ЖЧ-2018: Ўзбекистон кейинги босқичга йўлланмани нақд қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи UFF

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Баҳрайнга қарши иккинчи давра гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг якуний учрашувини ҳам ғалаба билан якунлади.

Миллий терма жамоа Тошкентда бўлиб ўтган ўйинда баҳрайнлик рақибларини 1:0 ҳисобида мағлуб этди.

Гуруҳдаги якуний учрашув тақдирини ҳал қилган ва 2-бўлимнинг 49-дақиқасида киритилган тўпни Сардор Рашидов ўз ҳисобига ёзди.

Жамоа 24 март куни Филиппинга қарши ўйинида ҳам худди шу каби натижани қайд этган ва унда Анзур Исмоилов учрашув қаҳрамонига айланганди.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Филиппинга қарши ўйинига қадар "Н" гуруҳи пешқадами бўлиб турган Шимолий Корея эса, айнан Филиппинга қарши якуний учрашувини 3:2 ҳисобида бой берди.

Жамоа Тошкентдаги учрашувдан бироз аввал якунланган сўнгги ўйини ортидан жаъми 16 очко тўплаган ҳолда гуруҳда 2-ўринни эгаллади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса, 8 ўйиндан 21 очко жамғаришга муваффақ бўлди ва гуруҳ пешқадами сифатида учинчи босқич саралаш беллашувларига йўл олди.

Эслатиб ўтиш жоиз, жамоа ўтган йил октябр ойида сафарда ўтказган дастлабки учрашувида Баҳрайнни ўз майдонида 0:4 ҳисобида енгишга муваффақ бўлганди.

Футбол бўйича жаҳон чемпионати Осиё қитъаси саралаш беллашувлари тартиб-қоидаларига мувофиқ, жорий босқичда ўз гуруҳида биринчи ўринни эгаллаган жаъми 8 миллий терма жамоа ва энг яхши натижа қайд этган тўртта миллий терма жамоа бу каби шарафга нойил бўлади, холос.

Фото муаллифлик ҳуқуқи UFF

Бу 12 миллий терма жамоа иштирокидаги учинчи босқич саралаш беллашувлари жорий йилнинг август ойида бошланади ва 2017 йилнинг сентябрига қадар давом этади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бразилия мезбонлик қилган 2014 йилги жаҳон биринчилиги Осиё қитъаси саралаш босқич беллашувларининг дастлабки плей-офф босқичига қадар кўтарилишга муваффақ бўлган.

Аммо ҳар икки ўйин натижасига мувофиқ, жаҳон чемпионатига яримта йўлланма тақдирини ҳал қилган учрашувни Иорданияга бой берганди.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон миллий терма жамоасига шу пайтга қадар жаҳон чемпионатининг якуний босқич беллашувларига чиқиш насиб этмаган.

Жорий босқичда қитъанинг жаъми 40 миллий терма жамоаси 8 гуруҳга бўлиниб, кейинги босқичга чиқиш учун кураш олиб боришмоқда.

Ўзбекистондан ташқари, гуруҳдаги жаъми учрашувлари ортидан ёки муддатидан илгари яна Саудия Арабистони, Жанубий Корея, Сурия, Япония, Эрон, Қатар, Хитой ва Австралия учинчи босқич саралаш беллашувларига чиқишга муваффақ бўлишган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси "Н" гуруҳидаги аксарият учрашувларини янги Бош мураббийси Самвелл Бабаян бошчилиги остида ўтказди.

2018 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатига Россия мезбонлик қилади.

Бу - Россиянинг жаҳон футбол оламининг энг нуфузли беллашувини илк бор ўзида қабул қилишидир.

Бошқа томондан, шу пайтгача бирор бир собиқ Шўро давлати бу каби шарафга нойил бўлмаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/
  • bbcuzbekInstagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ