Ана сизга: Месси Мисрда ‘гап бўлди’

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Хабарларга кўра, ҳаммасига жаҳон футбол юлдузининг мисрликларга хайрия қилган бир жуфт бутсиси сабаб бўлган.

Ўз бутсисини MBC нинг “Misr Channel" телевизион канали “Yes I am Famous" шоуси олиб борувчиси қўлига топшираркан, Аргентина ва “Барселона” (Испания) юлдузининг ўзи яна бир бор “интернет қаҳрамони”га айланишини хаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак.

Агар, шу кунларда мисрликларнинг турли ижтимоий мулоқот тармоқларини “тўлдирган” изоҳларига назар ташланса, Лионель Месси ўзининг ҳадяси билан уларнинг кўнгилларини оғритиб қўйибди.

Месси, “Кимошди савдосига қўйиб, тушган пулини хайрия мақсадларига сарфларсизлар”, деб берган бутсисини улар ўзларига нисбатан ҳақорат сифатида қабул қилишибди.

Афтидан, бутсисини ҳадя қиларкан, жаҳон футболи юлдузи бир маданий факторни – яъни, араб дунёсида оёқ кийими ҳурматсизлик рамзи саналишини назардан қочирган кўринади.

Айрим мисрликлар эса, буни худди шундай қабул қилишади ва кўнгилларидан кечган барча ҳис-туйғуларини турли ижтимоий мулоқот тармоқларига тўкиб солишади.

“Бунга чидаб бўлмайди. Унга минглаб доллар ҳақ тўлашади ва келиб, келиб бизга ўзининг оёқ кийимини хайрия қилиб ўтирибди. Олиб борувчининг ҳам ақли қаердаки, унинг ана шу эҳсонига хурсанд бўлиб ўтирибди”, - деб твит қилган @Sala77ar7ash.

@sulimanahmad670 ҳам ўз кечинмалари билан “Твиттер”да ўртоқлашган.

"Мисрнинг номи Мессининг бутсисидан кўра буюкроқ. Бу – Мисрга нисбатан катта ҳақорат”, - деб твит қилган @sulimanahmad670.

Араб маданиятида, айниқса, пойафзалингизнинг тагчармини кўрсатиш мумкин эмас. Бу – жудаям дилозорлик саналади.

Журналист Мунтазир аз-Зайдий 2008 йил Бағдодга қилган сафари чоғида ироқлик АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Жорж Бушга ўз оёқ кийимини ирғитгани хотирангизда бўлса керак.

Ерга теккани ва тананинг қуйи қисми бўлган оёққа кийиладигани боис, пойафзал ифлослик рамзи сифатида кўрилиши мумкин.

Лионель Мессининг эҳсони оддий мисрликлар қолиб, айрим парламент вакилларининг ҳам эътиборидан четда қолмаган.

Кўнгли ниҳоятда оғриган шекилли, улардан бири бўлган Саид Ҳасасин “Ал-Асимаҳ” хусусий телевизион каналининг ўзи бошловчилик қилувчи “Инфирад” дастурида шартта оёғидан туфлисини ечиб, экранлар орқали уни Мессига ҳадя қилажагини айтиш даражасигача борган.

Ҳатто, Миср мухолифати ҳам мавжуд воқеъликни назардан қочирмаган.

Ундан амалдаги ҳукуматни танқидга тутишнинг қулай имконияти сифатида фойдаланиб қолган.

Бунинг нафақат Миср учун ҳақорат, балки-да амалдаги президент ас-Сисий ҳукумати учун ҳам уятли ҳолат эканини айтган.

"Messi's_shoes_to_AlSisi's_people" (таржимада) хэштеги эса, 15000 маротабадан кўпроқ қўлланган.

Аммо бу ҳодисага президентни аралаштиришнинг нима кераги бор, дегувчи мисрликлар ҳам топилган.

“Нимага ҳамма нарсага ас-Сисийни аралаштираверасизлар?”, - дея ўз таажжубларини изҳор этган, жумладан, @moody7amada.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/
  • bbcuzbekInstagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ