Муддатли ҳарбий хизматга чақириш тартиби ўзгаради

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг қўшма қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчилар танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низоми тасдиқланган.

Янги тартибга биноан, муддатли хизматга боришни хоҳловчилар ҳар йилги танловда фақат бир марта иштирок этишлари мумкин.

Тест натижаларидан норози бўлганлар улар эълон қилингандан кейин 3 иш кун давомида мудофаа ишлари бошқармасига апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга. Шу билан бирга, жисмоний тайёргарлик синовлари натижаларидан норози бўлганлар рўйхати тузилиб, Мудофаа ишлари бошқармаларида лозим бўлганда қайтадан синовдан ўтказилиши айтилади.

Танловга чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этиш ҳуқуқига эга бўлмаган, соғлиғининг ҳолатига кўра ҳарбий хизматни ўташга яроқли деб топилган чақирилувчилар жалб қилинади.

Жисмоний синовлар 25 сентябрдан келгуси йилнинг 15 январигача мудофаа органлари бўлимларида, фанлардан тест синовлари 10 октябрдан келгуси йилнинг 15 январигача Давлат тест маркази томонидан ўтказилади.

Тест имтиҳонлари математика, она тили ва Ўзбекистон тарихи фанларидан бўлади. Барча фанлар бўйича максимал балл 60 ҳисобланади.

Чақирилувчиларнинг умумжисмоний тайёргарлик даражаси 15 балли шкала бўйича баҳоланади.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги расмийларига кўра, муддатли хизматга талабларнинг кучайтирилиши ҳарбий хизматчилар савиясини ошириш мақсади билан боғлиқдир.

Мустақилликдан сўнг, Ўзбекистонда армияда хизмат қилишни хоҳловчилар сони кескин ошган. Бунга асосан ҳарбий хизматга борган йигитларнинг ички ишлар идораларида хизмат қилиш хоҳиши ҳамда олий ўқув юртларига киришда имтиёзлар берилгани сабаб қилиб келтирилади.

Янги қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирган ҳисобланади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.