Туркиядаги вазият
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Ўзбектуризм' фуқароларни Туркияга саёҳатдан огоҳлантирди

"Ўзбектуризм" Миллий ширкати Ўзбекистон фуқароларини Туркияда вазият барқарорлашгунига қадар бу мамлакатга саёҳат қилмай туришни маслаҳат бермоқда.

Ширкат вебсайтида эълон қилинган хабарда Туркияга йўналган Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, ушбу йўналишга сайёҳларни жалб қилувчи туроператорлардан Туркиядаги ижтимоий-сиёсий вазият назарда тутилиши сўралган.

"2016 йил 27 июлдаги ҳолат бўйича, Туркия Республикасининг маълум ҳудудларида юқори даражада таранглик сақланиб қолаётганинини ҳисобга олиб, Туркияга саёҳат қилиш хавфсиз эмас. Шу муносабат билан мамлакатдаги вазият барқарор ҳолатга келмагунча у ерга саёҳат қилиш тавсия этилмайди", дейилади мурожаатда.

Шу билан бирга Туркиядаги Ўзбекистон фуқароларидан хавфсизлик чораларига риоя қилиш кераклиги эслатилади.

16 июлга ўтар жума кечаси Туркияда бир гуруҳ ҳарбийлар томонидан давлат тўнтаришига уриниш содир этилди.

17 июл куни ҳукумат вазият тўлиқ ўз назоратига олинганини айтди. Президент Эрдўғон мамлакатда уч ойлик муддатга фавқулодда эълон қилди.

Фавқулодда ҳолат президент ва ҳукуматга янги қонунларни ишлаб чиқиш ва давлат тўнтаришига уринишига боғлиқ хавфларни бартараф этиш имконини беришини айтди.

Айни пайтда Туркияда бўлган баъзи ўзбекистонликларнинг айтишларича, мамлакатда вазият аввалгилардан деярли фарқ қилмайди.

Туркияда муҳожиротда бўлган ўзбекистонлик журналист Нарзулло Охунжоновга кўра, фавқулодда ҳолат одамларнинг кундалик ҳаётида сезилаётгани йўқ.

"Йўллар очиқ, машиналар бемалол ҳаракатланяпти. Дўкон ва бозорлар ишламоқда. Сайёҳлар ҳам келиб-кетиб, ўз зиёратларини амалга оширишмоқда".

Полиция, ҳарбийларнинг аҳолининг ҳаётига иштироки кўзга ташланмайди. Муҳим объектларда, аэропортларда албатта улар кўпдир. Лекин оддий кўчаларда буни сезмайсиз. Албатта ҳукумат ўз ишини давом эттиряпти. Полиция кучлари хавфсизликни ҳимоя қилишмоқда. Лекин бу одамларнинг кўз ўнгида вазиятни бўрттириб, таҳлика солиб амалга оширилаётгани йўқ. Ҳаёт аввалгидек давом этмоқда. Тинч", дейди журналист.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02 •ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • •Instagram - BBC UZBEK
  • •Twitter - BBC UZBEK
  • •Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • •Facebook - BBC UZBEK
  • •Google+BBC UZBEK
  • •YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • •Skype - uzbekbbclondon
  • •bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.