Бокс: Лукас Браун янги жаҳон чемпиони

Ўзбекистонлик таниқли боксчи профессионал бокснинг WBA таснифида энг оғир вазн тоифасида жаҳон чемпионлиги камарини австралиялик рақибига бой берди.

Бироз аввал Чеченистон пойтахти Грознийда бўлиб ўтган жангнинг тақдирини 10-раунд охирларида австралиялик Лукас Браун Руслан Чагаевга берган кутилмаган зарба ҳал қилди.

Руслан Чагаев жангни давом этдиришга қодир эканини айтса-да, ҳакам уни тўхтатишга қарор қилди.

Бунгача бўлган қолган барча раундлар эса, ўзбекистонлик номдор боксчининг яққол устунлиги остида ўтганди.

Руслан Чагаев изчил ва шиддатли бокс намойиш этиб, залга йиғилган аксариятнинг олқишларига ҳам сазовор бўлаётганди.

Шу боис, жангни шарҳлаётган россиялик спорт шарҳловчилари ҳам бир овоздан Русланнинг ғалабасини башорат қилишаётганди.

Руслан Чагаев 6-раундда чап қўли билан кучли зарба бериб, австралиялик рақибини нокдаун этишга ҳам муваффақ бўлганди.

Орада австралиялик боксчининг қошини ҳам ёриб юборганди.

Бир неча йилдан буён Грознийдаги амалдаги Чеченистон президенти отаси марҳум Аҳмат Ҳожи Қодиров номидаги бокс клубини намоён этиб келаётган Руслан жангга Ўзбекистон байроғи остида тушди.

Ўзбекистон мадҳиясини эса, жанг олдидан Рамзан Қодиров “Руслан Чагаевни дастаклаш учун Чеченистонга учиб келгани" ва боксчи учун "сюрприз экани"ни айтган ўзбекистонлик таниқли хонанда Юлдуз Усмонова рингнинг ўзида туриб жонли куйлади.

Давлат мадҳияси ижро этиларкан, “Колизей” спорт аренасининг ринг тикилган саҳни атрофини Ўзбекистон байроқлари тутиб турди.

Залга йиғилган томошабинлар орасида ўзбекистонлик ишқибозларни ҳам кўриш мумкин эди.

Эслатиб ўтиш жоиз, кеча жума куни бўлиб ўтган боксчиларнинг тантанали вазн ўлчаш маросимини ҳам Юлдуз Усмонова “Адойинг бўлай сенинг, Ўзбекистон” қўшиғи билан очиб бергани маълум бўлганди.

Ушбу тасвирлар акс этган бир неча сониялик видеолавҳани шахсан Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров ўзининг ‘Instagram’ даги шахсий аккаунтига жойлаганди.

Профессионал бокснинг WBA таснифида энг оғир вазн тоифасида жаҳон чемпионлиги камари учун жангни америкалик номдор конферансье Майкл Баффер очиб берди.

Бу – Русланнинг ўз профессионал карьерасида иккинчи бор қўлга киритган жаҳон чемпионлиги камарини иккинчи бор ҳимоя этиш учун рингга тушиши эди.

Руслан Чагаев ўз жаҳон чемпионлиги камарини илк бор ўтган йилнинг июл ойида муваффақиятли ҳимоя қилганди.

Ўзбекистонлик таниқли боксчи Олмонияда бўлиб ўтган жангида италиялик рақиби Франческо Пьянетани биринчи раунддаёқ мағлубиятга учратганди.

Жаҳон чемпионлиги камари учун жанг маҳаллий вақт билан ярим тундан сал ўтиб бошланганди.

“Аҳмат” бокс кечасининг икки рақиб ўртасидаги якуний учрашувига қадар аксарияти Чеченистоннинг Аҳмат Ҳожи Қодиров номидаги клуби вакиллари иштирокида 12 та жанг бўлиб ўтди.

Руслан Чагаевдан ташқари бу кечада мазкур бокс клубини яна бир асли ўзбекистонлик боксчи намоён этгани маълум бўлди.

Беҳзод Набиевнинг -67.7 кг ча бўлган вазн тоифасида ғалаба қозонгани ҳақида шахсан Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг ўзи ‘Instagram’ даги аккаунтида хабар берди.

Кутилмаган мағлубияти ортидан рингда сўз олган Руслан Чагаев эса, барча мухлисларидан узр сўради.

Жангни давом этдиришга қодир ва ўз аҳдида қатъий бўлганига қарамай, ҳакам бунга изн бермаганлигини таъкидлади.

Номдор боксчи ҳакамга берган қарори ортидан ҳам бир неча бор ўз норозилигини изҳор этишга уринганди.

Рингда олган сўнгги сўзида ҳам Руслан Чагаевнинг оҳангида ҳакамнинг қароридан норозилик оҳанги яққол сезилиб турарди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ