Ўзбек матбуоти мустақиллик, тўйлар ва фонограмма ҳақида

Фото муаллифлик ҳуқуқи WEB

Яқин ўтмишда "биз буюк халқмиз" деб ёзган ўзбек матбуоти мустақилликнинг 25 йиллиги олдидан президент нутқидан иқтибос ўлароқ олинган ва ҳозирги кунда кенг қамровли ташвиқот шиорига айланган "ким эдигу ким бўлдик" мавзуси остида янада "қизиқарли" сарлавҳалар билан мақолалар чоп этган.

"Печеньени талонга олганман..." (Халқ сўзи, 19 июль)

Учқўрғон туманидан фермер Гулхумор Тоғаева ҳозирги кун "саодатимиз шарофатини" мустақиллик йилларининг бошларидаги "печенье излаб" бўзлаб сарсон бўлган кунларини таққослайди. 1990 йили бир ёшга тўлган фарзандига печенье едирмоқчи бўлган фермер турмуш ўртоғининг Учқўрғон тумани марказида печенье излаб топа олмаганини эслайди. "Дўконларда пештахталар бўм-бўш экан, ҳеч нарса топа олмабди," дейди фермер.

Маҳалла педиатрини кўриб қолиб, поликлиникадан болалар печеньеси учун талон ёздириб олиш маслаҳатини олиб, "бир килограмм печеньени туман марказидаги озиқ-овқат дўконидан талонга сотиб олгани"дан суюнганини айтади.

"1990-1992 йиллари туманимизда саноқли озиқ-овқат дўконлари бор эди. Деҳқон бозори ҳафтада бир марта ташкил этиларди.

"Бугун-чи?! Саодатимиз шарофатини қаранг, дўконларимизда барча нарса муҳайё. Юзлаб озиқ-овқат дўконлари кеча-кундуз ишлаб, аҳолига хизмат кўрсатаяпти. Пештахталари ўзимизда ишлаб чиқарилган сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан лиммо-лим," дейди мақола муаллифи. Тоғаева истиқлол йилларида эришган ютуқлари ҳақида давом этади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи WEB

"Ўзбекистон мустақиллик ва мустабидлик йилларида" (O'zbekiston ovozi, 19 июль)

Номи лотинда мақолалари эса кирилда чоп этиладиган Халқ демократик партияси кунлик нашриёти фотосуратларда "Бухоронинг бугунги камоли ва кечаги аянчли аҳволидан сўзлайди".

Кичик бир мақолада, мустақилликнинг дастлабки йилларига нисбатан бугунги кунда саноат корхоналари сони 145 дан 2180 га етганлиги, "Бухоро" халқаро аэропортидаги ўзгаришлар, ривожланаётган сайёҳлик тизими аҳолининг "тубдан ўзгараётган" ҳаёт тарзи ва дунёқараши ҳақида сўз боради. "Бир сўз билан айтганда, Бухоро кундан-кунга кўкка бўй чўзмоқда, яшнамоқда," дейилади мақолада.

"Оймомонинг 'айфони'" (Milliy tiklanish, 20 июль)

"Ёхуд 'Ким эдигу ким бўлдик?' деган мулоҳаза атрофидаги ўйлар"га толган, номи лотинда асоси кирилда қолаётган яна бир рўзномада чоп этилган катта бир мақолада "Ўзбекистон" НМИУ бош муҳаррири, Азимбой Бобониёзов, 90 йиллар аввалидаги "қийинчиликлар"ни "мустақиллик ютуқларига" таққослайди.

Мисол тариқасида муаллиф бир қишлоқдаги аёл авваллари оддий телефондан фойдаланишни билмагани сабабли ҳангома қилингани, кейинчалик эса бу аёл ўз қишлоғида "бугунги эркин-тўкин кунлар" туфайли биринчи "Айфон" тутганини айтади.

Муаллиф яна "собиқ тузум баковуллари"нинг "стратегия"сини танқид қилади. Жумладан, Қашқадарё ва Сурхондарё воҳаларини боғлайдиган поезд йўллари ва электр энергияси тармоғининг қўшни давлатлар орқали ўтказилгани ҳақида фикр билдириб, Бобониёзов шундай дейди: "қўшни давлатлар, бир кун келиб мустақил бўлганда ҳам муаммоларга учраши учун бир-бирига халқа қилиб боғлаб кетилганди".

"Мен ва йигирма беш оппоқ кабутар" (Диёнат, 21 июль)

Мустақилликнинг 25 йиллиги арафасидаги яна бир мақолада 1991 йили туғилган Биби Робиа Саидова ўз ёшини оппоқ кабутарларга таққослаб, туғилишидан олдинги "қора қарғалар қағиллашини" эшитмаганига шукр қилади.

"Мана, бир вақтлар қарғаларнинг дастидан аждодларимиз қаролмаган кўм-кўк, беғубор, кенг осмонга кўтарилдик. Ҳа, биз кўтарилдик: мен ва йигирма беш оппоқ кабутар," дейди муаллиф, мақолада истиқлол йилларидаги ўзгаришларга ижодий ёндошиб.

"Алам билан ўтган тўй" (Халқ сўзи, 21 июль)

"Ким эдигу ким бўлдик"нинг яна бир меҳмони меҳнат фахрийси Меҳмон Ботиров. Фахрий 1968 йилда бўлиб ўтган "во аламо, во алам" тўйини эслаб, набирасининг ўтган йилнинг 15 октябрида ўтказилган тўйини мақтайди. Мақола муаллифи набираси тўйи арафасида маҳалла фаолларидан қуйидаги "маслаҳат"ни олганини айтади: "Илтимос, машиналар сонини кўпайтирманглар. Иложи борича, ортиқча дабдабага йўл қўйманглар, ихчамлаштиринглар".

"Бугун билан кечанинг ўртасида тоғдек фарқ бор. Демоқчиманки, яйраб, ҳузур қилиб яшайдиган замон келди. Уни кўз қароғидек асраш лозим. Чунки тўй - инсон ҳаётининг бахтли кечиши ифодаси. Бугунги оилавий шодиёналаримиз мазмуни айнан шундай," дейди тўйдан олди маҳалла фаоллари томонидан тартибли тўй ўтказишга чақирилган фахрий.

"Муаммога маҳаллада ечим топилди" (Mahalla, 21 июль)

Фото муаллифлик ҳуқуқи WEB

Кутилмаганда, Mahalla газетасида чоп этилган бир кичик мақола икки қишлоқдаги муаммоларни санай бошлайди. "Навбаҳор ва Баҳористон қишлоқларида йўллар таъмирталаб, газ, электр энергияси, ичимлик суви таъминоти ҳам муаммога айланган. Оилавий бизнес ва хусусий тадбиркорлик бу йиғин аҳли учун гўё етиб бўлмайдиган орзу".

Мақола муаллифи Т. Ҳайитбоев Мирзаобод туманида тадбиркорларга ҳоким ташаббуси остида кўрсатилган кўмак ҳақида, ҳамда фуқаролар йиғинлари фаолияти ҳақида сўз юритади, бироқ газ, электр энергияси, ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммолар ечими қандай ечилиб, қандай натижаларга эришилгани ҳақида гапирмайди.

"Аҳолининг турмуш фаровонлиги, ҳудудлар кўрки, ободлиги, аввало, уларнинг ўз қўлида эканлиги ҳисобот даврида бот-бот тилга олинмоқда. Бу албатта, туман аҳлининг "Қарс икки қўлдан чиқади" нақлига амал қилиш билан боғлиқлигини чуқур англаб етишига туртки бўлаётир," деб ҳулоса қилади муаллиф.

"ФОНОГРАММА(сиз) Шоу-бизнесГА ЙЎЛ ОЧИЛАДИ!?" (XXI ASR, 21 июль)

Фото муаллифлик ҳуқуқи WEB

Кумуш Раупова ва Сардор Туробовлар ўзбек санъат соҳасидаги камчиликларга газетхонлар нигоҳини қаратадилар. Мақола бошида муаллифлар мамлакатдаги барча соҳалардаги тадбиркорликнинг тутган ўрнини эслатиб, шуни қўшимча қиладилар: "қўшиқчиликнинг шоу-бизнес йўналишида фаолият юритаётган айрим хонанда, клипмейкер, продюсер ва режиссёрлар даромад илинжида маънавиятимизга зид турли хил ноанъанавий чиқишлар орқали мутахассис, мухлис ва томошабинларнинг эътирозига сабаб бўлаётир".

Мақолада ёшларнинг асл миллий мусиқа санъатига камаяётган қизиқишлари, ҳамда "'оммавий маданият' унсурлари бўлмиш бачкана қилиқларнинг" улар орасида тарқалиши туфайли миллийлик, умуминсонийлик каби тушунчаларга жиддий путур етаётгани таъкидланади.

Мақола Ўзбекнаво томонидан ўтказилган анжуман ҳақида тафсилотлар бериб, концертларда фонограммадан фойдаланиш махсус комиссия назорат остида эканлигини эслатади. Анжуманда саёз, енгил-елпи, ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатадиган қўшиқлар муҳокама қилингани айтилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.