"Ўзбекнаво" қўшиқчиларни тарбиялашда давом этади

"Ўзбекнаво" бирлашмасининг матбуот анжуманида қўшиқларнинг матни муҳокама этилган.

Йиғилишда маданият ва санъат вакиллари, журналистлар қатнашганлар.

Хонанда ва сухандон Шуҳрат Қаюмов сўзга чиқиб, қўшиқларнинг матнига алоҳида тўхталган.

Жумладан, у хонанда Шаҳзоданинг Мустақиллик байрамига атаб ёзилган янги "Ўзбегим" қўшиғидаги "Менинг ўзбек халқим, сен эндигина 25 ёшга кирдинг" каби сўзларни кескин танқид остига олган.

Танқид қилинган қўшиқ матни Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо қаламига мансуб. Мусиқаси эса Сарвар ва Комилга тегишли экани хабар қилинади.

"ТВда таниқли хонандалардан бири "25 ёшдасан ўзбегим", деб қўшиқ куйлаб чиқяпти. Бу шеъриятни тушунмаслик, шоирликдан бехабарлик, менимча. Қандай қилиб ўзбек миллатини 25 ёшдасан дейиш мумкин. Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил тўлди, ўзбек миллатига эмас., деган у.

Шуҳрат Қаюмов Ўзбекистонда жонли концерт берадиган саноқли хонандалардан бири ҳисобланади.

"Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетаси бош муҳаррири ўринбосари Гулчеҳра Умарова Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шуҳрат Қаюмовнинг фикрларида жон борлигини айтиб, ўзбек миллатининг бой тарихини бу йўсинда куйлаш нотўғри эканини алоҳида урғулаган.

Шуҳрат Қаюмов бу каби хатоларга йўл қўймаслик учун "Ўзбекнаво" қошида бадиий кенгаш ташкил қилиб, тажрибали шоир ва ёзувчилар, ижрочи ва бастакорларни жалб қилиш кераклигини таклиф этган.

Матбуот анжуманида қатнашганлар хонанданинг фикрларини қувватлаганлар. Ўзбек халқининг бой тарихини мазмунсиз қўшиқлар акс эттириши мумкин эмаслигини таъкидлаганлар.

Ўзбекистонда Мустақиллик байрами арафасида хонандалар ватан мавзусида қўшиқлар тайёрлаб, радио-телевидениеда айлантиришлари одатга айланган, президент қатнашадиган асосий байрам тадбирида қатнашадиган санъаткорлар эса омадли саналадилар. Улар алоҳида саралаб олинади. Тошкентлик санъаткорнинг Би-би-сига айтишича, шундай тадбирларда қатнашадиган санъаткорларнинг унвон олишлари ҳам осонроқ экан.

"Ўзбекнаво" бирлашмаси томонидан ташкил қилинадиган йиғилишларда қўшиқчиларнинг юриш-туриши, кийиниши, ижтимоий тармоқларга қўйган суратлари муҳокама қилиб турилади.

Бироз олдин эстрада бирлашмасида 40 дан ортиқ қўшиқчиларга тарбиявий соат ўтилиб, уларга маслаҳатлар берилгани айтилганди.

Бундай тарбиявий мунозараларда қатнашмаганлар, давлат тадбирларига сабабсиз бормаганлар жиддий огоҳлантирилади, бу ҳам иш бермаса лицензияси олиб қўйилади.

Жумладан, "Ўзбекнаво" раҳбари лицензияси олинган Лола ва Тамилалар мавзусига яна қайтиб, Лола билан алоҳида тушунтириш ишлари олиб борилишини айтган.

Хонанда Лола Йўлдошеванинг Инстаграмда дин мавзусида ёзиб қолдирган фикрлари ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган. Интернет фаоллари Лоланинг ""Сизлар тез-тез изоҳларимда қайси динга эътиқод қилишимни сўрайсиз. Агар сиз мендан "Дининг нима?", деб яна сўрасангиз, жавобим шуки - муҳаббат! ..Худога ишонишни муқаддас китобларни ўқиб исботлаш, ўрганиш мумкин эмас..." каби гаплари учун танқид қилишган.

Лола интернетга жойлаштирган очиқ кийимдаги суратлари учун, Тамила тарқатилган "беҳаё" видеоси учун лицензиясидан айрилганди.

"Ўзбекнаво" вақти-вақти билан лицензиясиз фаолият юритган, тўйларга, тадбирларга рухсатсиз борган қўшиқчи, созанда, раққоса ва бошловчиларни жаримага тортиш, тўланмаган солиқлар мажбурий ундирилишидан огоҳлантириб туради.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • •ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • •Instagram - BBC UZBEK
  • •Twitter - BBC UZBEK
  • •Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • •Facebook - BBC UZBEK
  • •Google+BBC UZBEK
  • •YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • •Skype - uzbekbbclondon
  • •bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.