Ўзбекистон мева-сабзавот ишлаб чиқаришни 2 баравар кўпайтирмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC UZBEK

Ўзбекистондаги зироатчиликни яхши биладиган экспертлар узоқ йиллардан буён таклиф этиб келаётган ўзгаришлар зарурлигини ҳукумат англаб етаётгандек.

Ўзбекистон пахтачиликни кескин камайтириб, ўрнига мева-сабзавот етиштиришни кўпайтириши республика иқтисодиёти ва ўзбекистонликларнинг фаровонлигига фойдалироқ бўлиши анчадан буён айтиб келинади.

Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, 2020 йилга бориб Ўзбекистон мева-сабзавот ишлаб чиқаришни йилига 32 миллион тоннага етказишни режалаштирмоқда.

Бу ҳақда Бош вазир Мирзиёев Тошкентда иш бошлаган халқаро мева ва сабзавот ярмаркасининг очилиш маросимида гапирган.

Расмийларга кўра, ҳозир Ўзбекистонда йилига 16 миллион тонна мева-сабзавот етиштирилмоқда.

Бош вазир Шавкат Мирзиёев айтишича, бугунги кунда 160 мингдан ортиқ фермерлик хўжалиги боғбонлик ва полиз маҳсулотлари етиштириш билан банд.

Банклар мева-сабзавот парваришлайдиган фермерларга 5 фоизлик имтиёзли кредитлар бераётгани учун бундай фермерларнинг сони янада кўпайишига умид билдирган жаноб Мирзиёев.

Ўзбек расмийларига кўра, Тошкент ярмаркасини ташкил этишдан кўзлаган мақсадлари, ўзбекистонлик боғбонларнинг ўз меваси ва қовун-тарвузини тез ва осон Россияникига ўхшаш бозорларга етказишларига кўмаклашишдир.

Ўзбекистон Бош вазири ўзининг чиқишида боғбонларнинг маҳсулотини "воситачиларсиз" харидорга етказиш йўлларини осонлаштиришни мақсад қилганлари ҳақида айтган.

Шу йўл билан Ўзбекистон мева-сабзавот экспортини янада кўпайтиришни кўзламоқда.

Тошкентдаги ярмаркага Россия ҳукумат ҳайъати ҳам ташриф буюрган.

Россия Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Сергей Левиннинг Тошкентда айтишича, шу йил апрелида Ўзбекистон ва Россия президентларининг Ўзбекистондан мева-сабзавот экспортини ошириш борасидаги мулоқотидан кейин Президент Владимир Путин Россия ҳукуматига бу йўналишда Ўзбекистон билан алоқаларни фаоллаштириш ҳақида тўғридан-тўғри вазифа берган.

Бундан кейин Ўзбекистон мева-сабзавоти ярмаркасини ҳар йили ташкиллаштиришни режалаштирилгани хабар қилинган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • •ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • •Instagram - BBC UZBEK
  • •Twitter - BBC UZBEK
  • •Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • •Facebook - BBC UZBEK
  • •Google+BBC UZBEK
  • •YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • •Skype - uzbekbbclondon
  • •bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар