Ўзбекистонлик бошпана изловчи Россиядан депортация этилган

Халқаро Амнести ташкилоти чиқарган баёнотга кўра, 27 ёшли Ўзбекистон фуқароси Олим Очилов инсон ҳуқуқлари бўйича Оврўпо маҳкамасининг вақтинчалик чораларига зид тарзда, ватанига мажбуран қайтарилган.

2016 йил 28 июнда Оврўпо маҳкамаси Россияда туриб бошпана сўраган ўзбекистонлик Олим Очилов иши бўйича унинг мажбуран депортациясини тўхтатиш учун 39 вақтинчалик чоралар белгилаган. Бунда Олим Очилов Ўзбекистонга юборилса, у ерда қийноқларга солиниши эҳтимоли катталиги эътиборга олинган.

Олим Очилов 2012 йил Россияга меҳнат муҳожирлигига келган. Икки йил ўтиб, Москва маҳкамаси уни экстремистик гуруҳга алоқадорлик айби билан уч йилга озодликдан маҳрум этган.

Олим Очилов жазони Архангелск вилояти қамоқхонасига ўтаган.

2015 2 октябрда жазо муддати тугаш арафасида Россия Адлия вазирлиги унинг мамлакатда қолиши "исталмаган"ини маълум қилиб, қамоқдан сўнг Россияни тарк этиши кераклигини билдирган.

Май ойида ФМХ Очиловни депортация қилиниши тўғрисида қарор чиқарган. Олим Очилов қарор устидан шикоят қилиб Россия ИИВ га мурожаат қилган, бироқ ҳануз жавоб хати олмаган. Олим Очилов ҳимоячиси Оврўпо маҳкамасига мурожаат қилганидан сўнг, маҳкама чиқарган вақтинчалик чоралар Очиловни депортациясини тўхтатиши керак эди.

Бироқ қонунга хилоф равишда Россиядан Ўзбекистонга бериб юборилган.

30 июнда Очилов қамоқхонадан тўғри Архангелск аэропортига олиб борилган. У ердан Ўзбекистон Ҳаво йўллари орқали Ургенчга учирилган.

Россия ҳукумати Очилов учоққа ўзи ихтиёрий тарзда ўтирганини айтганлар.

Айни пайтда Олим Очиловнинг қаерда экани номаълум.

Ўзбекистонда у "давлатга қарши фаолият"да айбланган ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига аъзо эканлиги, муҳожирлар орасида ҳукуматга қарши тарғибот олиб боргани, диний ташкилотларга киришга даъват қилгани таъкидланиб, халқаро қидирувга берилган. Бу айбловларнинг ўзи Ўзбекистонда унга нисбатан адолатсиз маҳкама, қийноқлар ва бошқа шафқатсиз муносабатлар қўлланилиши хавотирини беради.

2013 йил 15 июнда Қарши шаҳар маҳкамаси Олим Очиловни ҳибсга олиш бўйича ҳукм ҳам чиқарган.

2014 йилдан бери ўнлаб бошпана изловчи қочқинлар ва меҳнат муҳожирлари турли айбловлар билан Россиядан мажбуран тарзда Ўзбекистонга қайтарилган ёки ўғирлаб олиб кетилганини мисол келтирган Халқаро Амнести ўз баёнотида.

Ўзбекистон ҳукумати маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўлланилишини инкор этиб келади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02 •ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • •Instagram - BBC UZBEK
  • •Twitter - BBC UZBEK
  • •Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • •Facebook - BBC UZBEK
  • •Google+BBC UZBEK
  • •YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • •Skype - uzbekbbclondon
  • •bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.