг ўзи ҳам кифоя қилади.

Ҳал қилувчи якуний тур учрашувлари арафасида Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ҳисобида 3 тадан очко бор, аммо тўплар нисбатидаги фарқ Саудия Арабистони томонида.

Шу боис ҳам, эртанги ўйинда Ўзбекистонни дуранг ҳисоби қониқтира олмайди.

Дастлабки икки учрашувини кетма-кет ғалаба билан бошлаган Хитой эса, гуруҳдан муддатидан илгари чорак финалга чиққан биринчи миллий терма жамоа бўлган.

Худди шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон Қатарда бўлиб ўтган 2011 йилги Осиё Кубогининг плей-офф босқичига муддатидан илгари гуруҳ пешқадами сифатида чиққан.

Мезбон Қатар ва Қувайтни енгиб, ўшанда бу йил ўзини нақд йўлланмадан маҳрум этган Хитой билан дуранг ўйнаган.

Жамоа Қатарда ўзининг тарихидаги энг юксак натижасини қайд этиб, Осиё Кубогининг ярим финалигача борган, қитъанинг энг кучли тўртта миллий терма жамоасидан бирига айланган.

Саудия Арабистони эса, Қатардаги сўнгги Осиё Кубогини бирор бир очкосиз, гуруҳ босқичиданоқ тарк этган.

Эртанги рақиблар Австралия мезбонлик қилаётган 2015 йилги Осиё Кубогини биттадан ғалаба ва биттадан мағлубият билан бошлашган.

Аммо Саудия Арабистони 2-тур учрашувида Шимолий Кореяни йирик 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратишга муваффақ бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи lokomotiv.uz

Ўзбекистонни Қатарда муваффақиятга етаклаган собиқ Бош мураббийси Вадим Абрамовнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида қатъий таъкидлашича, миллий терма жамоада ҳали ҳам имконият бор:

Вадим Абрамов: Ҳар доим ғалаба қозониш мумкин. Аммо гап буни қандай қилиб амалга оширишда. Мағлуб этишга келганда, ҳар қандай рақибни енгиш мумкин. Футбол шуниси билан гўзал. Шунинг учун ҳам, бўлажак ўйинга лозим даражада тайёрланиш лозим. Йўл қўйилган барча хатолардан сабоқ чиқариш керак. Навбатдаги ўйингача бўлган вақт оралиғида буларнинг барчасини бир ерга жамлаб, жорий пайтда қай бир ўйинчи кучли экани борасида аниқ тўхтамга келиш керак. Ўшаларга орқа қилиш лозим. Менимча, ана шунда ижобий натижага эришиш мумкин бўлади. Футболчилар етарли даражада тажриба ва малакага эгалар. Агар, ўзларини қўлга олишса, бу вазифани бемалол уддалашлари мумкин ва шарт, назаримда.

Би-би-си: Демоқчисизки, Ўзбекистон миллий терма жамоасида ҳали имконият бор?

Вадим Абрамов: Албатта, имконият ҳамиша бор.

Би-би-си: Вадим ака, яқин-яқингача сиз ҳам Ўзбекистон миллий терма жамоасига Бош мураббийлик қилгансиз. Агар, қолган наҳанг жамоалар билан солиштирсак, Хитой у қадар кучли жамоа эмас. Сизнингча, гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг 2-тур учрашувида Ўзбекистоннинг нега омади келмади?

Вадим Абрамов: Нима учун бизга омад кулиб боққан-боқмагани ҳақида аниқ бир нарса дейишим қийин. Бу саволни, менимча, Бош мураббийга берган маъқул. Чунки улар турнирга тайёргарлик кўришган, шу боис ҳам, муаммолари нимада эканини яхшироқ билишса керак. Менинг бу ердан туриб, баҳо беришим қийин. Мен бу саволга жавоб бера олмайман.

Би-би-си: Сиз ўзингиз Ўзбекистон-Хитой учрашувини томоша қилдингизми?

Вадим Абрамов: Ҳа. Аммо фақат биринчи бўлимини. Иккинчи бўлимини томоша қилганим йўқ.

Би-би-си: Миллий терма жамоанинг ўшанда кўрсатган ўйини сизга ёқдими? Қониқиш ҳосил қилдингизми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Вадим Абрамов: Нима десам экан, худди шу сабаб туфайли ҳам, аслида, учрашувни охиригача томоша қилмадим. Чунки 1:0 ҳисобида олдинда боришаётганига қарамай, биринчи бўлимдаёқ, футболчиларнинг ўйини бироз сусайиб қолганди. Агар, ўша лаҳзалар хотирангизда бўлса, учрашувнинг дастлабки ўнинчи дақиқасидан кейин тўпга эгалик катта (78:22) фарқ билан Хитой томонида эди. Худди шу каби ўйин жараёнида мени ташвишга солган бошқа ҳолатлар ҳам бўлди. Шу боис, хафа бўлмаслик учун ўйинни охиригача кўрмай, туриб кетдим. Ҳисобни эса, учрашув ортидан сўраб, билдим.

Би-би-си: Вадим ака, бошқа томондан, Саудия Арабистонини енгиб, плей-офф босқичига чиққан тақдирда ҳам, Ўзбекистон ўзининг ашаддий рақиби Австралияга қарши тўп суриши эҳтимоли катта. Бўлди, шундан сўнг, ҳаммаси тамом бўлади, деб хулоса чиқариш қанчалик ўринли бўлади?

Вадим Абрамов: Йўқ, албатта. Агар, 2011 йилни назарда тутаётган бўлсангиз, ўшанда Австралиядан мағлубиятга учрашимиз, агар, таъбир жоиз бўлса, бир бахтсиз ҳодиса эди. Чунки биз австралияликлардан кучсиз эмасдик. Бошқа томондан, Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоасининг Австралияга қарши ўйини ундан аввалги ютқизиғимизнинг бир тасодиф бўлганини исботлаганди. Австралияни, барибир, енгишга муваффақ бўлгандик. Агар, уларни Олимпия терма жамоаси даражасида мағлуб эта олганимиз назарда тутилса, биз улардан қолишмаймиз. Бошқа томондан, Австралия миллий терма жамоаси шу пайтгача Осиё қитъаси миқёсидаги бирор бир нуфузли турнирда ғалаба қозона олмаган. Худди шунинг учун ҳам, бу хусусда бирор бир хулоса чиқаришга жуда эрта. Ҳозир, энг муҳими, гуруҳдан кейинги босқичга чиқиш.

Би-би-си: Аммо мезбон Австралия гуруҳ босқич саралаш беллашувларида Қувайт ва Қатарни йирик ҳисобда мағлубиятга учратди...Сизнингча, шунда ҳам, бу уларнинг кучига далолат қилмайди?

Вадим Абрамов: Йўқ, бу ҳали ҳеч нарсани англатмайди. Чунки ҳар бир ўйин индивидуал, алоҳида, бошқасига ўхшамайди. Чунки сиз майдонда ҳар бир рақибингиз имкон берган даражада ўйнайсиз. Футболнинг бор гўзаллиги ҳам, унда ўйин натижасини олдидан башорат қилиб бўлмаслиги ҳам худди ана шунда. Шунинг учун ҳам, натижаларга қараб, баҳо чиқариш ноўрин. Бунақа нарсаларга қарамаслик лозим. Учрашув куни ким тайёр бўлса, ўша ғалаба қозонади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи epa

16 январ куни поёнига етган гуруҳ босқич саралаш беллашувлари 2-тур учрашувлари ортидан, мезбон Австралия, Жанубий Корея, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон ва Япония муддатидан илгари плей-офф босқичига йўлланмани нақд қилишган.

Ўзбекистон тушган “В” гуруҳи ва “Д” гуруҳининг иккинчи чорак финалчилари 18 январ кунги якуний тур учрашувлари ортидан маълум бўлади.

9 январ куни Австралияда старт олган бу йилги Осиё Кубоги 31 январ куни якунланади.

Жорий пайтда тўрт карра Осиё чемпиони Япония амалдаги кубок соҳиби саналади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ