ФИФАда бўҳрон: Блаттер, Платини ва Валке четлатилди

Блаттер ва Валке жаноблари 3 ой футбол билан шуғулланмайди Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Блаттер ва Валке жаноблари 3 ой футбол билан шуғулланмайди

Швейцариядан олинган хабарларга кўра, ФИФАнинг энг юқори мартабали уч раҳбари бир вақтнинг ўзида вазифасидан 3 ойга четлатилган. Сўнгги янгилик ФИФА тарихидаги коррупция билан боғлиқ энг йирик можаро манзарасида кузатилмоқда.

ФИФА президенти, вице-президенти ва бош котиби ташкилотнинг интизом қўмитаси томонидан коррупцияга оид гумонлар юзасидан тергов остида.

Хабарларга кўра, шунингдек, ФИФАнинг собиқ вице-президенти Чунг Монг Жунг ҳам футболдаги фаолиятидан 6 йилга четлатилган ва 100 минг Швейцария франки миқдорида жаримага тортилган.

Бу хусусдаги расмий баёнотда айтилишича, ФИФА раҳбарларини вақтинчалик вазифасидан четлатиш қарорига улар устидан бораётган тергов жараёни асос бўлган.

Сўнгги янгилик тафсилотларидан аён бўлишича, учовлон 90 кун мобайнида футбол фаолиятидан буткул четда туришади.

Аммо улар бирор бир қинғир ишга қўл уришмаганини таъкидлашган.

Ўтган ой охирида Швейцарияда ФИФА президенти Зепп Блаттерга қарши расман жиноий иш очилган. Бундан аввал унинг устидан Америкада ҳам тергов жараёнлари бораётгани хабар берилганди.

Шу йилнинг май ойида Зепп Блаттер бешинчи бор ФИФА президенти этиб сайланган. Бироқ орадан бир неча кун ўтиб, коррупцияга оид даъволар манзарасида истеъфога чиқишини эълон қилган эди.

Амалдаги ФИФА президентининг ваколатига оид сўнгги қарор халқаро ташкилотнинг келаси йил 26 февралга мўлжалланган йиллик конгресси чоғида маълум бўлади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio