Вадим Абрамов: ‘Инглиз клуби билан ҳамкорлик қизиқарли бўлади’

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси Бош мураббийи “Флитвуд Таун” клубининг ўзлари билан ҳамкорлик қилиш қарорига ана шундай муносабат билдирди.

Вадим Абрамовга кўра, бу каби ҳамкорлик ўзбек футболи учун ҳам фойдадан холи бўлмайди.

“Агар “Флитвуд Таун”нинг инглиз, яъни Оврўпо клуби экани назарда тутилса, биз, агар, таъбир жоиз бўлса, Оврўпога дарча очдик, десак бўлади”, - дейди “Локомотив” Бош мураббийи.

Вадим Абрамовнинг айтишича, “қўшма тадбирлар, яъни ўртоқлик учрашувлари, ўзаро тажриба айирбошлаш маънисида бу – ҳар томонлама қизиқарли ҳамкорлик бўлади”.

“Улар Ўзбекистон миллий чемпионатига ҳам бошқача кўз билан қарай бошлашлари тайин. Бу эса, ўзларини кўрсатган футболчиларимизнинг, ҳеч бўлмаганда, Англиядаги қандайдир йиғинлар ёки футбол тадбирларида иштирок этишлари учун янги имкониятлар эшигини очиши мумкин. Агар, ўзимда ҳам у ерга бориш имконияти пайдо бўлса, мураббий сифатида уларнинг тайёргарлик жараёнларига яқиндан назар ташлаш қизиқарли бўлади. Менимча, англиялик футбол мутахассислари учун ҳам бизнинг футболимизни кўриш қизиқ бўлса керак. Чунки ўзбек футболи ҳам кўп жиҳатдан инглиз футболидан қолишмайди”, - дейди Тошкентдан Бош мураббий.

Би-би-сига аён бўлишича эса, томонлар бу хусусда аллақачон бир келишувга эришишган.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон футболининг бу яқин тарихида бирор бир маҳаллий жамоа бу каби имкониятга эга бўлмаган.

Ҳамкорлик

Икковлоннинг ушбу ҳамкорлик доирасида ўзаро бизнес имкониятларини ривожлантириш ва ўзаро тажриба айирбошлаш истагида эканликлари айтилади.

Хабарларга кўра, бундан ташқари, “Флитвуд Таун” янги футбол мавсуми олдидан Ўзбекистонга сафар қилиши ҳам мумкин.

“Локомотив” жамоаси маркетинг бўйича менежери Даврон Азизовнинг сўзларидан аён бўлишича, клуб аввалбошдан ҳаммасига ўз кучи билан эришгани боис, уларни британ футболи учун бир намуна, деб билишади.

“Биз ҳам Ўзбекистон миллий чемпионатидаги иштирокимизни иккинчи лигадан бошлаганмиз. Ҳозир эса, Олий лигада ўзимизни кўрсатиш баробарида, Осиё Чемпионлар лигасида ҳам тўп сураяпмиз”, - деб айтган жаноб Азизов Би-би-сининг Ланкашир Радиосига берган суҳбатида.

“Локомотив” клуби маркетинг бўйича менежерининг сўзларидан аён бўлишича, “келажакда ёшлар футболини ривожлантириш йўлида ҳам яхши ҳамкорликни йўлга қўйиш учун бор саъй-ҳаракатларини ишга солишади”.

Инглиз клуби

“Флитвуд Таун”, бир йилдирки, Англия миллий чемпионатининг иккинчи дивизионида тўп суради.

Жамоанинг ушбу ютуғида “Флитвуд” президенти Энди Пилли молиявий дастагининг озмунча аҳамиятга эга бўлмагани ҳам айтилади.

Клубга 1908 йилда Ланкашир графлигининг Флитвуд шаҳрида асос солинган.

Хабарларга кўра, жамоа ҳозир ўзи учун барпо этаётган янги тайёргарлик комплексидан халқаро футбол академияси ҳам ўрин олади ва унда Ўзбекистон дохил бутун Марказий Осиёдан ёш футболчилар келиб, ўз малакаларини оширишлари мумкин бўлади.

Би-би-сига аён бўлишича, Тошкентга саёҳатлари давомида “Флитвуд” вакиллари Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Жорж Эдгар жаноблари қабулида ҳам бўлишади.

Агар, Ўзбекистондаги футболга ихтисослашган интернет нашрларининг хабарларига таянилса, “Локомотив” Буюк Британия узоқ йиллик футбол тарихига эга экани боис, ушбу мамлакат клуби билан ҳамкорликни йўлга қўйишга қарор қилишган.

“Флитвуд” қисқа вақт оралиғида юқори натижаларга эришгани туфайли, уларнинг келажак учун ишлаб чиққан режалари ўзлари учун қизиқ туюлган”.

Тошкент жамоаси

Фото муаллифлик ҳуқуқи lokomotiv.uz

2002 йилда асос солинган Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси Ўзбекистон Кубоги соҳиби саналади.

Сўнгги икки футбол мавсумида Ўзбекистон миллий чемпионатини кумуш медаллар билан якунлаган.

Жамоа пойтахт Тошкентда 8.000 томошабинга мўлжалланган “Локомотив” стадионига эга.

Ўзбекистон миллий чемпионатининг Олий лигасида тўп суради.

Жорий мавсумда 6 ўйиндан 14 очко тўплаган ҳолда Қаршининг "Насаф" жамоасидан кейин турнир жадвалида 2-ўринни эгаллаб турибди.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, бундан бир неча йил бурун “Бунёдкор” клуби Испаниянинг “Барселона” жамоаси билан Месси, Инъеста ва Пуйол каби қатор юлдуз футболчиларининг Тошкентга келиши, ўзаро иккита ўртоқлик учрашуви ўтказиш ва қалдирғочларнинг икки ҳафта мобайнида Испанияда янги футбол мавсумига тайёргарлик кўришларини кўзда тутувчи келишувга эришгани хабар берилганди.

“Бунёдкор”, бундан ташқари, орада катта пул эвазига бразилиялик Зико ва Сколари каби номдор мураббийлар, Ривальдога ўхшаш юлдуз футболчи билан шартнома имзолашга ҳам муваффақ бўлган.

Аммо 2010 йилнинг бошларида клубнинг асосий ҳомийларидан бири бўлган “Зеромакс” ширкати касодга учрайди ва “Бунёдкор” ҳам ўзининг дунё таснифидаги мураббию ўйинчилари билан хайрлашади.

Ўз ўрнида шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, ҳозир Ўзбекистоннинг бирор бир жамоасида жаҳон футболи юлдузи саналиши мумкин бўлган ўйинчи тўп сурмайди.

Орада Испаниянинг яна бир номдор жамоаси – “Реал” ҳам Ўзбекистонда ўзининг Марказий Осиёдаги илк футбол академиясини очишга қизиқиш билдирганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ