Президент Каримовнинг янги китоби чиқди

Фото муаллифлик ҳуқуқи UzA

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг икки янги китоби босмадан чиқди, деб хабар бермоқда Миллий Ахборот агентлиги.

Каримов муаллифлиги остида чоп этилган китобларга "Озодлик ҳавосидан тўйиб нафас олган халқ ўз йўлидан ҳеч қачон қайтмайди" ва "Ҳаёт синовларида тобланган Қашқадарё эли ҳар қандай юксак маррани эгаллашга қодир" деган сарлавҳалар берилган.

Улар президентнинг 30 июн-1 июл кунлари Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига қилган ташрифи давомида маҳаллий раҳбарлар, жамоатчилик вакиллари билан учрашувдаги чиқишлари асосида таёрланган.

Китобда нафақат икки вилоятга алоқадор масалалар, балки бутун мамлакатга таълуқли тинчлик ва хавфсизлик, ислоҳотларни чуқурлаштириш, ёш авлодни тарбиялашга доир мавзулар, Қарши, Шахрисабз, Термезда олиб борилган бунёдкорлик ишлари ҳақида сўз боргани таъкидланади.

"Ҳажман кичик, лекин мазмунан чуқур бу китобларни "Озодлик ҳавосидан тўйиб нафас олган халқ ўз йўлидан ҳеч қачон қайтмайди" деган ҳаётий ҳақиқат бош ғоя сифатида бирлаштириб туради", деб ёзади ЎзА.

"Президентимиз Ислом Каримовнинг мазкур рисолалари истиқлол йилларида мамлакатимиз қандай оғир ва мураккаб, шу билан бирга шарафли йўлни босиб ўтгани, мустақиллик ҳар бир вилоятимиз, шаҳримиз ва қишлоғимиз, ҳар бир юртдошимиз ҳаётида буюк ўзгаришларга асос ва замин бўлаётганини чуқур англашга хизмат қилади ва ана шу бебаҳо неъматни қадрлаб, уни ҳимоя қилиб яшашга даъват этади", дея урғуланади шунингдек.

Ислом Каримовнинг асарлари олий ўқув юртлари дастурларига ҳам киритилган.

Талабалар президент асарларидан имтиҳон топширадилар, ўқитувчилар бу асарлар бўйича малакаларини ошириб турадилар. Ўзбекистон телевидениесида Каримов асарлари таҳлилига бағишланган кўрсатувлар ташкил қилинган.

Кўрсатув иштирокчилари президент асарларидан қанчалик таъсирланганлари, олган билимларини намойиш қиладилар.

Журналист Қуддус Аъзам томонидан тайёрланадиган шундай кўрсатувлардан бирида қатнашган талабанинг Би-би-сига айтишича, кўрсатувда фикрини айтадиган ҳар бир иштирокчи сўзлари аввалдан кўриб чиқиб, белгиланган ва суратга олиш жараёнида ҳам бир неча бор машқ қилинган.

2014 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва "Ижод" жамоат фонди томонидан "Ким эдигу ким бўлдик" номли бадиий-публицистик тўплам нашр этилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Алининг китоб тақдимотида айтишича, "Муҳтарам Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарорида тарихан қисқа даврда биз қандай улкан ривожланиш йўлини босиб ўтганимизни баҳолашда "Ким эдигу ким бўлдик?" деган ҳаётий ҳақиқатни асосий ва бош ғоя сифатида белгилаш лозимлиги алоҳида таъкидланган эди. Ушбу қарор эълон қилингач, Ёзувчилар уюшмасида "Ким эдигу ким бўлдик" номли китоб яратиш фикри пайдо бўлди. Ижодкорлардаги кўтаринки руҳ ва катта иштиёқ туфайли, қисқа вақт ичида китоб дунёга келди". "Чиндан ҳам, биз кеча ким эдиг-у, бугун ким бўлдик?" деб эслатади ёзувчи.

Муҳаммад Алининг таъкидлашича, "Ким эдигу ким бўлдик" сингари бадиий-публицистик тўпламларни эндиликда ҳар йили Истиқлол байрами арафасида чоп эттиришга келишиб олинган.

Айни пайтда Ўзбекистонда мустақилликнинг 25 йиллиги арафасида шоу-бизнес вакиллари иштирокида "Ким эдигу-ким бўлдик" номи билан вилоятлар бўйлаб учрашувлар, концерт дастурлари ўтказилмоқда.

Унда қатнашган шоу-бизнес вакилига кўра, вилоятларга учрашувга бориш мажбурий ҳисобланади. Бу каби тадбирга боришдан бўйин товлаш маданият вакилига қимматга тушиши, лицензиясидан ажралиши мумкин.

1992 йилдан бери Ислом Каримовнинг "Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли", "Янги уй қурмай туриб, эскисини бузманг", "Ўзбекистон - бозор муносабатларига ўтишнинг ўзига хос йўли", "Биздан озод ва обод Ватан қолсин", "Ўзбекистон 20 аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари", "Баркамол авлод орзуси", "Кучли давлатдан кучли жамият сари", "Тарихий хотирасиз келажак йўқ", "Оллоҳ қалбимизда, юрагимизда", "Озод ва обод ватан, ёрқин ва фаровон ҳаёт - пировард мақсадимиз", "Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни янада чуқурлашириш ва фуқаролик жамияти асосларини шакллантиришнинг асосий йўналишлари" каби китоблари чиқарилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • •ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • •Instagram - BBC UZBEK
  • •Twitter - BBC UZBEK
  • •Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • •Facebook - BBC UZBEK
  • •Google+BBC UZBEK
  • •YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • •Skype - uzbekbbclondon
  • •bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.