Футбол: Миржалол Қосимов истеъфо берди

Фото муаллифлик ҳуқуқи uff

Тошкентдан олинган расмий хабарларга кўра, Ўзбекистон Футбол Федерацияси миллий терма жамоа Бош мураббийсининг истеъфосини қабул қилган ва аллақачон унинг ўрнига Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси Бош мураббийси Самвел Бабаянни тайин этган.

Ўзбекистон Футбол Федерациясининг бу хусусдаги хабарида Бош мураббий истеъфоси сабаби тафсилотлари келтирилмаган.

Аммо Миржалол Қосимовнинг истеъфоси Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Осиёдан 2018 йилги жаҳон чемпионати иккинчи давра саралаш босқич беллашувларининг Шимолий Кореяга қарши 1-тур учрашувида қайд этилган йирик мағлубиятидан қисқа вақт ўтмай кузатилмоқда.

Учрашув шу йилнинг 16 июн куни Пхеньянда бўлиб ўтган ва ўзбекистонлик футболчиларнинг 4:2 ҳисобида мағлубияти билан якун топганди.

Дастлабки ўйинда қайд этилган бу каби натижа Ўзбекистон футбол аҳли орасида анчайин баҳсу мунозараларга сабаб бўлган, футболга ихтисослашган турли маҳаллий веб саҳифалар ва ижтимоий мулоқот тармоқларида миллий терма жамоа Бош мураббийси Миржалол Қосимовни истеъфога чақирувчи даъватларга ҳам сабаб бўлганди.

Эслатиб ўтиш жоиз, футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси, ҳалича, ўз тарихида жаҳон чемпионатига чиқа олган эмас.

Аммо жамоа айнан Миржалол Қосимов Бош мураббийлиги остида икки бор жаҳон биринчилиги гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг ҳал қилувчи плей-офф босқичига қадар кўтарилган, аммо ҳар икки гал ҳам йўлланмани қўлдан бой берган.

Миллий терма жамоанинг Осиё қитъасидан гуруҳ босқич саралаш беллашувларида қайд этган бу икки натижасидан энг сўнггиси Бразилияда бўлиб ўтган 2014 йилги жаҳон биринчилигига тўғри келган.

Футболчиларнинг аввалига якуний босқич саралаш беллашувлари ортидан фақат тўплар ҳисобидаги фарқ билан жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри чиқиш имконияти, бунинг изидан Иорданияга қарши дастлабки плей-офф босқичидаги мағлубияти ҳам ўзбекистонлик ишқибозлар орасида кескин акс-садоларга сабаб бўлган, ўша пайтда ҳам Миржалол Қосимовни истеъфо беришга даъват этувчи кўплаб чақириқлар янграганди.

Орада Тошкентдан Миржалол Қосимовнинг ўз истеъфосини сўрагани, аммо унинг аризалари Ўзбекистон Футбол Федерацияси томонидан қабул қилинмаганига оид хабарлар ҳам олинганди.

"Жаҳон чемпионатига чиқишни истаган эдик. Аммо вазифа бажарилмади. Барча айбни ўз бўйнимга олган ҳолда истеъфо сўрайман. Жамоага янги қон керак", деб айтганди Миржалол Қосимов, жумладан, бундан икки йил аввал берган аризасида.

Ўшанда Ўзбекистон Футбол Федерацияси вакили Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида "ҳамма нарса тарозида ўлчаниб, ҳозирча Миржалол Қосимовнинг терма жамоада қолиши энг яхши ва энг тўғри қарор экани тушуниб етилгач, унинг истеъфоси қабул қилинмаган"ини билдирганди.

Бунинг ортидан, Ўзбекистон миллий терма жамоаси шу йил бошида Австралия мезбонлик қилган Осиё Кубогига чиққан ва турнирнинг чорак финалидан ортга қайтганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи UFF

Расмий хабарларга кўра, Самвелл Бабаян тез орада “Пахтакор” жамоасидаги вазифасидан бўшаб, фақат Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан иш олиб боради.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё қитъасидан Россия мезбонлик қилувчи 2018 йилги жаҳон чемпионатига иккинчи давра гуруҳ босқич саралаш беллашувларини “Н” гуруҳида бошлаган ва кейинги босқичга чиқиш учун яна Филиппин, Баҳрайн ва Яманга қарши кураш олиб боради.

Жамоанинг навбатдаги учрашуви 3 сентябр куни яманлик рақибларига қарши режаланган.

Ҳозир дастлабки икки учрашувларини кетма-кет ғалаба билан бошлаган Шимолий Корея ва Филиппин Ўзбекистон тушган “Н” гуруҳида пешқадамлик қилиб туришибди.

Эслатиб ўтиш жоиз, жорий пайтда қитъанинг 40 миллий терма жамоаси саккиз гуруҳга бўлиниб жаҳон чемпионатига чиқиш учун ўз курашларини бошлаб юборишган бўлишса, улардан фақат гуруҳ етакчилари ва иккинчи давра беллашувларини энг яхши натижа билан иккинчи ўринда якунлаган тўртта жамоа кейинги босқичга чиқиш ҳуқуқини қўлга киритишади.

Миржалол Қосимовнинг кейинги фаолияти ҳақида, ҳозирча, расмий маълумотлар йўқ.

Би-би-си Ўзбек Хизматининг собиқ Бош мураббий билан боғланиш уринишлари ҳам, ҳалича, иш бермади.

Бош мураббий

Фото муаллифлик ҳуқуқи UFF

Миржалол Қосимов 2012 йил июн ойида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз майдонида Эронга қарши сўнгги босқич саралаш беллашувлари дастлабки учрашувини бой бериши ортидан, Вадим Абрамовнинг ўрнига иккинчи бор Бош мураббий этиб тайинланганди.

Ўз вақтида ҳақли равишда юлдуз футболчилардан бири деб тан олинган Миржалол Қосимов ўша пайтда баробарига Тошкентнинг "Бунёдкор" клубини ҳам бошқарган, аммо яқинда бор эътиборини миллий терма жамоага қаратиш изоҳи билан қалдирғочлар Бош мураббийлигидан кетганди.

Миржалол Қосимов дастлаб 2006 йилда Рауф Инилеев билан бирга миллий ва Олимпия терма жамоаларига ҳаммураббийлик қилишни бошлайди.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг сўнгги жаҳон чемпионати якуний босқич саралаш беллашувларидаги кетма-кет мағлубияти ортидан, 2008 йилда жамоага Бош мураббий этиб тайинланади.

Аммо йил ўтиб, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2011 йилги Осиё Кубоги саралаш босқич учрашувларидаги муваффақиятсизлиги сабаб, ўз вазифасини топширади.

Унинг ўрнига Вадим Абрамов Бош мураббий этиб тайинланади.

Вадим Абрамов унгача Тошкентнинг "Локомотив" клубига бошчилик қилиб келган.

Ўзининг порлоқ футболчилик карьераси давомида Миржалол Қосимов "Пахтакор", "Динамо" (Минск), "Алания" (Владикавказ) каби жамоаларда тўп суриш қаторида собиқ СССР Олимпия терма жамоаси аъзоси ҳам бўлган.

Россия чемпиони, уч бор "Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси" саналади.

12-Осиё Ўйинлари ғолиби, Ўсмирлар ўртасида жаҳон (1987) ва Оврўпо чемпиони (1988) бўлган.

Ўтган йил эса, Андижон вилоятида Миржалол Қосимов номида футбол мактаби ҳам очилганди.

Бу - Ўзбекистонда машҳур футболчи шарафига очилган илк мактаб бўлади.

Миржалол Қосимов 2012 йилда Ўзбекистонда "Йилнинг энг яхши мураббийи", деб тан олинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи UFF

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида эришган энг катта ютуғи эса, 1994 йилга тўғри келади.

Жамоа ўшанда Биродар Абдураимов ва Рустам Акрамовлар ҳаммураббийлиги остида Японияда бўлиб ўтган Осиё Ўйинлари ғолиби бўлганди.

Агар, айрим маълумотларга таянилса, 1994 йилдан буён Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийси қарийб 20 бор ўзгарган.

Орада жамоага бразилия, россия, олмония ва англиялик футбол мутахассислари ҳам мураббийлик қилишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ