Осиё Кубоги 2015: Ўзбекистон чорак финалдан ортга қайтди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Шу дақиқаларда поёнига етган дастлабки чорак финал беллашуви ортидан, Жанубий Корея футбол бўйича бу йилги Осиё Кубогининг ярим финалига чиққан биринчи миллий терма жамоа бўлди.

Ўзбекистон эса, ўз тарихида учинчи бор Осиё Кубогининг чорак финалидан ортга қайтадиган бўлди.

Мельбурнда бўлиб ўтган ҳал қилувчи учрашувнинг асосий вақтида ҳисоб очилмади.

Фақат ғолибни аниқлаш учун берилган қўшимча вақтда дастлабки ярим финалчи аниқланди.

Қўшимча вақтдан унумли фойдаланишга муваффақ бўлган Жанубий Корея ўз тарихида ўнинчи бор Осиё Кубогининг ярим финалига чиқди.

Таъкидлаш жоиз, дастлабки чорак финал ҳар икки томоннинг ҳужумкор ўйинлари манзарасида кечди.

Ўзбекистон гуруҳ босқич саралаш беллашувларини иккита ғалаба ва битта мағлубият билан якунлаб, ўз тарихида кетма-кет тўртинчи бор Осиё Кубогининг чорак финалига чиққан ва турнирда муносиб ўйин кўрсатишни мақсад қилганди.

Миллий терма жамоа Қатарда бўлиб ўтган 2011 йилги Осиё Кубогида илк бор ярим финалга чиқишга муваффақ бўлган ва кубокда ўз тарихидаги энг яхши натижасини қайд этганди.

Яна бироздан сўнг мезбон Австралия ва Хитой иккинчи ярим финал йўлланмаси учун майдонга тушишади.

‘Бугуннинг саволи: Корея-Ўзбекистон, ким кучли?’ - превью ўрнида

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

2015 йилги Осиё Кубогининг дастлабки ярим финалчисини аниқлаб берувчи илк чорак финал учрашуви арафасида ўзбекистонлик футбол ишқибозларини худди шу савол ўйлантирган.

Ўзбекистондаги футболга ихтисослашган барча интернет нашрлари уларнинг юзлаб изоҳларига тўлиб-тошган.

Австралияда бўлиб ўтаётган бу йилги Осиё Кубогининг Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги биринчи чорак финал беллашуви эса, эртага 22 январ куни бўлиб ўтади.

Ҳар икки жамоа учун ҳаёт-мамот бўлган учрашув Мельбурн шаҳридаги расмий очилиш тантаналарига мезбонлик қилган “Rectangular” стадионида Тошкент вақти билан тушки 12:30 да бошланади.

‘Бугуннинг саволи: Корея-Ўзбекистон, ким кучли?’, - дея uff.uz интернет нашрида каттагина изоҳ қолдирган Banishevskiy ўз саволига: “Балки Кореядир, балки Ўзбекистон. Бунинг 22 январда умуман аҳамияти бўлмайди.Футболда доим ҳам кучли енгавермайди. Футболни ўйнай оладиган, ОМАДЛИ жамоа енгади”, - қабилида ўзи жавоб бериб қўя қолган.

“Мисол излаб узоққа бормаймиз. Австралия - Корея 0:1. Ким кучли эди ва кучлироқ ўйнади? Албатта, Австралия. Ким енгди? Корея. Мана бу - футбол мантиқи.Мантиқи дейиш ҳам тўғри эмас. Футбол ҳақиқати. Ҳақиқат эса, футболда доим ҳам мантиққа тўғри келавермайди. Ким шубҳаланса, келтирган мисолимга қайтсин”, - дея ўзбекистонлик бу футбол ишқибози ўз фикрларини асослашда давом этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

“Болаларнинг маҳорати бор. Миржалол Қосимов тўғри таркиб танласа, шу кунларда психологик тайёргарликни кучайтирса, Худо хоҳласа, ярим финалга чиқамиз”, - дейди у.

Худди шу интернет нашрида “Fall” номи остида ўз фикрлари билан ўртоқлашган бошқа бир футбол мухлиси эса, бунга тамом зид фикрда.

У, “Менимча, вазиятга реал қарасак, корейсларни ютолмаймиз. Уларда “класс” анча юқори. Кўпчилик "бор кучи билан ўйнаса ютамиз", дейишяпти. Лекин корейслар ҳам бор кучи билан ўйнайди. Ҳозир терма “кайфият” футбол кўрсатмокда. Стабил ўйин кўрсатишолмаяпти. Ҳечқиси йўқ. Шу таркиб, мураббий билан гуруҳдан чиққанимиз ҳам катта натижа бугунги кун футболимиз учун”, - деган қарашни изҳор этган.

Яна бошқасининг наздида, “Терма жамоа 22 чидаги ўйинда жисмоний жиҳатдан ютқизмаса бўлди. Қолганини амалласа бўлади. Терма жамоа футболчилари кучларини тенг тақсимлай олишни ҳам ўрганишлари керак”.

“Кечаги ўйинда шу нарсани анча ўзлаштирганлари кўзга ташланди, назаримда. Лекин барибир Жанубий Корея бу – Саудия Арабистони эмас!!!! Ҳушёр бўлишимиз керак, қўрқиш ҳам керакмас!!! Яхшигина шижоат ва истак бўлса, албатта, ютамиз!!!”, -дейди “Meksika 2011” номи остида изоҳ қолдирган бу футбол ишқибози.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўзбекистоннинг эртанги ҳал қилувчи учрашуви арафасида бунга ўхшаш интернет нашрларида йиғилиб қолган юзлаб изоҳларнинг мазмуни ҳам худди шу атрофида, бунга қўшимча Жанубий Кореяга қарши ўйинда қандай тактика қўллаш, қай бир футболчини ўйнатиш, майдоннинг қай бир чизиғига кўпроқ эътибор қаратишга оид маслаҳату тавсиялар ҳам озмунча эмас.

Ўнлаб футбол мухлислари эса, аллақачон “Жанубий Кореяни енгиб”, ярим финалда рақиблари ким бўлишини башорат қилишгача тушиб кетишган.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Жанубий Корея қитъанинг Осиё Кубогида катта тажрибага эга миллий терма жамоаларидан бири саналади.

Бу галгиси Жанубий Корея иштирок этаётган 16-Осиё Кубоги бўлади.

Ўзбекистоннинг эртанги рақиби икки карра Осиё чемпиони, кубок ўйинларининг уч карра кумуш ва тўрт карра бронза медали соҳиби саналади.

Эртанги икки рақиб Осиё Кубоги доирасида сўнгги бор бир-бирларига қарши 2011 йил Қатарда майдонга тушишган.

Учинчи ўрин учун бўлган курашда Ўзбекистон жанубий кореялик рақибларига 2:3 ҳисобида ўйинни бой берганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Жанубий Корея бу галги гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг барча учрашувларини ғалаба билан якунлаб, “А” гуруҳи пешқадами сифатида чорак финалга чиққан. Якуний тур учрашувида қитъанинг энг кучли жамоаларидан бири бўлган мезбон Австралияни 1:0 ҳисобида мағлуб этган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун эса, бу йилгиси ўз тарихидаги олтинчи Осиё Кубоги бўлади.

Гуруҳ босқич саралаш беллашувларини икки ғалаба ва бир мағлубият билан якунлаган жамоа Австралиядагиси билан кетма-кет тўртинчи бор Осиё Кубогининг чорак финалига чиққан.

Осиё Кубогидаги энг юксак натижасини эса, айнан Қатарда 2011 йилда қайд этган ва ўз тарихида илк бор турнирнинг ярим финалчисига айланган.

Агар, миллий терма жамоа вакилларининг сўзларига таянилса, бу галги турнирда ҳам муносиб ўйин кўрсатишни мақсад қилишган.

Худди шу манзарада Жанубий Корея ҳам Осиё чемпиони бўлиш ниятида эканини яшираётгани йўқ.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Футбол тили билан айтганда, биргина Бразилияда бўлиб ўтган 2014 йилги жаҳон чемпионати саралаш босқич беллашувлари мисолида ҳам бу икки миллий терма жамоа “ашаддий” рақиблар саналишади.

Сўнгги босқич саралаш беллашувларида сафарда айнан Жанубий Кореяга 0:1 ҳисобида бой берилган ўйин Ўзбекистон миллий терма жамоасига “қиммат”га тушган, якунида Осиё қитъасига ажратилган нақд тўртта йўлланмадан бирини қўлга киритиши масаласида ўз сўзини айтмай қолмаганди.

Агар, Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари ва ишқибозларнинг сўзларига таянилса, 22 январ кунги учрашув ана шу мағлубият учун “реванш” олишнинг бир имконияти бўлади.

Эртанги чорак финал учрашуви бу икки миллий терма жамоа учун ҳисоб бўйича ўзаро 13чиси бўлади.

Шу кунга қадар икковлон жаъми 12 бор бир-бирларига қарши майдонга тушишган, асосий устунлик эса, корейслар тарафида бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ