Жанни Инфантино ФИФА янги президенти

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

ФИФА учун тарихийси бўлиши айтилган жума кунги президентлик сайловларида УЕФА собиқ Бош котиби ғалаба қозонди.

Зепп Блаттернинг президентлик курсиси учун расман жаъми 5 номзод беллашишлари кутилганди.

Аммо овоз беришлар арафасида ФИФА маслаҳатчиси, жанубий африкалик бизнесмен Токио Сехвали ўз ихтиёри билан номзодини қайтариб олишини эълон қилди.

Қолган тўрт номзод: Осиё Футбол Конфедерацияси Президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа, ФИФА собиқ вице-президенти, Иордания шаҳзодаси Али, собиқ ФИФА расмийси Жером Шампэйн ва УЕФА собиқ Бош котиби Жанни Инфантино учун ФИФАга аъзо 207 давлатдан келган вакиллар овоз беришди.

Қувайт ва Индонезиянинг эса, жорий сайловларда иштирок этишлари маън этилганди.

Жанни Инфантино энг кўп овоз (88 та) тўплаган биринчи босқич сайловлари мутлақ ғолибни аниқлаб беролмади.

Чунки бунинг учун вакиллар овозларининг учдан икки қисмининг қўлга киритилиши тақозо этиларди.

Бунинг ортидан, сайловлар ФИФА тарихида 1974 йилдан буён илк бор ўзининг иккинчи босқичига кирди.

Бу босқичда эса, УЕФА собиқ Бош котиби 207 вакилдан 115 тасининг овозини олишга муваффақ бўлди.

Сайлов шартларига мувофиқ, бу босқичда энг кўп овоз олган номзод мутлақ ғолиб бўлиши кўзда тутилган.

Тошкентдан олинган хабарларга кўра, ФИФА президентлиги сайловлари, неча ҳафтадирки, Ўзбекистон футбол аҳли ва барча футболга ихтисослашган нашрларнинг диққат-марказида бўлган.

Ҳозир 79 ёшда бўлган жаноб Блаттер ФИФАни қарийб чорак асрдан буён бошқариб келаётганди.

Аммо халқаро федерация тарихида кузатилмаган коррупция билан боғлиқ йирик можаро манзарасида у ўтган йил охирида футбол билан алоқадор барча фаолиятлардан саккиз йилга четлаштирилганди.

Орада жаноб Блаттер мавжуд вазиятга қарамай, сайловларда иштирок этиш ниятида эканини бир эмас, бир неча бор баён ҳам қилганди.

Аммо, алал-оқибат, ФИФА президентлиги учун беллашаётган жаъми 5 нафар якуний номзод орасидан жой ололмаганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Яширин овоз беришлар Гринвич вақти билан тушки соат 12:00 да Швейцариянинг Цюрих шаҳрида бошланганди.

Ўзбекистон ҳам Халқаро Футбол Уюшмалари Федерациясига аъзо давлатлардан бири саналади.

Тошкентдан олинган хабарларга кўра, Цюрихдаги ФИФА конгресси ва овоз бериш жараёнида Ўзбекистонни футбол федерацияси вице-президенти Сардор Раҳматуллаев намоён этган.

Ўзбекистон футбол аҳли орасида эса, беш номзоддан энг кўп қизиқишга сабаб бўлаётгани Осиё Футбол Конфедерацияси Президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа жаноблари экан.

Аммо Шайх Салмон жаноблари ҳар икки босқич сайловларда ҳам тўплаган овозларининг сони бўйича Жанни Инфантинодан кейин иккинчи ўринда келди.

Биринчи босқич овоз беришларда 88 та ва иккинчиси Инфатино жанобларидан 27 та кам раъй олди.

45 ёшли Жанни Инфантино Россиянинг кучли дастагига эга номзодлардан бири сифатида кўрилади.

Футбол бўйича жаҳон чемпионати якуний босқичида тўп сурувчи миллий терма жамоалар сонини 40 тагача ошириш таклифи билан танилган.

Аммо унинг бу тавсияси қолган икки номзод: Шайх Салмон ва Жером Шампэйнларнинг кескин танқидига учраган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

ФИФА президентлигига сайловларнинг мавжуд тартиб-қоидаларига мувофиқ, биринчи босқичдаёқ ғалаба қозонишни истаган номзод овозларнинг учдан икки қисмини қўлга киритиши шарт бўлади.

Акс-ҳолда, навбатдаги босқич сайловларига ўтилади ва унда номзодларнинг ғолиб чиқиш учун энг кўп овоз тўплашлари тақозо этилади.

Шунда ҳам янги ФИФА президентининг ким бўлиши ноаниқ қолса, якуний – учинчи босқич овоз беришлари йўлга қўйилади.

Унда иккинчи босқич сайловларида энг кам овоз олган номзод иштирок эта олмайди.

ФИФА эса, ягона ғолибнинг шу бугун жума кунининг ўзида эълон қилиниши шартлигини баён қилганди.

Халқаро ташкилотга кўра, бугун ярим тунда “Hallenstadion” муз катогига айлантирилиши боис, бундан бошқа чоралари йўқ бўлган.

Хабарларга кўра, ФИФА президентлик сайловларини ортга сурмаслик ва ҳар қандай эҳтимолга қарши тайёр туриш мақсадида ўз қароргоҳиниҳам овоз беришларга мослаштирган.

Бу ишларга, ҳатто, ярим миллиард доллардан ортиқ пул сарфлаган.

Коррупция билан боғлиқ йирик машмашалар атрофида бугунги президентлик сайловлари ФИФА учун ниҳоятда муҳим воқеълик сифатида баҳоланмоқда.

Чунки халқаро ташкилот шаффоф эмаслик ва коррупцияга қарши самарали кураша олмасликка оид кескин танқидлар остида қолиб кетган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

ФИФА ижроий раҳбари, Африка Футбол Федерацияси Президенти Исса Хаятунинг айтишича, бугун – жума куни халқаро уюшма учун “янги тонг” бўлади.

“Бу – биз учун ФИФАнинг қудратини ошириш йўлида барчамизнинг баҳамжиҳат эканимизни кўрсатишнинг энг яхши имкониятидир”, - деб айтган Хаяту жаноблари.

ФИФАнинг Цюрихда бўлиб ўтган навбатдан ташқари конгрессида ташкилотни ислоҳ этишга қаратилган тўплам радикал чоралар ҳам қабул қилинган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ