Футбол: Ўзбекистонда йилнинг энг яхшилари аниқланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ўзбекистон Футбол Федерацияси Анжуманлар залида бўлиб ўтган расмий маросим ортидан, Одил Аҳмедов "Йилнинг энг яхши футболчиси", деб топилган.

Тошкентнинг "Пахтакор" клуби устози Самвел Бабаянга эса, "Йилнинг энг қойилмақом мураббийси" мақоми насиб этган.

Image caption Одил Аҳмедов учинчи бор Ўзбекистонда "Йилнинг энг яхши ўйинчиси", деб топилди

Бу - Одил Аҳмедовнинг ўз футболчилик карьераси давомида учинчи бор ушбу шарафга лойиқ, деб топилиши бўлади.

Одил Аҳмедов бундан аввал 2009 ва 2011 йилларда Ўзбекистонда "Йилнинг энг зўр ўйинчиси" мақомини қўлга киритган.

Ҳақли равишда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг энг сара ўйинчиларидан бири сифатида тан олинувчи футболчи жорий пайтда Россиянинг "Краснодар" клубида тўп суради.

Самвел Бабаян жаноблари эса, бу йил бир эмас, қўшалоқ мукофот соҳибига айланган.

"Йилнинг энг яхши мураббий"си бўлишдан ташқари, "Ўзбекистон чемпионатида ҳам мураббийлар орасида зўрларнинг зўри", деб топилган.

Ўзбекистонда 2014 йилнинг "Энг қойилмақом ҳаками" мақоми эса, беш карра Осиёнинг энг зўр ҳаками Равшан Эрматовга насиб этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Жаҳоннинг энг номдор ҳакамларидан бири бўлган Равшан Эрматов бундан аввал ҳам олти бор ушбу мукофотни қўлга киритган.

Эслатиб ўтиш жоиз, Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси ўтган йил Бразилияда бўлиб ўтган жаҳон биринчилигида ўзига хос рекорд ўрнатган.

Сўнгги икки биринчиликда ишлаган жаъми ўйинларининг сонини тўққизтага етказиб, жаҳон рекордини янгилаган.

"Насаф" жамоасининг ишонган тоғларидан бири Артур Геворкян эса, "Ўзбекистон чемпионатининг энг яхши тўпурари", деб тан олинган.

Ўзбекистонда "Йилнинг энг яхши аёл футболчиси" мақоми ҳам Қаршига, "Севинч" жамоасининг ўйинчиси Зебо Жўраевага кетган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

"Пахтакор" ярим ҳимоячиси Жамшид Искандеров эса, "Ўзбекистон чемпионатининг энг яхши футболчиси", деб топилган.

Йилнинг қолган "Энг яхшилари" рўйхати билан танишинг:

"Фейр-плей" соврини - "Олмалиқ" клуби

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

"Йилнинг энг яхши ёш футболчиси" - Ислом Кенжабоев (Навоий вилояти)

"Ўзбекистоннинг энг яхши ёш болалар мураббийи" - Темур Олимхўжаев

"Йилнинг энг яхши футзалчиси" - Артур Юнусов, Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, клублар ўртасидаги Осиё Чемпионати бронза медали соҳиби

"Йилнинг энг яхши лайнсмени" - Абдуҳамидулло Расулов, ФИФА рефериси ассистенти

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Жума кунги тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон футболини ривожлантириш йўлида қилган меҳнатлари учун бир қатор футбол фахрийлари ва арбоблари Ўзбекистон Футбол Федерацияси кўкрак нишони билан тақдирланишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон Футбол Федерацияси Анжуманлар залида бўлиб ўтган расмий тадбир чоғида 2014 йилги футбол мавсуми якунлари ҳам муҳокама этиб олинган.

Унда чиқиш қилган федерация президенти Мираброр Усмонов "келишилган ўйинлар ҳамон бор эканини тан олиб, уларга қарши жиддий курашилаётгани, бундай ўйинларга алоқадорлиги маълум бўлган шахслар футболдан бутунлай четлатилишини" маълум қилган.

Шунингдек, жаноб Усмонов футбол бўйича Ўзбекистон Олимпия терма жамоалари (аёллар ва эркаклар) олдига 2016 йил Бразилияда бўлиб ўтажак Ёзги Олимпиада Ўйинларига йўлланмани қўлга киритиш вазифаси қўйилганини билдирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ