Ўзбекистон "сариқ касал" кўп тарқалган мамлакатлардан

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Гепатит Сга қарши кураш кампаниясининг ўйинчоқ вирус модели.

Гепатит С - бутун дунёда ўлим ҳолатлари ошишига сабаблардан бўлиб, соғлиқни сақлаш соҳаси учун улкан муаммодир.

Бироқ аксарият беморлар ўзларининг гепатитни юқтирганларини билмайдилар. Шу боисдан сариққа қарши курашда ҳал қилувчи ролни замонавий асбоблар ўйнайди.

Шифокорлар гепатитни "сокин эпидемия" деб атайдилар. Даҳшатли сондаги - зарарланганларнинг 95 фоизи касаллик ташувчилар эканликларини хаёлларига келтиришмайди.

Бутун дунёдаги тахминан 150 миллион беморнинг катта қисми ҳеч қандай муолажа олишмайди. Шу билан бирга, ҳар йили гепатитдан 700 минг инсон ҳаётдан кўз юмади.

Гепатит С - энг жиддий жигар касаллиги бўлиб, унга қарши вакцина ҳозирча йўқ.

Тадқиқотларга кўра, Марказий ва Шарқий Осиё ҳамда Шимолий Африка дунёда сариқ касаллигининг C ва B тури энг кўп тарқалган минтақалар ҳисобланиб, Марказий Осиё республикалари ичида Ўзбекистонда энг юқори даража қайд этилган.

Одамлар йиллар давомида гепатит билан касалланганларини билмай юришлари мумкин. Гепатит С билан зарарланганларини аниқлаганларида эса, кўпинча жуда кеч бўлади, касаллик жигар церрози ва ҳатто жигар саратонига айланади.

Ўзбекистонда сариқ касаллигига асосий сабаб қилиб тоза бўлмаган ичимлик суви истеъмол қилиш, санитария-гигиена қоидаларига риоя этмаслик, бир хил тиббий асбоблардан фойдаланиш ва гиёҳвандлик ҳолатлари келтирилади.

"Дунёдаги "тинч эпидемия"

130-150 млн инсон хроник гепатит С билан яшайдилар.

95 фоиз киши С ва В вирусини юқтирганини билмайди.

80 фоиз инсонда ўткир гепатитнинг белгилари кўринмайди.

Ҳар йили 700 мингдан ортиқ инсон гепатит С туфайли вафот этади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Касаллик кўпинча гиёҳвандлар орасида битта щприцдан фойдаланганда юқади.

Айни пайтда дунёда СПИД, безгак, сил касалликларининг миқёслари кейинги 15 йилда бироз пасайган бўлса, гепатит С билан ўлим ҳолатлари фақат ошаётгани кузатилмоқда.

Мутахасисларга кўра, бундай фожеали рақамларга сабаб касалликка қарши кураш етарли даражада молиялаштирилмагани ва бошқа касалликларга нисбатан кам эътибор қаратилганидир.

Касаллик асосан нотўғри қон қуйиш ёки стерилланмаган тиббий асбоблар орқали, кўпинча умумий шприцлардан фойдаланилганда келиб чиқади.

Охирги вақтларда сариқ касаллиги гиёҳвандлар орасида гигиенага риоя қилмаслик орқасида юқаётгани аниқланган.

"Биз одамлар гепатитдан ўлиб кетишларини олдини олиш учун нимадир бошлашимиз керак", дейди Дунёда гепатитга қарши кураш лойиҳаси директори доктор Готтфрид Хиршолл Би-би-сига.

Унга кўра, кўп минтақаларда, жумладан Ҳиндистонда СПИДга қарши оммавий текширувлар мунтазам амалга оширилсада, лекин гепатитга қарши тестлар ўтказилмайди.

Манипурда ўтказилган оммавий текширувда қатнашган 1100 инсоннинг деярли ярмида анализлар ижобий чиққан.

Ҳиндистон, Мўғулистон ва Австралияда муаммога эътибор қаратиш учун махсус маърифий дастурлар ташкил қилинган.

Ҳолландияда ўз-ўзини текшириш бўйича сайт очилган. Аҳолини сайтдаги тестдан ўтишга жалб қилиш учун фаоллар Ҳолландияда энг кўп фойдаланиладиган велосипед ўриндиқларига қизил қопламалар тарқатишган.

"Бизда кўплар велосипедда юришади. Шунинг учун тарғиботимизда велосипеддан фойдаланиб у орқали одамлар эътиборини касалликка қарши курашга қаратдик. Одамларнинг ўзлари кейин тарғибот материалларимизни велосипедлари орқали шаҳар бўйлаб тарқатишди", дейди Амстердамдаги соғлиқни сақлаш вакили Шинкел Би-би-сига.

Онлайн тест орқали аниқланган касалликка мойиллиги борлар сайтдан бепул ва аноним тестга йўлланма олишлари мумкин. Натижа ҳам онлайн келади.

Шу йўл билан 41 минг киши тестдан ўтиб, соғлигини текширишга муваффақ бўлган.

Биз шу йўл билан касалликни тарқалишининг олдини олмоқчимиз, дейди Амстердамдаги соғлиқни сақлаш вакили. Ҳолландияда гомосексуаллар орқасида гепатит касаллиги кўп учрайди.

Мўғулистон эса дунёда Гепатит С даражаси бўйича учинчи ўринда.

Шунингдек, Мўғулистонда жигар раки кўп тарқалган. Аҳоли сонига ҳисоблаганда Миср, Габон ва Мўғулистонда гепатит билан касалланганлар энг кўп.

Австралияда маҳбуслар орасида сариқ касаллигининг С тури кенг тарқалгани маълум бўлган.

Австралия қамоқхоналарида дунёда биринчи бор маҳбусларни гепатит бўйича тестлардан ўтказилган ва бошқа қамоқхонага кўчирилаётганда яна текширувга юборилганлар.

Кимда сариқ касаллиги аниқланса, муддати тугагунча гепатолог назоратига киритилган.

Миср, Гуржистон ва Кенияда ҳам оммавий текширувлар йўлга қўйилган.

Бироқ мутахассислар бу каби текширувлар гепатит С ни даволаш асбоблари қимматлигича қолар экан, кутилганидек натижа беришига шубҳа билдирадилар.

Масъул шахслар ҳам текширув, ҳам даволаш барча учун қулай ва арзон бўлишига эришмагунчаларича, бу борада керакли натижани олиш қийин, дейди улар.

Тадқиқотлар кўрсатишича, дунёда гепатит билан зарарланган минтақалар Марказий ва Шарқий Осиё, шунингдек Африкадир.

Мисрда аҳолининг 7,8 фоизи гепатит С билан касалланган, бу дунёда энг юқори кўрсаткич саналади.

Шунингдек, Габон, Мўғулистон, Камерун, Сьерра-Леоне, Того, Чад, Нигерия, Нигер, Покистан, Сенегал, Гана, Либерия ва Ўзбекистон ҳам сариқ касаллиги тарқалиши кучли мамлакатлар қаторида.

Энг юқори ўлим ҳолатлари Океания, Африка давлатлари ва Марказий Осиёда қайд этилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.