FIFA:Зеп Блаттер ва Мишел Платини футболдан четлаштирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Платини ва Блаттер саккиз йил футболга яқинлашмайди

ФИФА президенти Зеп Блаттер ва УЕФА раҳбари Мишел Платини барча футболга алоқадор фаолиятдан саккиз йилга четлаштирилди.

Иккала раҳбар устидан интизом тергови ўтказилганди.

Икковлон 2011 йил Платинига 2 миллион доллар “ўғринча тўлов” берилишига доир қонунбузарликда айбдор деб топилган.

Платини ва Блаттер қонунбузарлик ҳақидаги айбловларни рад этишади.

Уларга ўрнатилган тақиқ кучга кирган.

ФИФА раҳбари Блаттер 79 ёшда ва 1998 йилдан бери айни лавозимда ишлайди.

У келаси йил феврал ойида президентлик сайлови вақти истеъфо беришини айтганди.

Платини 60 ёшда ва муқаддам у Блаттернинг ўрнига келадиган номзод сифатида кўрилганди.

У 2007 йилдан бери УЕФАни бошқариб келаётганди.

Иккала раҳбар ҳам жаримага тортилган.

Блаттер 40 минг доллар, Платини эса 80 минг доллар тўлаши керак.

Блаттер ва Платини интизомга хилоф равишда “ўғринча тўлов”ларни қабул қилишда айбдор деб топилишди.

Икковлон бу тўловлар ноқонуний бўлмаганини айтишган.

1998 йилдан 2002 йилга қадар Платини Блаттернинг техник масалаларда маслаҳатчиси бўлиб ишлаган.

Бу тўловлар Платини билан шартномада кўрсатилмаган, аммо икковлон улар ўртасида оғзаки келишув бўлганини айтишган.

Оғзаки келишув эса Швецария қонунларига зид эмас.

Уларга қўйилган айбловлар қаторида ёлғон ҳисобот бериш ва ҳамкорликдан бўйин товлаш ҳам бор.

Тергов 50 варақдан кўпроқ қоғозда жам бўлгани айтилади.

ФИФАга ким раҳбар бўлади?

Президент сайлови 26 февралга белгилангандир.

Номзодлар:• Осиё футболи раҳбари Баҳрайндан Шайх Салмон бин Иброҳим ал Халифа• Жанубий Африкалик сиёсат арбоби ва бизнесмен Токио Сексвэйл• ФИФАнинг собиқ президент ўринбосари Иордания шаҳзодаси Али бин Ҳусайн• УЕФА Бош котиби Жианни Инфантино• ФИФАнинг собиқ Бош котиби ёрдамчиси Жером Шампейн

Бундан уч йил аввал орқама кейин Блаттер ва Платини Ўзбекистонга сафар қилган эди.

ФИФА Президенти Зепп Блаттер Ўзбекистон раҳбари билан учрашуви ортидан Ислом Каримовдек футболсевар давлат раҳбарини кўрмаганлигини айтган эди.

"Ислом Каримовдек футболни севадиган, унинг каби футболни замонавий тенденция ва таҳлил асосида биладиган давлат раҳбарини кўрмаганман. У ҳақиқий футболсевар ва айтишим керакки, миллий футбол ривожини ўйлайдиган инсон", деб айтганди ФИФА раҳбари.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ