'Ўзбеклар учун Туркиядаги сиёсий воқеалар муҳим'

Бутун дунё матбуотида кенг ёритилган Туркиядаги ҳарбий тўнтаришга уриниш ўзбек матбуотини четлаб ўтгани кузатилган. Ҳозирга қадар Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Туркиядаги давлат тўнтаришига бўлган ҳаракатларга ўз муносабатини билдиргани йўқ.

Ўзбеклар кўпчилик мусулмон халқларни жунбушга келтирган ҳодисалар ҳақида ўзларининг турли фикрларини ижтимоий тармоқларда билдиришган.

Жумладан, Facebook ижтимоий тармоғида журналист Хайрулла Ҳамидов шундай изоҳ қолдирган: "Европа чемпионатида енгилган турклар ҳаётий чемпионатда ғалаба қозонишди!!!". "Кеча нариги томон енгганда, Курдистон иккинчи Донбасс бўларди. Яхшиликка ҳар ҳолда," деб қўшимча қилган Ҳамидов.

Ўзбекистонлик мусулмонлар орасида танилган Ҳасан қори эса ўз Facebook саҳифасида Туркиядаги "фитна"нинг бартараф бўлгани муносабати билан ўз шукронасини билдирган ва тинчлик сўраб дуо қилган. "Алҳамдулиллоҳ, мусулмон юртлардан бирида бош кўтарган катта бир фитна бартараф бўлди, Аллоҳ ҳамиша асрасин! Роббим, барча ўлкалар қатори бизнинг мамлакатимизни ҳам кўнгилсизликлардан Ўзинг асра!... Мусулмон ўлкаларнинг равнақ топиб, яшнаганини кўриб кўзларимиз қувончга, дилимиз сурурга тўлишини насиб айла!".

Журналист Шерзод Қудратхўжаев 2003 йилда жаноб Эрдоған билан бўлиб ўтган суҳбатини эслаб, Туркиянинг амалдаги президентига ҳайрихохлик билдирган: "...асло чарчаманг жаноб Эрдоған... Ҳали ҳаммаси олдинда!"

Диний мавзудаги постлари билан таниш блоггер "Adham Atajanov" ўз муносабатини билдириб, воқеалар ёритилиши усулини танқид қилган. "Давлатда ҳокимиятини эгалламоқчи бўлган ҳарбийларни нега террорчилар деб айтилмаяпти,.. ўз парламентига бомба отган... ўз халқини ўқ тутаётганлар ким?"

"Akmal Nabiev" номи остидаги Facebook фойдаланувчиси Туркияда бўлган воқеалар ўзбекларни уйқисидан қолдиргани ҳамда туркларнинг "ютуғи" ўзбеклар учун ҳам ютуқ эканлигини таъкидлаган. "... бир нарсани таъкидлаб ўтиш керак-ки кечаги тунни жуда кўпчилик ўзбеклар бедор ўтказгани кузатдим. Ўзим ҳам саҳаргача ухламадим, воқеалар ривожи мен кутган томонга ўзгарганини билгач ухлашга ётдим. Биз ўзбеклар учун Туркиядаги сиёсий воқеалар қанчалик муҳимлигини шундан ҳам билса бўлади.

Турк халқининг кечаги кунги ютуғи менинг ҳам ютуғимдир, биз ўзбекларнинг ҳам умумий ютуғимиздир!". "Мени ютуғим эмас лекин бу. У ерда шубҳали ва шаффоф бўлмаган ҳаракатлар бўляпти," деб жавоб берган "Ulugbek Ashur".

Фаол ўзбек блоггерларидан бири "Musannif Adham" қуйидаги изоҳни қўшимча қилган: "Баъзи ўзбеклар учун энди бир неча кун уйқу ҳаром бўлади. Ҳар куни тунда бедор ётиб: 'Эҳҳ, ҳаммаси яхши уюштирилганди-я! Нега муваффақият қозонмадик (ҳа, ҳа, биз муваффақият қозонмадик)?! Шартта Эрдўғонни отиб ташлаб, кейин ҳарбий диктатура эълон қилмайсанларми? Бунақа чала ярим, исломий демократияга тупуриш керак. Тамом-вассалом. Халқнинг 51 %и уни сайлаган, дейсанларми? Халқ келиб-келиб ғарб ёки ўриснинг этагидан тутмайдиган, намоз ўқийдиган бир фанатикнинг этагидан тутадими? Бунақа демократияга ўт қўйиш керак.... Уҳҳ, энди нима бўлади-я! Нима бўлади?!...' деб ўйлайвериб, жинни бўлиб қолишмаса эди. :)".

Бошқа бир постда, "Musannif Adham" шуларни ёзиб қолдирган: "Аллоҳга ҳамд бўлсинки, фитначи хоинларнинг режаси ўхшамади. Туркиянинг мусулмон халқи душманга қарши қандай қилиб бир сафда туриш кераклигини кўрсатиб қўйди".

"Исломофоблар эса башарасини очишда давом этмоқда. Уларга нима муҳим ўзи? Кўпчилик қўллови билан ўрнатилган демократиями, ёки диндорлардан холи бўлган, мақсади йўлида истаганча қон тўкишдан тоймайдиган секюлар ва инқилобчи "ҳукумат"ми?"

Бўлиб ўтган ҳодисаларга "Gayrat Yuldosh" атрофлича фикр билдирган. У Туркиядаги ҳарбий тўнтаришга бўлган уринишни "даҳрий"лар уюштирганини айтиб, қуйидаги фикларни билдирган: "Бу постни эрталаб ёзсам ҳам бўларди. Аммо куни билан ижтимоий тармоқларда юртдошларимизни бу воқеаларга муносабати қандай бўлишини кузатдим. Натижа тахмин қилганимдай бўлди. Бир тўда даҳрийлардан бошқа аксарият юртдошларимиз Эрдоғанни бу ғалабасини ўз ғалабаларидай кўриб қардош турк халқини матонатига қойил қолганларини изҳор этишди.

"Яна Эрдоғанни ёқтирмайдиган озчилик 'Кетса яхши бўларди, чунки у бизни юртимиздан борган давлатимиз душманларига бошпана берган' деган даъвони қилишди. Аммо улар биздан Туркияга кетганларнинг аксарияти Эрдоғангача турк фуқароси бўлиб улгуришганини билишмайди шекилли. Ёки уларни даъвосини ҳақ деб ҳам билайлик. Аммо дунё дипломатиясида ёзилмаган қоидалардан бири бу бир давлатдан қочганлар иккинчи бир давлатдан сиёсий бошпана олаверади... Сен кимгадир бошпана берасан. Сеникиларга эса кимдир бошпана беради. Бунда ўзаро хафа бўлиш бор, аммо душманлашиш йўқ.

"Турк халқини кеча тунда ўз жонини хатарга қўйиб амалдаги ҳукумат учун, Эрдоған учун, тинчлик учун кўчаларга чиқиши бу мисли йўқ жасоратдир. Эрдоған эса шунга лойиқ эканки, халқ уни деб кўчага чиқди.

Баъзида Эрдоғанни Туркияни исломлаштириш йўлида ҳаракат қилаёгани ҳақидаги даъволарни ўқиб қоламан ва ҳайрон қоламан. Нима Туркия ноисломий юртмидики Эрдоған уни исломлаштирса?...

"Энг муҳими Эрдоған ўз халқини аксар қисмини ишончини қозона олди. Бу эса катта гап." деган фикрларга жавобан "Шермуҳаммад Акбаров" аксинча мухолифат аъзоларига бошпана берган Туркия ҳукуматини исённинг келиб чиқишида айблаган.

"Туркиядаги қўзғолон ростми ёки ташкилланганми фарқи йўқ. Бари бир Эрдоған айбдор".

"Турклар Россияга яқинлашиб, АҚШдан узоқлашиш учун шу томошани ўйлаб топишди", каби фикрларни ўқиш мумкин изоҳларда.

Туркиядаги ўзбеклар эса ҳаёт изга тушаётганини айтиб, шукроналик сўзларини битишган.

Husniddin Karabayev "Туркия халкига ОМАД тилайман", деб ёзади.

Ayhan Başar эса "Бу дунё ўткинчи дунё. Ҳамма ўтади. Лекин муҳими қандай кетиш. Ватанга содиқ бўлибми ёки ватан хоини бўлибми? Туркияни келажаги бундан кейин жуда зўр бўлиб кетишига ишонаман. Турк халқи дунёда ватан нималигини кўрсатиб қўйди. Керак бўлса жонини берди. Бундан кейин душманлар ўйлаб қадамини босадиган замон келди", дея хулоса қилади.

Туркияда 16 июлга ўтар кечаси давлат тўнтаришига уриниш содир этилди.

Ҳаракат барбод бўлгач, муваффақиятсиз якун топган давлат тўнтариши уринишига алоқадорликда Адлия ва ҳарбий тизимдан 6,000 га яқин шахс, жумладан, генераллар ҳибс қилинган. Ҳибслар тўлқини ҳамон давом этмоқда. Шу пайтгача ҳибсга олинганлар ва истеъфога чиқарилганлар сони қарийб 50 мингга етган.

Президент Ражаб Тойиб Эрдўғон давлат тизимлари қўзғолонни келтириб чиқарган "вирус"лардан тозаланишини айтган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02 •ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • •Instagram - BBC UZBEK
  • •Twitter - BBC UZBEK
  • •Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • •Facebook - BBC UZBEK
  • •Google+BBC UZBEK
  • •YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • •Skype - uzbekbbclondon
  • •bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.