Лондонда Сора Эшонтўраева номидаги адабиёт мукофоти таъсис этилди

Сора Эшонтўраева
Image caption Лондонда Сора Эшонтўраева номидаги мукофот таъсис этилди

Лондонда ҳар йили ўтказиладиган "Очиқ Марказий Осиё" адабий форуми доирасида асосан ўзбекистонлик адиблар учун янги мукофот таъсис этилди. Сора Эшонтўраева номи билан эълон қилинаётган мукофотни форумнинг ташаббускорлари "Eurasian Creative guild" ташкилоти Британиядаги "Hertfordshire Press" нашриёти билан биргаликда таъсис қилди. Би-би-си "Hertfordshire Press" нашриёти уйи ходими Марат Ахмеджановдан янги мукофот ва уни ким олиши мумкинлиги ҳақида сўради.

Марат Ахмеджанов: Биз бу йил Сора Эшонтўраева номидаги янги мукофотни таъсис этдик. У 3000 долларлик мукофот бўлиб, фуқаровий мавқе мавзусига бағишланган энг яхши адабий асарга берилади. У йиллик мукофотдир. Ижодкорлар тўртта категория: адабий асар, иллюстрация, видеофильм ва таржима категорияларида бу танловда қатнаша оладилар. Мазкур мукофот буюк ўзбек актрисаси, жамоатчилик ва санъат арбоби Сора Эшонтўраева хотирасига бағишланган. Биз у кишининг сиймоси ёрдамида ўзбекистонлик ва бошқа марказий осиёлик ижодкорларни танловга қизиқтиришга умид қиламиз.

Би-би-си: Асарлар фуқаровий мавқе мавзусида бўлиши керак, дедингиз. Батафсил айтиб берасизми, бу нимани англатади?

Марат Ахмеджанов: Мавзу аслида анча кенг. Бу жамоатчилик ҳаёти, маҳалладаги турмуш тарзи, жамоатчилик арбобларининг ҳаёти, жамият ва давлат ўртасидаги муносабат - шахсий, маданий, сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ҳақида бўлиши мумкин. Умуман, ҳар қандай соҳада ўз нуқтаи назарини айтишга қўрқмайдиган, "бу нотўғри" дея фикр билдирадиган ёки бўлмаса, муайян фикрни қўллаб-қувватлайдиган ижодкорлар қатнашишлари мумкин. Фуқаровий мавқе умуман сўз ва фикр эркинлигини англатади.

Би-би-си: Ким қатнашиши мумкин?

Марат Ахмеджанов: Танлов Ўзбекистон ва бошқа давлатлардаги барча ижод аҳлига очиқ. Энг асосий мақсадимиз, албатта, Ўзбекистондаги ёзувчилар, рассомлар, видеопродьюсерлар, иллюстраторларни жалб қилиш, лекин у бошқа мамлакат ижодкорлари учун ҳам очиқ. Асарлар ўзбек, рус, инглиз тилларида қабул қилинади. Биз аллақачон ўнлаб аризаларни қабул қилдик, уларнинг аксари Ўзбекистондан, чунки бу мавзуда ўз фикрини билдиришни истаган одамлар кўп. Одатда Ўзбекистондан йилига ўртача ҳисобда 80та ариза олардик, лекин бу янги мукофотдан мақсад уларнинг сонини ошириш эди. Айта оламанки, бу мақсадга эриша олдик.

Би-би-си: Мукофот қаерда ва қачон топширилади?

Марат Ахмеджанов: Мукофот бизнинг адабий фестивалимиз доирасида эълон қилинаяпти. Бу йил фестивалимиз ноябрь охирида Лондонда бўлиб ўтади. Фестивалнинг охирги кунида ғолиб эълон қилинади ва мукофот топширилади. Ҳакамлар ҳайъатимиз минтақадан яхши хабардор ёзувчилар, шоирлар, ноширлар, таржимонлар ва умуман Ўзбекистонни жуда яхши билагиган 20дан ошиқ мутахассислардан ташкил топган.

Би-би-си: Фуқаровий мавқе мавзусида мукофот эълон қилиниши эндиликда бу фестивалнинг сиёсий тус олаётганини англатадими?

Марат Ахмеджанов: Биласизми, у қайсидир маънода ҳар доим сиёсий аҳамиятга эга бўлиб келган, чунки мана учинчи йилдирки бизда тинчлик мавзусида мукофот топширилаяпти. Унда, мисол учун, Тожикистондаги уруш, Қримдаги воқеалар ҳақида асарлар қабул қилинган. Тожик адибининг китобини ҳам биз инглиз тилида чоп этдик. Айтмоқчиманки, фестивалимизда қандайдир сиёсий характер бир неча йилдирки бор, лекин бу мукофот янада кўпроқ қирраларни очиб беради. Яъни, энди лирика ёки тарих билан чекланиб қолмаймиз ва ижтимоий масалаларга ҳам эътибор берамиз. Адабиёт ўзи бетараф бўла олмайди, чунки масалан, шеъриятни олайлик, Пушкин ё Лермонтов асарларида сиёсий ва ижтимоий муаммолар ёритилган.

Би-би-си: Агар кимдир Ўзбекистондан сизга ўз асарини йўлламоқчи бўлса, қандай йўл тутишлари керак?

Марат Ахмеджанов: Бу интернет орқали амалга оширилади. Улар www.ocabookforum.com сайтига кириб, у ердаги анкетани тўлдиришлари керак бўлади.

Би-би-си: Агар кимдир Ўзбекистондан келиб фестивалда иштирок этмоқчи бўлса, сиз ёрдам берасизми?

Марат Ахмеджанов: Ҳар йили фестивалимизга минтақадан, хусусан Ўзбекистондан ҳам, 20 нафарча адиблар келишади. Биз уларга виза олишда ёрдам беришимиз мумкин ва Лондонда минбар яратиб берамиз, аэропортда кутиб оламиз, меҳмонхонада жой брон қилишга ёрдам берамиз, лекин уларнинг сафаридаги молиявий харажатларни қоплай олмаймиз, чунки бунга маблағимиз йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02 •ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

•Instagram - BBC UZBEK

•Twitter - BBC UZBEK

•Odnoklassniki - BBC UZBEK

•Facebook - BBC UZBEK

•Google+BBC UZBEK

•YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

•Skype - uzbekbbclondon

•bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.