Бунақаси бўлмаган: Қозоғистон Бош мураббийни сайламоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Футбол бўйича миллий терма жамоа Бош мураббийсини очиқ овоз бериш йўли билан демократик тарзда сайлаш, ҳатто, халқаро футбол тажрибасида ҳам камдан-кам учровчи воқеълик саналади.

Расмий хабарларга кўра, бу каби қадамга Қозоғистон Футбол Федерациясининг ўзи борган.

Очиқ овоз беришлар бундан икки ҳафта бурун федерациянинг расмий веб саҳифасида йўлга қўйилган.

Аён бўлишича, овоз беришлар икки босқичдан иборат бўлади.

Биринчи босқичда қозоғистонликлар ўз миллий терма жамоаларини маҳаллий ёки хорижий мураббий бошқариши керакми-йўқлиги юзасидан овоз беришади.

Аммо ўз танловини айтиши учун бўлажак “сайловчи” Қозоғистон Футбол Федерацияси веб саҳифасида расман қайддан ўтиши шарт бўлади.

Қозоғистонлик футбол мулозимларига кўра, бу жараён жуда оддий бўлиб, овоз бериш истагида бўлган фуқароларининг бор-йўғи бир неча дақиқа вақтларини олади, холос.

Овоз беришларнинг иккинчи босқичи эса, сўзсиз, биринчисининг натижасига боғлиқ бўлади.

Яъни, бунинг учун шу йилнинг 15 январига қадар биринчи шарт бўйича овоз берганларнинг сони 50.000 кишидан ортиши лозим бўлади.

Шундай бўлиб чиққан тақдирда эса, овоз беришларнинг иккинчи босқичи йўлга қўйилади ва “сайловчилар” федерация томонидан тақдим этилган рўйхатдаги номзодлар орасидан ўзларига ёққанини танлаб олишади.

Бу ҳақда Қозоғистон Футбол Федерациясининг матбуот котиби Дмитрий Нестеренко “Ассошиэйтед Пресс” ахборот агентлигига билдирган.

Унинг сўзларидан аён бўлишича, футбол бўйича Қозоғистон миллий терма жамоасига Бош мураббийликка номзодларнинг барчаси “қўл етар” бўлиб, ораларида жаҳонга донғи кетган номдорлари бўлмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

“Дейлик, Жозе Моуриньо кабилар”, - деган Қозоғистон Футбол Федерацияси матбуот котиби.

Россиялик миллиардер Роман Абрамовичнинг бойвачча мовийлари – Лондоннинг “Челси” жамоаси эса, яқинда португалиялик номдор Бош мураббийсининг баҳридан кечишга қарор қилганди.

Бунга эса, амалдаги Англия чемпиони бўлган жамоанинг бу йилги футбол ўйинида кўрсатаётган ҳаминқадар ўйини сабаб бўлганди.

Аммо...

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Қозоғистондан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, қанчалик демократик бўлиб, футбол бўйича миллий терма жамоага Бош мураббийни сайлашни ўзларига қўйиб беришганига қарамай, овоз берувчиларнинг иштироклари ҳаминқадар бўлган.

Дейлик, шу ҳафта душанба куни якунига қадар, “сайловчилар”нинг жаъми сони, ҳатто, 5 фоизга ҳам етмаган.

Бу каби ҳолат эса, биринчи босқич “сайлов”ларнинг тугашига бор-йўғи тўрт кун қолган бир манзарада кузатилган.

Аммо, шунда ҳам, бериб бўлинган овозлардан қозоғистонликларнинг хорижлик мураббий тарафдори эканликлари маълум бўлган.

Агар, рақамларга таянилса, 836 нафар киши маҳаллий мураббийни ёқлаб овоз берган бўлса, ўз раъйини хорижлик мутахассисга берганларининг сони бундан икки баробар кўп бўлган.

Мавжуд ҳолатдан, ҳатто, Қозоғистон Футбол Федерацияси матбуот котиби ҳам ўз ҳайратларини изҳор қилган.

“Қозоғистонда футбол оммабоп. Одамлар ўйинларга боришади, томоша қилишади. Лекин нима учун овоз беришмаётганларига ҳайронман”, - деб айтган Дмитрий Нестеренко.

Бошқа томондан, сайловлар очиқ ва федерация веб саҳифасида расман қайддан ўтган истаган киши овоз беришга ҳақли экани боис, унда бошқа давлат фуқаролари ҳам иштирок этишлари мумкинлиги эҳтимоли сақланиб қолган.

Жорий футбол мавсуми эса, Қозоғистон учун анчайин омадли келган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Дейлик, “Астана” Оврўпо Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқич саралаш беллашувларида тўп суриб, ўз майдонида ўтказган ўйинларининг бирортасини бой бермаган илк қозоқ футбол жамоасига айланган.

Аммо, шунда ҳам, бу омад футбол бўйича Қозоғистон миллий терма жамоасини четлаб ўтган.

Жамоа футбол бўйича бу йилги Оврўпо чемпионатига чиқа олмаган, ўнта саралаш босқич беллашувларидан фақат биттасида қўли баланд келган, холос.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, футбол бўйича Қозоғистон миллий терма жамоасининг сўнгги тўрт Бош мураббийининг барчаси хорижлик бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ