'Фуқаролик масалаларини ҳамкорликда ҳал қилиш керак'

Собиқ Шўро давлатларидаги энг узоқ давом этаётган муаммоларидан бири юз минглаб кишиларнинг фуқароликсиз қолаётганидир.

БМТ маълумотларига кўра, собиқ Совет Иттифоқи ҳудудида 600 мингдан ортиқ киши "фуқаролиги йўқ шахс" таърифига мос тушади.

Марказий Осиё давлатларида ҳам ўн минглаб инсонлар айни шу муаммодан азият чекишади.

Бу мамлакатларда туғилган ва тақдир тақозоси билан қўшни давлатлар кўчган минтақа миллатлари орасида фуқароликсиз яшаб келаётганлар сони минглаб эканлиги айтилади.

Улар орасида ўзбеклар ҳам оз эмас.

Хусусан, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистонда туғилган, аммо йигирма йилдан ортиқ Ўзбекистонда яшаётган ўзбекларга фуқаролик берилмаётгани сир эмас.

Аксар ҳолатларда фуқаролиги йўқ шахслар ўзлари яшаётган мамлакатнинг хизматлари, хусусан бепул соғлиқни сақлаш хизмати ва таълимдан фойдалана олмайдилар.

БМТ Олий Комиссарлигининг Тожикистондаги бошқармаси ваколатхонаси раҳбари Кевин Алленнинг изоҳлашича, СССР парчаланиб кетганидан кейин кўплаб одамлар янги барпо бўлган давлат фуқаролигини олиш мақсадида ўз вақтида мурожаат этмаганлар. Кўп мамлакатларда чегара аниқ эмас.

"Бунинг устига, Тожикистонда фуқаролар уруши бошланган ва кўп одам мамлакатни тарк этган. Ўз вақтида қайтишга имконлари бўлмаган. Шу боис ўша одамларнинг бир қисми ўз фуқаролигини тасдиқлатиб ололмаган. Ваҳоланки, улар умрларининг кўп йилини Тожикистонда ўтказганлар. Улар депортация, жазолар ва жарималардан қўрқишгани боис, ўзларининг мавжудлигини билинтирмай яшашни маъқул кўришади. Кўпинча жарималарнинг миқдори бир оила бир йил давомида топадиган даромаддан ҳам кўпни ташкил қилади", - дея тушунтиради у.

Сизнингча, бу инсонларнинг фуқаролик масаласи қандай ҳал этилиши керак? Нега узоқ йиллар уларга фуқаролик берилмайди? Сиз фуқаролиги йўқ шахсмисиз? Ўз яқинларингиз орасида бу каби ҳолатдан озор чекаётганларни биласизми?

BBCUZBEK Facebook гуруҳи муштарийлари:

(Аксарият изоҳлар таҳрирсиз берилмоқда-таҳ.)

Zuhra Kurbon: 22 йил буён узбекистонда яшаётган одамлар куп аммо хозиргача фукоролиги йук. Бир инсон умри утаяпти ахир 4 ёшида келган бола хозир тошкент давлат кимё технология институти магистри лекин халигача фуколиги йук

Фахриддин Соли: Кимни паспорти ёки метрикаси бор бўлса демак у қайсидир (ўша) давлатнинг фуқороси.

Farkhod Abdurakhmonov: Мазкур муаммо бўйича халқаро миқёсда анча тажриба мавжуд ва шунингдек, халқаро ташкилотларда бу каби масалаларни ҳал этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар ишлаб чиқилган. Мен фуқаролиги йўқ шахсларнинг юзага келишида ва уларга узоқ йиллардан буён фуқаролик берилмаганлигига асосий айбдор деб Марказий Осиё давлатларининг мутассади мулозимларини ҳисоблайман. Агар улар инсон ҳаётига бепарволик ва беписандлик билан қарамаганларида, ушбу муаммо аллақачон ҳал этилган бўларди. Ахир бизлар, яъни ҳозирги Марказий Осиё ҳудудидаги давлатларнинг аҳолиси уларнинг этник таркибидан қатъий назар, бир неча минг йиллардан бери чегара билмай бирга яшаб келган халқлармиз-ку. Бизларни боғлаб турган умумий тарих, маданият,дин, урф-одат ришталари мавжуд. Шундай экан фуқаролик масаласини ҳуқуқий томондан ечимини топишда ушбу омилларга таяниб иш тутишимиз керак. Ваҳоланки, турли давлат фуқаролари умуман бошқа бир минтақага бориб уч йил, беш йил ёки ўн йилга ўша давлатнинг фуқаролигини деярли муаммосиз қўлга киритмоқдалар. Нега бу ҳолат бизга ваҳимали кўриниши керак?

Zuhra Kurbon: Хамма фукоролиги йук инсонлар качон хал булишини кутиб яшашаяпти

BBCUZBEK Одноклассники

К о н с т р у к т о р: Собик СССР парчалангани билан уни таркибадаги аксарият мамлакатларда тузум бутунлай узгаргани йук, таъбир жоиз булса Маказий Осиё давлатлари узида собик иттифокни купгина жихатларини саклаб колган, бу нарса уз-узидан рахбариятга, уни кайси тузумда шаклланганига боглик. Мустакиллик даври кадрлари аста секин эски кадрлар билан алмашинув жараёни даврига якинлашяпти, янгича фикрловчи кадрлар давлат тепасига келгандан сунг куп масалалар ва шу билан бирга фукоролик масалалари хам ижобий хал була бошлашини умид килиш мумкин.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.