Руслан Чагаев: 'Муҳаммад Али бокс қироли эди'

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Профессионал бокснинг WBA таснифида энг оғир вазн тоифасида амалдаги жаҳон чемпиони Руслан Чагаевнинг айтишича, жаҳон бокс оламида Муҳаммад Алининг ўрнини ҳеч ким ва ҳеч қачон боса олмайди.

"Мен учун Муҳаммад Али бокс қироли эди. Жаҳон бокс оламида ҳали Муҳаммад Алига ўхшаш боксчи бўлмаган", - дейди Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида ўзбекистонлик номдор боксчи.

"Унинг рингдаги хатти-ҳаракатини кўрган одам, "ҳа, бокс осон, шунчалар енгил экан-ку", деган хаёлга борарди. Худди ўйнаётгандек бокс тушарди. Бунинг ортида қанча меҳнат, қанча тайёргарлик ётганини одамлар умуман сезишмасди. Унинг жангларини биринчи марта кўрган одам ҳам мазза қиларди. Муҳаммад Алининг "қирол"лиги ҳам ана шунда эди".

"Муҳаммад Алининг ўлими жуда катта йўқотиш: Жаҳон бокс олами афсонасини йўқотди".

"Муҳаммад Али ўз даврининг энг кучли ва жозибали боксчиси эди. Унинг ўлими билан жаҳон бокси тарихни йўқотди"", - дейди Руслан Чагаев.

Руслан Чагаевнинг марҳум бокс афсонаси Муҳаммад Али ҳақидаги фикрларига қулоқ тутиш учун плейерни ўйнанг.

Муҳаммад Али 1978 йилда Спорт қўмитасининг таклифи билан собиқ Шўролар Иттифоқига ҳам ташриф буюрган.

Ўз сафари давомида Ўзбекистонга ҳам борган, Улуғбек обсерваторияси ва қадимий обидалари билан ҳам танишган.

Афсонавий Муҳаммад Али

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Жаҳон спорт оламидаги энг номдор шахсиятлардан бири бўлган Муҳаммад Али 74 ёшида Аризона штати касалхонасида ҳаётдан кўз юмди.

39 ёшида профессионал рингни тарк этган афсонавий боскчи оғир вазн тоифасида уч карра жаҳон чемпиони бўлган ягона боксчи саналади.

Муҳаммад Алининг бу рекордини, ҳозирча, унинг вазн тоифасида бўлган бирор бир боксчи такрорлай олмаган.

Катта рингни тарк этиши ортидан, афсонавий боксчида Паркинсон хасталиги аниқланган.

Муҳаммад Али 30 йилдан ортиқроқки, ушбу касаллик билан курашиб келган.

Аммо ўтган кун респиратор хасталиги билан Аризона штатининг Феникс шаҳри касалхонасига келтирилган.

Шифокорлар эса, унинг аҳволидан жиддий хавотирланишга асос йўқлиги, боксчи ўзини яхши ҳис этаётгани ва бунинг эҳтиёт чораси бўлганини айтишганди.

Аммо Муҳаммад Алининг шахсий матбуот воизи унинг қачон ва қайси касалхонага олиб кетилгани тафсилотларини ошкор қилмаганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўзининг қарийб 20 йиллик боксчилик карьераси давомида Муҳаммад Али каттаю кичик рингларда 56 бор ғалаба қозонган.

Ўтказган жангларининг 37 тасини эса, нокаут билан якунлаган.

Муҳаммад Али ўзининг илк жаҳон чемпионлиги камарини 1964 йилда қўлга киритган.

Ўзининг ҳақиқий исм-шарифи билан рингга тушган Кассиус Клей ўша жангда Сонни Листонни мағлуб этган.

Афсонавий боксчи худди ўша жанги ортидан Ислом динини қабул қилади ва Муҳаммад Али номи билан рингга чиқа бошлайди.

Жаҳон бокси қиролининг ўлими ортидан, Би-би-си Ўзбек Хизмати унинг барча ўзбекистонлик мухлисларига ҳам ўз таъзияларини изҳор этиб қолади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ