ФИФА ҳомийлари Блаттернинг истеъфосини сўради

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Халқаро фуnбол федерациясининг йирик ҳомийлари Coca-Cola, McDonald's, Visa ва Budweiser Зепп Блаттерни ФИФА президентлигидан зудлик билан истеъфо беришга чақирди. Блаттер жаноблари ушбу чақириқларни рад этди.

Ширкатларга кўра, Блаттернинг федерация раҳбари сифатида қолаётган ҳар бир куни ташкилотнинг обрўйига катта зарба беради.

"Coca-Cola ширкати ФИФА президенти Зепп Блаттерни зудлик билан истеъфога чиқишга чақиради. Унинг кетиши федерациянинг қайта шаклланиши жараёнининг бошланишига олиб келади", - дейилади компания чиқарган баёнотда.

ФИФАга миллионлаб доллар маблағ ажратган ҳомийларнинг Блаттер истеъфосини очиқ ва ойдин талаб қилиши илк марта учрамоқда.

Блаттернинг америкалик адвокати томонидан эълон қилинган баёнотида 79 ёшли ФИФА президенти ушбу чақириққа рад жавобини берди.

ФИФАнинг аҳлоқ қўмитаси 26 сентябр куни Зепп Блаттер ва УЕФА раҳбари Мишел Платинига нисбатан суриштирув ишлари бошланганини маълум қилган. Блаттер жанобларини ФИФА манфаатларига зид шартнома имзолашда ва УЕФА президентига ноқонуний пул тўлаганликда гумон қилинмоқда.

Келаси йилнинг феврал ойида ўз лавозимидан кетадиган ФИФА президенти тергов ишларига қарамасдан ушбу муддатдан олдин истеъфо бермаслигини билдирган.

Шу йилнинг май ойида федерациянинг асосий ҳомийлари ташкилотнинг раҳбарияти аъзоларининг таъмагирлик, фирибгарлик ва пул ювиш айблари билан ҳибсга олингани муносабати билан жиддий хавотирини билдирган эди.

Coca-Cola ушбу можаро сабаб футбол бўйича жаҳон чемпионатга доғ тушганини айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio