“С5+1 йиғинида Гулноранинг музлатилган пуллари муҳокама қилинмайди”

Image caption Жошуа Бейкер

АҚШ Давлат департаментининг воизларидан бири Жошуа Бейкерга кўра, 3 август куни Марказий Осиё давлатлари Ташқи ишлар вазирлари Вашингтонда асосан минтақадаги иқтисодий, ҳарбий ва хавфсизлик масалаларида ҳамкорликни муҳокама этишади.

С5+1 йиғинида Ўзбекистон томонидан Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов иштирок этиши хабар қилинган.

С5+1 илк йиғини ўтган йил ноябр ойида Самарқандда кечган эди.

Унда АҚШ Давлат котиби Жон Керри ҳам иштирок этганди.

Би-би-си АҚШ Давлат департаментининг воизларидан Жошуа Бейкердан С5+1 учрашувларидан мақсадлар ҳақида сўраган.

Би-би-си: Бу каби учрашувлар билан Америка Қўшма Штатлари Марказий Осиёда таъсир доирасини кенгайтирадими ва айни масалада Россия билан ўзаро бўлашиш йўлини кўрадими? Умуман, Вашингтон Москва билан минтақада таъсир доирасини ўзаро келишган ҳолда бўлашадими?

Жошуа Бейкер:Йўқ, бундай бир режамиз йўқ. Биз ўз таъсир доирамизни бўлиб ўтирмаймиз. Биз бу беш Марказий Осиё давлатларини ҳурмат қиламиз. Бу учрашувдан мақсад минтақавий интеграцияни йўлга қўйиш. АҚШ аввало бу давлатлар ўзаро ва кейин дунё билан интеграция бўлиши тарафдори...

Би-би-си: Қўшма Штатлар минтақа давлатларининг ўзаро интеграция жараёнида воситачи ва ёки ўзига хос ҳомий бўлиш ниятида, шундайми?

Жошуа Бейкер: Биз бу давлатлар орасида иқтисодий, ҳарбий ва хавфсизлик масалаларида ўзаро ҳамкорлик кучайиши тарафдоримиз. Албатта, минтақа давлатлари АҚШ ва бошқа дунё давлатлари билан ҳам шу йўлда кўпроқ ҳамкорлик қилишларини истаймиз.

Би-би-си: Ўзбекистон ҳукумати Гулнора Каримованинг хориждаги музлатилган пулларини қайтиришни истайди. Бу ҳақда нима дейсиз? АҚШ бу пулларни қайтаришга қандай қарайди? Айни масала Тошкент истагани каби ҳал бўлиши қанчалар ҳақиқатга яқин?

Жошуа Бейкер:Мен айнан шу савол бу учрашувда кўтарилади деб ўйламайман. Айтганимдай, бу учрашувда асосий эътибор минтақага қаратилади. Балки бу масалага АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси жавоб бера билар, аммо Керри жаноблари айни саволга эътибор беради деган фикрдан узоқман.

Би-би-си:Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан бўлган вазият тилга олинадими ва ёки бунга ҳам эътибор қилинмайдими?

Жошуа Бейкер: Йўқ, гуманитар масалалар албатта кўтарилади бу учрашувларда...Инсон ҳуқуқлари масаласи нафақат Ўзбекистон, балки қолган давлатларда ва ҳатто АҚШда ҳам катта бир масаладир. Инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни кўтаришдан бир тортиниб ўтирмаймиз. Очиқ-ойдин гапирамиз бу масалада...

Би-би-си: Қирғизистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаровга АҚШ Давлат департаментининг мукофоти топширилганидан кейин Бишкек ва Вашингтон муносабатларида бироз танглик кузатилди. Умуман, АҚШ бу мамлакатларда қамоқда қолаётган инсон ҳуқуқлари фаолларини номма ном озод этиш масаласини кўтарадими?

Жошуа Бейкер: Эртанги учрашувларда инсон ҳуқуқлари масаласи кўтарилади. Аммо алоҳида бир инсон ҳуқуқлари фаолларининг озод этилиши масаласи эртага очиқланмаса керак...Лекин икки томонлама учрашувлар чоғида, масалан, АҚШ - ЎЗбекистон, АҚШ-Туркманистон учрашувларида биз бу масалаларни аниқроқ кўтарамиз...

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.