Ўзбекистон электрон ҳукумат бўйича юқорига кўтарилган

БМТнинг электрон ҳукумат тараққиёти даражаси бўйича рўйхати (United Nations E-Government Survey 2016)да Ўзбекистон 193 мамлакат ичида 80- ўринни эгаллаган.

Янги рўйхатга кўра, Ўзбекистон олдинги 2014 йил белгиланган даражадан 20 поғона баланд кўтарилган.

Электрон иштирок, яъни фуқаролар ва ҳукумат ўртасида мавжуд алоқа ривожи бўйича Ўзбекистон 71 ўриндан 41 ўринга баландлаган.

Рўйхатда Британия, Австралия ва Жанубий Корея, Сингапур ва Финландия электрон ҳукумат ривожланган энг илғор давлатлар сифатида келтирилади.

Собиқ иттифоқ давлатлари орасида электрон ҳукумат тараққиёти бўйича Литва етакчи бўлиб, 23 ўринда, Қозоғистон 33, Россия 35- ўринда.

Шунингдек, Польша 36, Латвия 45, Украина 62-кўрсаткич қайд этилиб, олдинги позицияларини яхшилагани айтилган.

Электрон ҳукумат фуқаролар билан давлат ўртасида ҳеч қандай олди-бердисиз мулоқот қилиш дегани.

Олдинроқ, Ўзбекистонда "Электрон ҳукумат" тўғрисида" қонун ҳам қабул қилинган эди.

"Электрон ҳукумат" Ахборот технологиялари ва алоқа вазирлиги томонидан назорат қилинади.

Ушбу қонунга муносабат билдирган Би-би-си муштарийси бу каби расмий рўйхатлар ва фуқароларнинг ҳукумат билан ҳақиқий электрон мулоқотлари ўртасида тафовут борлигини айтади. Унга кўра, ишонч телефонларининг ишлашини расмиятчиликдан, вазифасига панжа орасидан қаровчилардан холи қилиш лозим.

Фуқаролар учун энг керакли соҳалар прокуратура, таълим вазирликлари, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқа тармоқларнинг электрон мулоқот воситалари ҳақида тез-тез реклама қилинади, дейди у.

Ўзбекистонда ҳам ҳозирда онлайн мактуб ёзиб ёки "ишонч телефон"ларига қўнғироқ қилиб, ўз дарду ҳолини билдираётганлар кўпайган. Лекин бу асосан шаҳарларда.

Вилоятларнинг чекка туманларида яшаётган , вилоят марказига ҳам бориб келишга имконияти етмайдиган кишилар учун бунинг имкони йўқ.

Электрон йўналишда тегишли идоралар фуқароларнинг шикоят ва аризаларини ёзиб, керакли вазирлик ва идораларга жўнатиш йўлга қўйилган.

Бироқ суҳбатдошга кўра, электр, газ таъминоти корхоналари, ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларининг аҳоли билан ҳақиқий, ишончли электрон мулоқотини амалга оширишга ҳали фурсат керак.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.

  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon