"Четга ўрик сотасанми, 50 долларингни давлатга сот!"

Ўзбекистон деҳқон бозоридаги мевалар

Ўзбекистон ҳукумати мева-сабзавот экспорти билан шуғулланадиганлар ўзининг валютадаги даромадининг 50 фоизини давлатга сотишни мажбур этувчи тартиб жорий этган.

Ана шу мақсадга қаратилган Вазирлар Маҳкамасининг қарори 1 июлдан кучга киргани ҳақида хабар тарқатган маҳаллий оммавий ахборот воситалари.

Агар хорижга мева-сабзавот сотган ширкат ёки хўжалик 100 АҚШ доллари миқдорида даромад топган бўлса, шунинг 50 долларини ҳукуматга сотиши шарт.

Ҳукумат, мева-сабзавот экспорти билан фақат ягона монополист "Ўзагроэкспорт" шуғулланади, дея қарор қабул қилган.

"Ўзагроэкспорт" хорижлик ширкатлар билан Ўзбекистондан мева ва сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш мақсадида шартномалар имзолаши, ўзбек деҳқон ва боғбонлари билан эса уларнинг етиштирган ҳосилини сотиб олиш бўйича битимлар имзолаши лозим бўлади.

Ўзбекистон ўрик-гилоси ёки қовун-тарвузини сотиб олиш учун олдиндан ҳақини 100 фоиз тўлаш талаб қилинади.

Агар энди дарахтдан узилган ёки полиздан чиққан маҳсулот бўлса, унинг 30 фоиз пулини олдиндан тўлаб қўйиш шарт.

Ўзбекистон ҳукумати шу йилдан мева-сабзавотини хорижга олиб чиқиб, мамлакат ғазнасига валюта тушумларини олиб киришга жиддий эътибор қаратди.

Бунга ўтган йили Россия билан Туркия муносабатларининг совуқлашиши, Россия ҳарбий учоғининг Сурия ва Туркия чегарасида уриб туширилиши ортидан Россия Туркия мева-сабзавотига санкция киритгани туртки берди.

Ҳали Шўролар замонида Ўзбекистон Россиянинг бозорларини эгаллаган, СССР парчаланиб кетганидан кейин бу бозорлар йўқотилди.

Аммо россияликлар Ўзбекистон қовун-тарвузлари, кўкатлари, меваларининг таъмини унутганлари йўқ, кам миқёсда бўлса ҳам Россиянинг айрим ҳудудларидаги деҳқон бозорларига етиб борган маҳсулот доим харидоргир бўлган.

Ўзбекистон йирик ҳудудларда пахта етиштиришдан кўра, мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларини экиш ва қайта ишлашга ўтса, пахтадан кўра, кўпроқ манфаат кўриши мумкин, деган фикрлар анчадан буён айтиб келинади.

Шу йил апрелида ҳукумат "Ўзагроэкспорт" деб номланган махсус ширкат тузди ва "Ўзагроэкспорт"га Ўзбекистон ўрик-гилоси ва қовун-тарвузини хорижга экспорт билан шуғулланиш вазифасини юклади.

Москвада Президент Путин билан учрашуви пайти Президент Ислом Каримов Ўзбекистон мева-сабзавотлари мазали экани ҳақида москваликлар яхши билишини айтган.

Президент Каримов Россия бозорларида сотувчилар ўз мевасини сотиш учун "келиб қолинг, Ўзбекистон мевалари" деб харидор чорлашини айтган.

"Улар(мевалар)нинг Ўзбекистонга ҳеч қандай алоқаси бўлмаслиги мумкин. Бироқ товар бу товар, реклама бу реклама. Рекламанинг ўзиёқ кўп нарсадан далолат беради", деб айтган Президент Каримов.

Президент Владимир Путин Ўзбекистондан Россия бозорларига деҳқончилик маҳсулотларини етказиш ҳажми кўпайганидан ўз мамнунлигини изҳор этган.

Россия президенти сўзларига кўра, Ўзбекистондан Россияга қишлоқ хўжалик маҳсулотларини олиб бориш ялпи ҳажми 10 фоиз ошган.

Айрим полиз маҳсулотлари 10 баробар, узум 20 баравар, цитрус ўсимликлари 54 баравар кўпайган.

Шу кунларда Тошкентда мева ва сабзавот халқаро ярмаркаси бўлиб ўтмоқда.

Ярмарканинг очилиш маросимидаги нутқида Бош вазир Шавкат Мирзиёев 2020 йилга бориб Ўзбекистон хорижга мева-сабзавот экспортини 2 баравар кўпайтириш ва йилига 32 миллион тоннага етказади, деб айтган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • •ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • •Instagram - BBC UZBEK
  • •Twitter - BBC UZBEK
  • •Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • •Facebook - BBC UZBEK
  • •Google+BBC UZBEK
  • •YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • •Skype - uzbekbbclondon
  • •bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.