WBA: ‘Руслан Чагаев яна рейтингга қайтиши мумкин’

Руслан Чагаев Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Жаҳон Бокс Уюшмаси бу ҳақда ўзбекистонлик номдор боксчининг жаҳон чемпионлиги камаридан мосуво этилиши ва бунинг ортидан ўз рейтингидан ҳам чиқарилиши мумкинлигига оид хабари сўнггида маълум қилган.

Руслан Чагаев шу пайтгача профессионал бокснинг WBA таснифида энг оғир вазн тоифасида амалдаги жаҳон чемпиони саналар эди.

"Кўзда тутилган тўловни фоизи билан тўлаган тақдирда, маълум шартлар асосида, Руслан ва унинг промоутери имтиёзлари тикланиши, Чагаев яна рейтингга қайтиши мумкин бўлади", - дейилади Жаҳон Бокс Уюшмасининг бу хусусдаги расмий баёнотида.

Худди шу ўринда WBA сўнгги икки қарорини "кўзда тутилган тўловларни тўламаганлик" сабаби билан изоҳлаган.

Хоссатан, Руслан Чагаевнинг Фрес Окендога қарши 2014 йилги жанги учун тўланиши шарт бўлган $40.750 долларлик тўловга алоҳида тўхталиб ўтган.

Руслан Чагаевнинг бу ҳақда WBA томонидан бир неча бор огоҳлантирилгани, аммо бирор бир жавоб олинмагани таъкидланган.

Жаҳон Бокс Уюшмасининг баён қилишича, кўплаб талаблари ва берган имкониятлари ортидан, тартиб-қоидаларига мувофиқ, бир қарорга келишган.

Яъни, "Руслан Чагаев жаҳон чемпионлиги камаридан мосуво этилган ва бунинг ортидан рейтингдан чиқарилиши ҳам кўзда тутилган".

"На-да Руслан Чагаев ва на-да промоутери Тимур Дугазаевнинг WBA рухсати билан бўлиб ўтувчи жангларда иштирок этишлари ва ёки уларни тарғиб этишлари мумкин бўлиши" ҳам айтилган.

WBA расмий хабари тафсилотларига таянилса, "Чагаев ва ёки промоутерининг кўзда тутилган тўловларни тўлашларини назарда тутган ҳолда маҳкама Окендо билан реванш жанги ўтказилишига буйруқ берган".

Аён бўлишича, бунинг учун "якуний муҳлат ўлароқ жорий йилнинг 14 июли белгиланган, аммо WBA га бу каби тўлов келиб тушмаган".

Аммо, Жаҳон Бокс Уюшмасининг энг сўнггида айтишича, "агар кўзда тутилган тўловлар тўланса, Чагаев ва жамоаси бу ўнғайсиз вазиятдан чиқиб кетишлари мумкин".

Жанг

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Эслатиб ўтиш жоиз, икки рақиб боксчи ўртасидаги бу жанг ўша йилнинг 6 июл куни бўлиб ўтган.

Очколар ҳисобига асли пуэрто-рикалик рақибини мағлуб этган Руслан Чагаев профессионал боксда ўз вазн тоифасида иккинчи бор жаҳон чемпионига айланганди.

Шундан сўнг Руслан Чагаевнинг ўша йилнинг 17 октябр куни реванш жангида асли пуэрто-рикалик рақиби Фрес Окендо билан рингга тушиши ҳам режаланганди.

Бироқ рақибининг елкасидан олган жароҳати сабаб, Олмониянинг Киль шаҳрида бўлиб ўтиши кутилган жанг бекор бўлганди.

Бунинг ортидан Руслан Чагаев ўз чемпионлик камарини ҳимоя қилиш учун шу йилнинг март ойида австралиялик боксчи Лукас Браунга қарши рингга чиққан.

Аммо бу гал ҳам Грознийда бўлиб ўтган ҳал қилувчи жангида рақибига ютқазиб қўйганди.

Орадан икки ой ўтиб эса, иккинчи допинг синовидан ҳам ўта олмагани боис, Жаҳон Бокс Уюшмаси Лукас Браунни жаҳон чемпионлиги камаридан мосуво этган ва уни олти ойга боксдан четлатганди.

Жаҳон Бокс Уюшмасининг ана шу қарори ортидан эса, Руслан Чагаев ўзининг собиқ рақиби Фрес Окендо билан қайта музокараларини бошлаши мумкинлиги айтилган ва унга бунинг учун 120 кун муҳлат берилганди.

Худди шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, 2012 йилдан буён ўз жангларини эркин агент мақомида ўтказиб келаётган Руслан Чагаев, қарийб уч йилдирки, Чеченистондаги Аҳмат Ҳожи Қодиров бокс клубини намоён этиб келади.

Бу клуб амалдаги чечен раҳбарининг ташаббуси ва қарори билан 2013 йил охирларида жаҳон, Оврўпо ва Россия чемпионлари дохил жаҳон миқёсидаги спортчиларни тайёрлаб келган "Рамзан" клуби ўрнига ташкил этилган ва марҳум отасининг номи билан аталган.

Бошқа хабарлар

Боксга ихтисослашган қатор Россия нашрлари, жумладан, Sports.Ru нинг шу кунларда ёзишича, 37 ёшли Руслан Чагаев ўзининг боксчилик фаолиятини якунлашга қарор қилган.

Нашр бу ҳақда, гўёки, унинг промоутери Тимур Дугазаевга таяниб хабар берган.

Айтилишича, "бунга Русланнинг кўзларидаги муаммо сабаб бўлган".

Айни шу ўринда чап кўзидаги муаммолар сабаб, ўзбекистонлик номдор боксчининг 2001 йили жарроҳлик амалиёти ўтказгани ҳам эслатиб ўтилган.

Би-би-си Ўзбек Хизматининг боксчи ўзи билан боғланиб, бу каби хабарларга ойдинлик киритиш уринишлари эса, ҳозирча ўз самарасини бергани йўқ.

Руслан Чагаев 2007 йилда россиялик боксчи Николай Валуевни енгиб, профессионал карьерасида илк бор жаҳон чемпионлигини қўлга киритганди.

У сўнгги бор 2011 йилда жаҳон чемпионлиги камари учун рингга чиққан, аммо жангини бошқа бир россиялик боксчи Александр Поветкинга бой берганди.

Ҳаваскор боксда ҳам бир неча бор Осиё ва Жаҳон чемпионлари бўлган ўзбекистонлик донгдор боксчи профессионал боксда ҳам энг оғир вазн тоифасида дунёдаги энг кучли боксчилардан бири саналади.

Руслан Чагаев профессионал боксда шу пайтгача 38 та жанг ўтказган бўлса, шундан 34 тасида ғалаба қозонган.

Учтасида жангини бой берган ва биттасида дуранг натижа қайд этган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.