Зепп Блаттер: ‘Мен истеъфо берганим йўқ’

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

79 ёшли Зепп Блаттер бу ҳақда Швейцариянинг “Blick” рўзномасига берган суҳбатида чоғида айтган.

“Мен ФИФА президентлигидан истеъфо берганим йўқ”, - деган у.

2 июн куни ФИФА тарихидаги энг йирик коррупцион можаро манзарасида қилган баёнотидан барча Зепп Блаттер ўзининг 17 йиллик бошқарувига чек қўйди, деган хаёлда эди.

Аммо, “Blick” рўзномасининг ёзишича, жаноб Блаттер ФИФА музейидаги базм чоғида бунинг ғирт тескарисини айтган.

“Мен истеъфо берганим йўқ. Фақат ўзим ва идорамни ФИФА конгресси қўлига топширдим”, - деб айтган у.

Бу эса, жаноб Блаттер ФИФА президентлиги учун сайловларга яна ўз номзодини илгари суриши мумкин, деган фикрларга етаклаган.

Аммо шу йил май ойида Зепп Блаттер бешинчи бор ФИФА президенти этиб сайланган ҳафтанинг ўзида ташкилотдаги коррупция ҳоллари билан алоқадорликда иккита тергов жараёни бошланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Президент этиб сайланишидан тўрт кун ўтиб эса, жаноб Блаттер, “ФИФА аъзоларининг ваколатини олдим. Аммо қолган футбол оламиникини қўлга киритмаганга ўхшайман”, - дея баён қилганди.

“Шу боис ҳам, мен ўз ваколатимни фавқулодда сайлов конгресси ихтиёрига ҳавола этишга қарор қилдим. Сайловларгача эса, мен ФИФА президенти сифатидаги фаолиятимни давом эттираман”, - деяркан, “истеъфо” ёки “истеъфога чиқмоқ” сўзларини қўлламаган.

Блаттер жанобларининг ҳозир Америка томонининг ҳам тергови остида экани айтилади.

Хабарларга кўра, айнан Америка ва Швейцарияда кечаётган қўшалоқ тергов жараёни сабаб, ФИФАнинг муваққат президенти футбол бўйича хотин-қизлар ўртасида Канадада бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионати финалига ҳам бора олмаслиги мумкин.

Одатда, бу каби турнирларда ғолиб миллий терма жамоага кубокни Зепп Блаттер жанобларининг ўзи топшириб келган.

Аммо, ҳозирча, ФИФА Канадага ким боришини расман маълум қилмаган.

“ФИФА президенти бўладими ёки Бош котиби, уларнинг бўлажак сафар режалари, ҳалича, ўз тасдиғини топмаган”, - деб айтган ташкилот сўзчиси.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ