Жанубий Кореялик рақибига 'мушт туширган' Тоҳирнинг тақдири нима бўлади?

Ўзбекистон Футбол Федерациясининг расман билдиришича, Ўзбекистон-Жанубий Корея учрашувида юз берган можародан хабардор ва бу борада тегишли чора кўради.

Бу ҳақда федерациянинг расмий 'Tвиттер' аккаунтида хабар берилган.

Ўзбекистон-Жанубий Корея ўртасидаги учрашув 1 феврал куни бўлиб ўтганди.

Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида жамоа ярим ҳимоячиси Тоҳир Шамситдинов жанубий кореялик рақибининг юзига бир неча бор мушт туширган ва бу хатти-ҳаракати учун 86-дақиқада қизил карточка билан майдондан четлатилганди.

Майдондаги бу воқеадан бир неча дақиқа аввал ўта қалтис хатти-ҳаракати учун бошқа бир ўзбекистонлик футболчи ҳам қизил карточка билан жазоланганди.

Жалолиддин Машариповнинг ўйин 2-бўлими ўрталарида тўпни қандай усулда оширгани Ғарбдаги футболга ихтисослашмаган айрим нашрларнинг ҳам эътиборини ўзига тортган, улар бунга "кунг-фу"ча тепиш, дея баҳо беришган.

Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси жанубий кореялик рақибларига 0:1 ҳисобида мағлуб бўлган ўйинда юз берган ушбу можаро тафсилотлари, ҳозирча, маълум эмас.

Расмий хабарларга кўра, Ўзбекистон Футбол Федерацияси бу хусусда Корея Футбол Уюшмаси билан телефон орқали сўзлашган:

"Ўзбекистон Футбол Федерацияси Терма жамоалар маркази ушбу масала юзасидан футболчи ва Ўзбекистон (U-22) мураббий штаби билан гаплашади ҳамда тегишли чоралар кўради".

Федерация вакилининг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, Тоҳир Шамситдиновнинг ўзи ҳалиям Таиландда, Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан бирга.

Унинг сўзларидан аён бўлишича, Жанубий Корея томонининг юз берган можаро юзасидан турнир ташкилий қўмитасига шикоят қилган-қилмаганлиги ҳам, ҳозирча, ўзларига қоронғу.

Суҳбатдошимизга кўра, худди шу боис ҳам, футболчига нисбатан ким томонидан, қандай жазо чораси кўрилиши ҳақида гапиришга ҳали эрта.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Расмий хабарларда айтилишича, Ўзбекистон Футбол Федерацияси ушбу можаронинг Корея Футбол Уюшмаси билан ўрнатилган яхши алоқаларга таъсир қилмаслиги учун зарур чора-тадбирларни кўради.

Жанубий Кореяга қарши ўйин Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Таиландда бўлиб ўтаётган бу йилги "Қироллик Кубоги" турниридаги илк учрашуви эди.

Шуҳрат Мақсудов Бош мураббийлигидаги терма жамоа мазкур турнирда яна мезбон Таиланд ва гондураслик рақибларига қарши тўп суради.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, ўтган яқин йиллар ичида ҳеч бир ёшдаги Ўзбекистон миллий терма жамоалари иштирокидаги ўйинларда бу каби можаро кузатилмаган.

Ўзбекистон Футбол Федерацияси эса, 2012 йилда ФИФАнинг "Холис ўйин учун"(Fair Play) совринини ҳам қўлга киритган.

Таиланддаги можаро куни-кеча Австралияда якунланган ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жанубий Кореядан мағлубиятга учраб, чорак финалдан ортга қайтишга мажбур бўлган Осиё Кубоги ортидан кузатилмоқда.

Агар, расмий хабарларга таянилса, Ўзбекистон ва Жанубий Кореянинг футбол бўйича катталар миллий терма жамоалари шу йил март ойининг охирида Сеулда халқаро ўртоқлик учрашуви ўтказишни ҳам режалашган.

Муносабат

Фото муаллифлик ҳуқуқи uff
Image caption Шуҳрат Мақсудов Бош мураббийлигидаги терма жамоа мазкур турнирда яна мезбон Таиланд ва гондураслик рақибларига қарши тўп суради

Ўзбекистон-Жанубий Корея учрашувида юз берган мазкур можаро ижтимоий мулоқот тармоқларида ҳам қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлган.

Ўзбекистондаги футбол ихтисослашган айрим интернет нашрлари эса, Олимпия миллий терма жамоаси икки аъзосининг хатти-ҳаракатлари акс этган видеолавҳани ҳам ўз саҳифаларида юклашган.

Айримлари "Тhe Mirror": Ўзбекистон U-22 термаси энг қўпол жамоа эканини исботлади" сарлавҳаси остида ушбу британ нашрида айни мавзуга бағишлаб, чоп этилган мақола шарҳини ҳам беришган.

Ўзбекзабон твиттерчилар хабарлари ва твитлари ёзилган вақтга назар ташласангиз, ушбу мавзу ўқувчида туни билан муҳокама қилингандек таассурот қолдиради.

Қолдирилган изоҳларни ўқиб, таҳлил қилган минтақадаги мухбиримизга кўра, мухлислар аввалига Тоҳир Шамситдиновни роса қоралашган.

Бундай ҳаракат Ўзбекистонга шарафига иснод келтиришини айтишган.

Ушбу видео YouTube ижтимоий тармоғига жойлаштирилгач, жанубий кореяликлардан инглиз тилида узр сўраган ўзбекистонликларнинг комментларини ҳам ўқиш мумкин эди, дейди мухбиримиз.

Футбол журналисти Хайрулла Холиқов футболчининг ушбу носпортча хатти-ҳаракатлари учун ёшлар терма жамоаси Бош мураббийи Шуҳрат Мақсудов ўзининг истеъфоси билан жавоб бериши керак, деб ёзган.

Мухбиримизга кўра, ўз фикрлари билан ўртоқлашган айрим ўзбекистонликлар эса, "Мақсудовнинг ўзиям шунақа ўйинчи бўлган. 1997даги БАА билан ўйин эсиздами? Мақсудов муҳим ўйинда рақибни уриб, қизил олган", деб ёзиб қолдиришган (@Shoakmal).

Танқид қилувчилардан баъзи бирлари Шамситдиновни бир умрга терма жамоа ўйинларидан четлатиш керак, деган таклифни илгари суришган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи uff.uz

Бу каби танқидлар манзарасида ўзбекистонлик бу икки футболчининг ёнини олган фикрлар ҳам кам эмас.

Иккинчи томон жаҳон футболида бунақа ҳолатлар учраб туриши ва сабаби аниқланмагунча, футболчига таъна тошлари отилмай турилиши кераклигини ёзган.

Футболчини ҳимоя қилаётган томоннинг ёзишича, Зидан, Суарес ва Пеле каби футболчилар фаолиятида шуунақа ҳолатлар бўлган, лекин улар бир умрга футболдан четлаштирилмаган.

"Нимага биз қаёқдиги ажнабийлани гапи учун ўзимизни қоракўзни сўкишимиз, ерга уришимиз керак? Шунақа ғурурсиз халқмизми-а???", дейди 'Tвиттер' фойдаланувчиларидан бири.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз: 44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ