Марказий Осиё: Ўзбекистон энг яхшисими?

Интернет фойдаланувчиси

Агар, янги тадқиқот натижаларига таянилса, Ўзбекистон интернет фойдаланувчиларининг сони бўйича дунёнинг 201 давлати орасидан 37-ўринда экан.

Бу эса, ўз навбатида, Марказий Осиё давлатлари орасида қайд этилган энг яхши кўрсаткич бўлиб чиққан.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда интернет фойдаланувчиларининг сони ўтган бир йил ичида сони 6.1 фоизга ортгани ҳам маълум бўлган.

Сўнгги тадқиқот InternetLiveStats томонидан олиб борилган.

Айни тадқиқот тафсилотларидан Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан кўпроғи, яъни 15.4 миллиондан ортиқ кишининг интернетдан фойдаланиши маълум бўлган.

Аммо бу ширкат тадқиқотининг қай асосда олиб борилгани ва унда келинган хулосалар қандай манбаларга таяниши маълум эмас.

Ўзининг 100 миллиондан ортувчи интернет фойдаланувчиси билан собиқ Шўро давлатлари орасидан энг яхши натижа қайд этган Россия эса, янги рўйхатда 6-ўринни эгаллаган.

Россия, бошқа томондан, бу каби кўрсаткичи билан юқори ўнликка киролган ягона собиқ Шўро давлати бўлган.

Ўзбекистондан учта ўринда юқори келган Украина эса, Россиядан кейин иккинчи энг яхши натижа қайд этган.

Сўнгги беқарорликлар манзарасида ҳам Украинада 20 миллионга яқин кишининг интернетдан фойдаланиши маълум бўлган.

Аммо

Лекин, таъкидлаш жоиз, янги рўйхатда 31-ўринда келган ва ўзининг ўта анъанадорлиги билан танилган Саудия Арабистони эса, ўз интернет фойдаланувчиларининг сони бўйича бу икки давлатни ҳам ортда қолдириб кетган.

Сўнгги тадқиқот натижаларидан ҳозир Саудия Арабистонидаги интернет фойдаланувчиларининг сони 21 миллиондан ортиши маълум бўлган.

Марказий Осиё давлатлари орасидан 43-ўрин билан Қозоғистон иккинчи энг яхши натижа қайд этган давлат бўлиб чиққан.

Озарбайжон 58 ва Беларус 61-ўринда келган.

Бошқа томондан, Ўзбекистоннинг кўрсаткичи Бельгия ва Швейцария каби ривожланган Оврўпо мамлакатлариникидан ҳам юқори экани маълум бўлган.

Давомий қуролли низолар ичида бўлган қўшни Афғонистон эса, бу рўйхатда 99-ўринни эгаллаган.

Аммо, шунда ҳам, Афғонистондаги вазият Қирғизистондагидан кўра яхши бўлиб чиққан.

Маълум бўлишича, шунча қуролли низоларга қарамай, Афғонистон аҳолисининг икки миллиондан ортиқроғи интернетдан фойдаланар экан.

Янги рўйхатда Афғонистондан етти ўрин қуйида келган Қирғизистондаги интернет фойдаланувчиларининг сони эса, афғонлардан бир неча юзтага кам экан.

Тожикистон бу икковлондан ҳам қуйи, яъни 114-ўринда келган бўлса, 134-ўрин билан Туркманистон энг ёмон натижа қайд этган сўнгги Марказий Осиё давлати бўлган.

Бошқа томондан, таъкидлаш жоиз, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон, бу рўйхатда, ҳатто, юқори юзталикка ҳам туша олишмаган.

Ўзининг 721 миллионта интернет фойдаланувчиси билан Хитой тадқиқот олиб борилган қолган 200 давлатни ортда қолдириб кетган. Янги рўйхатда пешқадамлик қилган.

Ҳиндистон (462 миллион) ва АҚШ(қарийб 287 миллион) эса, юқори учликка кирган қолган икки давлат бўлишган.

Энг сўнггида таъкидлаш жоиз, Хитой ва Ҳиндистон дунёнинг аҳолиси энг кўп иккита давлати бўлишса, Марказий Осиёда бу мавқеъни Ўзбекистон эгаллайди.

Бошқа томондан, "Чегара билмас журналистлар" халқаро ташкилоти интернет цензураси бўйича Ўзбекистонни, йилларки, "ёмонлар рўйхати"га қўшиб келиши ҳам бор гап.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.