Россия 18 тонна шафтолини Ўзбекистонга қайтарган

Россиянинг Новосибирск вилояти мутахассислари Ўзбекистондан автомобилда олиб борилган 18 тоннадан ортиқ шафтоли ичида қурти мевани ейдиган капалак топганидан кейин меваларни ортга қайтаришга қарор қилганлар.

"Россельхознадзор" идораси матбуот хизматининг хабар тарқатишича, Новосибирскдаги омборда сақланиб турган шафтоли фитосанитар назоратидан ўтказилганида ичидан илмий номи Grapholita molesta ёки нок капалаги деб ном берилган ҳашарот топилган.

Бу ҳашарот карантин объекти ҳисобланади ва Россия ҳудудига олиб кириш тақиқланган.

"Россельхознадзор" идорасига кўра, юкнинг эгаси 18 тонна шафтолини қайтиб Ўзбекистонга олиб кетишга қарор қилган.

Бундан олдин ҳам Ўзбекистондан Россияга олиб борилган мева-сабзавот ичида заруркунандалар топилганлар.

Май ойи охирида Олтой ўлкасида 5 тоннадан ортиқ помидор касаллангани аниқланган.

Июн ойида Саратов вилоятида Ўзбекистондан олиб борилган 18 тонна олхўри орасида олхўри чечаги деган касалликка чалинганлари ҳам борлиги аниқланган.

Бутун олхўри партиясини ҳарбий полигонда йўқ қилиш қарори олинган.

Орадан бир неча кун ўтиб яна 18 тонна олхўри билан худди шундай ҳодиса юз берган.

Бу йил Ўзбекистон ҳукумати Россияга мева-сабзавот етказишни олдинги йилларга қараганда ҳам кўпайтиришга қарор қилган.

Шу мақсадда апрел ойида махсус "Ўзагросуғурта" деган ташкилот ҳам тузилди.

Тошкентда мева-сабзавот ярмаркаси ташкил этилди.

Бу ярмаркада гапирган Бош вазир Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон 2020 йилга бориб мева-сабзавот экспортини 3 баравар кўпайтириб 32 миллион тоннага етказиш ниятида эканини айтди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

• ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

• Instagram - BBC UZBEK

• Twitter - BBC UZBEK

• Odnoklassniki - BBC UZBEK

• Facebook - BBC UZBEK

• Google+BBC UZBEK

• YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

• Skype - uzbekbbclondon

• bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг