АҚШ ва Ўзбекистон Гулнора Каримова пуллари устида баҳслашмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Гулнора Каримованинг ўзи ташқи дунёдан узилган, ҳозирда уй қамоғида деб ишонилади.

Манхэттен федерал маҳкамаси ҳаками Эндрю Картер шу ҳафта АҚШ ва Ўзбекистон адвокатларига президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли экани айтиладиган офшор ҳисоблардаги музлатилган юз миллионлаб доллар пулларнинг тақдирини маҳкамадан ташқари тартибда ҳал қилиш учун яна уч ой муҳлат берган.

Шу пайтгача берилган уч ойлик муддат якшанба куни ниҳоясига етади.

Ҳакам Картер томонларга 31 октябрга қадар масалани ҳал қилишни топширган.

Агар томонлар ўша муддатда ҳам келишувга эришмасалар, маҳкама жараёнлари бошланади.

Маҳкама бир йил олдин бошланган. АҚШ Адлия вазирлиги Ўзбекистон телекоммуникация тизимидаги коррупция тергови доирасида Россиянинг икки телеком ширкати Vimpelcom ва МТC ширкатлари орқали ҳукуматнинг исми келтирилмаган "А" мулозимига пора сифатида берилган ва Оврўпо банкларида сақланаётган юз миллионлаб долларларни ҳибс қилишни сўраганди.

Аризага кўра, ушбу "А" деган шахс бошқа кишилар номига расмийлаштирилган Takilant, Swisdorn ва Expoline ширкатларининг ҳақиқий эгаси ҳисобланади.

Оммавий ахборот воситалари энг бошидан бу давлат мулозими Гулнора Каримова эканлигини тахмин қилишган. Шу йил бошида эса АҚШ ҳукумати биринчи бор Гулнора Каримова номини маҳкама ҳужжатларида келтиришган .

Маҳкама ҳужжатларига биноан, ўтган йилги даъво 300 млн доллар ҳақида борган. Бу йил АҚШ расмийлари яна 500 млн доллар учун даъво аризаси киритишган.

Қўшма Штатлар ҳибс қилинишини талаб этган 300 миллион миқдоридаги бу пул-маблағлар, айтилишича, Bank of New York Mellon Corp. нинг Ирландия, Люксембург ва Белгиядаги ҳисобларида сақланади.

Шу тариқа Ўзбекистон Президенти оиласининг номи аралашган ва камида уч Оврўпо давлатида олиб борилаётган йирик халқаро коррупция терговига Қўшма Штатлар ҳам қўшилганди.

VimpelСom ширкати АҚШдаги текширувлардан хабардор эканлигини айтган, аммо жараённинг бориши ҳақида шарҳ беришдан бош тортган. MTS ҳам АҚШдаги маҳкама даъвоси юзасидан шарҳ бермаган.

Ҳужжатлар кўрсатишича, даъво туғрисида хабар Американинг forfeiture.gov сайтида чоп этилган ва томонларга юборилган, бироқ фақат Ўзбекистон ҳукумати унга муносабат билдиргани айтилади.

Белгиланган муддатда бошқа томонлар муносабат билдирмагани боис, июн ойида пуллар АҚШ ҳукумати фойдасига ҳал қилинганди. Бироқ бу пулларга Ўзбекистон ҳукумати ҳам даъвогарлик қилмоқда.

Маҳкаманинг янги қарорига кўра, энди Ўзбекистон АҚШ билан даъво тўғрисида музокаралар олиб боришига қўшимча вақт бор.

Гулнора Каримова иши

Россиянинг ўзбек телеком бозоридаги икки йирик ширкатига нисбатан илгари сурилаётган коррупция айбловлари Швециянинг TeliaSonera ширкати юз тутган айбловлар билан ҳамоҳанг.

TeliaSonera Ўзбекистон ҳукуматидан 3 G ва 4G лицензияларидан фойдаланиш ҳуқуқини сотиб олиш учун Президент Каримов оиласига яқин шахсларга юзлаб миллион доллар пора берганликда айбланган.

Швециядаги текширувлар TeliaSonera раҳбари Ларса Нюберг ва ватор бошқарувчиларнинг истеъфосига олиб келган.

Ушбу тергов доирасида Президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага яқин қатор шахсларга айблов эълон қилинган ва Гулнора Каримованинг Франция ва Швейцариядаги уйларига рейдлар уюштирилган.

Айни пайтда Швецияда сиртдан айблов эълон қилинган қатор Ўзбекистон фуқаролари, жумладан Гаяне Авакян ва Рустам Мадумаров Ўзбекистон Бош прокуратураси олиб борган молиявий жиноят иши бўйича узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этилган.

Коррупция можароси марказида бўлган Президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова эса Тошкентда уй қамоғида деб ишонилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.