УЕФА: ‘Россия Оврўпо чемпионатидан четлатилади’

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Аммо, ҳозирча, шартли равишда. Ҳозиргина олинган хабарларга кўра, бунга Оврўпо Футбол Уюшмаси қарор қилган.

Уюшманинг қарори Англия 1:1 Россия ўртасидаги шанба кунги илк учрашув ортидан келиб чиққан оммавий тўқнашувлар ортидан янграмоқда.

Икки миллий терма жамоа ишқибозлари ўртасидаги зўравон қарама-қаршиликлар ўнлаб инсоннинг жароҳат олиши билан якун топганди.

Марселда жаъми уч кун давом этган тўқнашувларда эса, 35 киши яраланган, улардан тўрт нафарининг аҳволи жиддий экани айтилади.

Айни воқеалар юзасидан жаъми 20 нафар ишқибоз ҳибсга олинган, улардан аксариятининг англиялик эканликлари маълум қилинган.

Полиция ходимларига қарши шиша бутилкалар отганлик ва яна бошқа зўравонликларга қўл уришда айбдор, деб топилган жаъми 11 нафар англиялик ишқибоз қамалган.

Аммо қанча муддатга экани, ҳозирча, маълум эмас.

Марселдаги тартибсизликларда иштирок этган бошқа бирининг беш йилгача стадионга кириши тақиқлаб қўйилган.

Франция Бош прокурорининг маълум қилишича, Британия, Франция ва австриялик ўн нафар ишқибоз душанба куни маҳкама қаршисида ҳозир бўлишади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Икки Россия фуқароси эса, Марселдаги тўқнашувлар юзасидан Франциядан чиқариб юборилади.

Россия Спорт ишлари бўйича вазири Виталий Мутко аллақачон УЕФА қарори юзасидан шикоят аризаси билан чиқиш ниятлари йўқлигини айтган.

Россияга қарши интизомий иш учрашув ортиданоқ - 12 июнда очилганди.

Англия ва Россия кейинги учрашувларини бир-бирига қўшни Лилль ва Ланс шаҳарларида ўтказишади.

Россия эртага 15 июн куни Словакия, Англия эса, кун ўтиб, Уэльсга қарши майдонга тушади.

Бу эса, шу кунларда бу икки рақиб миллий терма жамоа мухлислари орасида янги тўқнашувлар эҳтимолига оид хавотирларни пайдо қилмай қўймаган.

Худди шу ўринда таъкидлаш жоиз, УЕФАнинг сўнгги қарори Россиянинг ана шу учрашуви арафасида янграмоқда.

Бу каби зўравонликларнинг Оврўпо чемпионати тарихида шу пайтгача кузатилмагани ҳам эътироф этилганди.

Франциялик масъулларнинг маълум қилишларича эса, Англиянинг бўлажак ўйини олдидан Лансда хавфсизлик чоралари кучайтирилади.

Шаҳарга 2400 нафар полиция ходими, хавфсизлик қўриқчилари ва махсус бўлинма аъзолари сафарбар этилади.

Ланс кўчаларида спиртли ичимликлар ичиш ҳам буткул маън қилинади.

"Stade Bollaert-Delelis" стадионининг сиғими 35000 кишилик бўлса ҳам, шаҳарга 50000 тагача англиялик ишқибознинг ташриф буюриши кутилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бунинг ортидан, УЕФА яна қайтиб бу каби ҳолат юз берса, ҳам Россия ва Англия бу йилги биринчиликдан четлатилиши мумкинлиги билан огоҳлантирганди.

Орада Англия миллий терма жамоасининг Бош мураббийси, сардори ва айрим етакчи ўйинчилари ўз ишқибозларига махсус мурожаат билан ҳам чиқишганди.

Россия Футбол Уюшмаси ҳам юз берган тўқнашувларни қоралаган ва Франциядаги фуқароларини тартибга чақириб чиққанди.

Франциялик масъуллар ҳодисада “олдиндан яшиндек ва шафқатсиз ҳужумларга пухта тайёргарлик кўрган” 150 нафар россиялик безорини айблаган.

Аммо тўқнашувлар ортидан, уларнинг бирортасини қўлга ололмаганига ҳам иқрор бўлишганди.

Бироз аввал олинган хабарлардан эса, 29 нафар россиялик футбол ишқибозининг Франциядан чиқариб юборилаётгани ҳам айтилганди.

Россия Ишқибозлар Иттифоқи раҳбари Александр Шпригиннинг айтишича, уларнинг барчаси Канн яқинида қўлга олинган ва автобусларга ўтқазилган.

Жаноб Шпригинга кўра, улардан бирортаси Франция қонунчилигини бузмаган.

“Марсель, порт ва ёки стадиондаги воқеаларда ҳам бирор бир иштироки бўлмаган”.

Энг сўнгги хабарлардан аён бўлишича, агар, қолган россиялик ишқибозлар иштирокида оммавий зўравонликлар давом этса, бу - сўнгги томчи бўлади: Россия Оврўпо чемпионатидан чиқиб кетади.

Бунга қўшимча ўлароқ, Россия Футбол Уюшмаси 150 минг евро миқдорида жаримага ҳам тортилади.

Бу йилги Оврўпо чемпионати эса, шундоқ ҳам хавфсизлик, ёмон об-ҳаво ва оммавий иш ташлашлар билан боғлиқ жиддий хавотирлар манзарасида очилганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Россия ва Англия тўп сураётган "В" гуруҳида эса, бир ўйин ортидан ҳисобидаги 3 очко билан Уэльс пешқадамлик қилмоқда.

Словакия ҳозирча бирор бир очкосиз гуруҳда энг қуйи ўринни эгаллаб турган бўлса, Россия ва Англия биттадан очко билан иккинчи ва учинчи ўринларни бўлишиб туришибди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.