Австралия янги Осиё чемпиони, Тошкентдан муносабат

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бироз аввал поёнига етган финал учрашуви ортидан, мезбон Австралия футбол бўйича янги Осиё чемпиони бўлди.

Миллий терма жамоа ҳал қилувчи якуний учрашувда жанубий кореялик рақибларини 2:1 ҳисобида мағлуб этди.

Янги чемпионни фақат қўшимча вақт аниқлаб берди.

Бу - Австралиянинг ўз тарихида илк бор Осиё чемпиони бўлиши ва қитъа кубогига мезбонлик қилиши бўлади.

Бу йилги Осиё Кубогида Ўзбекистон ҳам чемпионлик учун кураш олиб борган, аммо бу гал чорак финалдан ортга қайтишга мажбур бўлганди.

Ғолиб Австралия Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Осиё футболидаги ашаддий рақибларидан бири бўлади.

Ўзбекистон 2011 йил Қатарда бўлиб ўтган сўнгги Осиё Кубогида айнан Австралияга енгилиб, ярим финалдан ортга қайтишга мажбур бўлган.

Шундай экан, мезбон Австралиянинг ғалабасига Ўзбекистон футбол аҳли нима дейди?

Би-би-си Ўзбек Хизмати финал учрашуви ортидан, худди шу савол билан Тошкентдан фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаевга боғланди:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Тарихча ўрнида

Бу - мезбон Австралия миллий терма жамоасининг ўз тарихида кетма-кет иккинчи бор Осиё Кубогининг финал учрашувида тўп суриши эди.

Жамоа Қатарда финал учрашувини япониялик рақибларига бой берган ва кубокнинг кумуш медали билан кифояланишга мажбур бўлганди.

Австралия бу йил ўз тупроғида Осиё чемпиони бўлиш ниятини ҳам аввалбошдан ошкора баён қилиб келаётганди.

Ўз навбатида, Жанубий Корея Осиё Кубогида катта тажрибага эга жамоа саналади.

Икки карра Осиё чемпиони. Австралия кумуш медали билан якунлаган Қатардаги сўнгги Осиё Кубогининг бронза медаллари соҳиби.

Бу йилги Осиё Кубогида бу икки миллий терма жамоа битта гуруҳда тўп суришган.

Жанубий Корея гуруҳ пешқадами сифатида чорак финалга чиққан.

Гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг якуний тур учрашувида Австралияни 1:0 ҳисобида мағлуб этганди.

Жанубий Корея ҳам турнир арафасида яна бир бор Осиё чемпиони бўлиш истагида эканини ҳеч кимдан сир тутмаган.

Аммо бу йилги финал учрашувидаги мағлубияти ортидан, жамоа ниятига эришиш учун кейинги Осиё Кубогини кутишига тўғри келади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ