Ўзбекистонда куйдиргига қарши огоҳлантирилмоқда

Соғлиқни сақлаш вазирлиги республикада куйдирги тарқалгани тўғрисидаги хабарларни рад қилган бўлсада, вилоятларда касалликка қарши огоҳлантиришлар кучайтирилган.

Хабарларга қараганда, айни кунларда андижонликлар куйдирги касалидан огоҳлантирилиб, одамларга йўриқномалар тарқатилмоқда.

Қашқадарёда ҳам куйдиргидан эҳтиёт бўлиш чораларини кўришга чақирилган. Қаршилик яшовчининг айтишича, поликлиника, касалхона ва идораларда ҳам куйдирги тўғрисида гапирилган. Аҳоли шундоқ ҳам оз-оздан харид қиладиган мол гўштини сотиб олишдан қўрқиб қолган.

Ўтган ой интернетда куйдиргига алоқадор сурат ва хабарлар тарқалиб, ваҳималарга сабаб бўлганди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Давлат санитария-эпидемиология назорат маркази бош шифокори Саидмурод Саидалиев республикада куйдирги касаллиги йўқ, деб расман билдирган аввалроқ.

"Qalampir.uz"нинг ёзишича, андижонлик Искандар Саттибоев вилоят поликлиникаларида куйдирги касаллигидан огоҳлантириш олиб борилаётгани, эълонлар тарқатилгани ҳақида хабар берган.

Андижонлик ҳамширанинг сўзларига қараганда, Тошкентда куйдирги тарқалгани ҳақидаги хабарлар орқасидан Андижонда куйдирги касаллигини олдини олиш ҳақида тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Шахсан унинг ўзи куйдирги, Қрим-Конго геморрагик иситмаси касаллиги ҳақида маълумотлар берилган буклетни уйма-уй юриб тарқатган.

Андижон вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси вакили Искандар Ҳамидов куйдирги ва Қрим-Конго геморрогик иситмаси касалликларининг олдини олиш бўйича қатор ишлар амалга оширилаётгани тасдиқлаган, бироқ уйма-уй юриб аҳолига ушбу касалликлар ҳақидаги буклетларнинг тарқатилаётганини рад этган. Поликлиникалардаги ўқув жараёнлари вақтида ҳам Тошкентда куйдирги касаллигининг тарқалгани айтилганини нотўғри фикр, деган.

Ўтган июн ойида Қозоғистонда куйдирги ҳолатлари аниқланган, бир нечта инсон ўлими орқасидан ҳукумат алоҳида чора-тадбирлар кўрган эди.

Касалликни олдини олиш чора-тадбирлари сифатида Ўзбекистон Қозоғистондан гўшт маҳсулотларини чегарадан олиб ўтишни тақиқланган.

Куйдирги юқумли касаллигида учрайдиган деб тахмин қилинган белгилар акс этган суратлар ва гувоҳларнинг овозли хабарлари Би-би-сига ҳам жўнатилган.

Би-би-си бу хабарларни аниқлаш мақсадида Тошкентдаги Учтепа туман юқумли касалликлар шифохонаси билан боғланди. Шифокор куйдиргига боғлиқ тахминлар текширувлар натижасида тасдиқланмаганини билдирди.

Куйдирги - Сибирская язва - Anthrax

Куйдирги - ўта хавфли юқумли касалликлар гуруҳига кирувчи, одамлар учун ҳам, ҳайвонлар учун ҳам бирдек хатарли бўлган хасталик ҳисобланади.

Касалликни куйдирги таёқчаси қўзғатади.

У ташқи муҳитда спора ҳолида учрайди, сув ва тупроқда 10 йилгача яшаш қобилиятига эга.

Касалликнинг манбаи асосан касалланган уй ҳайвонлари - қорамол, от, қўй, туя, эчки ва чўчқа ҳисобланади.

Касал ҳайвонларда куйдирги таёқчаси ҳайвоннинг ҳамма органларига кириб боради ва пешоби, нажаси билан ташқи муҳитга чиқиб, тупроқ, ем-хашак, сув ҳавзасини ифлос қилиб, касаллик тарқалишига сабаб бўлади.

Одамга эса, ветеринария хизмати ходимлари кўригидан ўтмаган ҳайвонларни сўйиб, терисини шилганда, гўштини нимталаганда ва яхши пиширмай, истеъмол қилган пайтда юқиши мумкин.

Касаллик асосан ёз-куз фаслларида учрайди ва одамга юққандан кейин бир неча соатдан то 14 кунгача яширин даври бўлиб, бунда беморлар шикоят қилмайдилар.

Касалликнинг қайси йўл билан юқишига қараб, тери, ўпка, ичак ва септик (қонда) турлари мавжуд бўлиб, асосан, 95-98 фоиз тери шакли учрайди.

Куйдиргининг, айниқса, ўпка тури одамларда ниҳоятда оғир кечади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг