Ўзбекистонда... Сулаймоннинг узуги ҳақида

Image caption "Ёзсаммикан..."

Мен учун мақола ёзиш тунда қабристонга бориб нутқ ўқиб келишдай воқеага ўхшамоқда. Тўғри, бу тушкунликнинг меваси, одам ўзини ифода қилмай юрса шу аҳволга тушади, руҳшунослар айтгандай "Мен"идан айрилади. Ёзган матни хира чиқади, ўхшамайди. Худди жин теккандай.

Ўтган ҳафта Лондонда маданий воқеа бўлди. Тўғрироғи, эскирган воқеанинг давоми кузатилди: Ҳарри Поттер саргузаштларининг навбатдаги китоби сотувга чиқти. Маҳаллий матбуотимиз айнан шу ҳафта бестселлер китобларни мутолаа қилиш хавфидан огоҳлантирди, оммавий маданият айнан шу китоблар орқали ҳам кириб келаётган эмиш.

Ҳарри Поттер ҳақида китобларнинг бир қисмини инглиз тилидан Мунира Менглиева исмли таржимон ўгирган эди адашмасам, яна бир қисмини таржимон Шокир Долимов ўгирмоқда деб эшитдим. Яқинда у Facebook саҳифаси орқали ҳам бу ҳақда кичкина баёнотча берган эди.

Ёзувчи Бахтиёр Абдуғафурнинг "Оламлар кураши" китоби Ҳ.П. шаклида шарқона руҳда ёзилган эди, менинг фикримча. Ўткан йил "Йилнинг энг яхши китоби" деб анча дабдаба билан интернет саҳифаларида кўтар-кўтар қилинди ҳам. Кўп ўтмай ҳамманинг дами ичига тушиб кетди, кутилган натижа чиқмади: китоб кам тиражда сотилди. Умуман, сал жиддий адабиётнинг бозори касодга учради, шекилли.

Барча ёзувчию мунаққидлар бу масаланинг айбдорини топишгандек шоир Аҳад Қаюмга ташланиб қолишди. Сабаби, Аҳад Қаюм китоблари 100 минглаб тиражда эл орасида сотилмоқда. Адабиётшунос Дилмурод Қуронов "Шеърда мантиқ, дид, аҳлоқ ва бошқалар хусусида" номли узундан узоқ мақола ёзиб Аҳад Қаюм феноменини гўёки фош этиб ташлади.

Чунончи, у:" Дангалини айтсам, Аҳад Қаюм шеърларини ўқиганда "бу йигит ўзбек тилини биладими ё энди ўрганяптими?" деган андиша келади." деб ёзади. Тан олиш керак, 100 минглаб ўқувчининг талаби, диди шунақа "ўзбек тили" савиясидаги китобларга кўзи тушаётгани факт, албатта. Аҳад Қаюм бўлмаганда, бошқа у каби шоир майдонга чиқарди, масалан. Ўқувчи тафаккури пастга шўнғиганидан далолат бу, албатта. Масалан, ўткан асрнинг 90 йиллар бошида Аҳад Қаюм даражасидаи китобларни ҳеч ким ўқимасди, бу ҳам факт.

Янги асрда Антропоморфист-одамшунос олимлар одам борлиғида жойлашган Худо зарраси ҳақида ёзишмоқда. Айтганча, "Минг бир кеча" эртаклар мажмуасида ҳам ушбу зарра ҳақида гап кетади, эсласангиз. ( "Янги аср авлоди" нашриёти "Минг бир кеча" ни ҳамёнбоп шаклда нашр этяптию лекин бу китоб ҳам кўзланганидек натижа бермаяпти, яхши сотилмаяпти шекилли. Кўзим тушиб қолади, китоб дўконларида чанг босган ҳолда турибди.) Сулаймон узуги, жавҳар, руҳ қуши, гавҳар, аждарҳо қўриқлаётган хазина ва хоказо. Мумтоз адабиётимизда ҳам шу ҳақда гурунг, ишора кетган. Низомий Ганжавий, Алишер Навоий, Яссавий асарларидаги жавҳар ҳақидаги матнларни эсланг. Одам Қадри тушунчаси ҳам, аслида ботиндаги ушбу заррадан тарқалаётган тирикликка айтилади, дейишади.

Антропоморфист олимлар, жамиятда адолат, ҳаё, сўз эркинлиги, тўғрилик ва бошқа шу каби абстрактдай гўё туйилган тушунчалар ҳақиқатдан ишласа, одам ботиндаги ўша жавҳарга шунча яқинлашиб боради деб хулоса қилишади. Аслида у орқали биз тирикмиз, ҳаракат қиламиз. Уни ҳозирги замонавий технологиялар орқали аниқлашнинг ҳам иложи йўқ, бу мумкин ҳам эмас дейишади. Донишманд Суқротнинг денгиз соҳили бўйида ўқишни ҳам билмайдиган ёш болани мушоҳадага чорлайди. Натижада унинг ботинидан Пифагор теоремасини "суғуриб" олади; болакай теоремадан хабари йўқ ҳолатда ушбу теоремани оғзидан "гуллаб" қўяди. Болалар фитрати асл илмлар жамланган ўша заррадан узоқлашмаган бўлади дейишади. Бор гап.

Антропоморфист олимлар фикри бузуқни қадимда жин дейишган деган мулоҳазани ўртага ташлашади. Шунингдек, чала-чулпа ва орқаси йўқ матн ҳам жинматн бўлади. Қадимда узуклар ҳукмдори Сулаймон жинларни ишлатиб баланд ва ҳашаматли биноларни қурдирган. Содда одамлар: "Жинлар ҳозир ҳам борми? Бор бўлса, қани улар?"- деган саволни ўртага ташлашади, албатта. Бу саволни фақат мулоҳаза этиб ва мушоҳада орқали одам ўз тажрибасида аниқлаб олиши мумкин. Одам ўзининг фитратидан қанча узоқ бўлса, демак у жинтабиат бўлади, ва ботиндаги осмондан унга ғоялар, илм, фикрлар энмайди. У осмондан бирор илм ўғирламоқчи бўлган тақдирда осмон қўриқчилари томонидан қувиб етилади, дейилади муқаддас китобда. Одам янгилик, ихтиро қилиш аввало нияти тоза бўлиши керак дейишади. Демак, бекорга айтилмаган экан бу гап: Ният- ярим давлат.

Ўша жавҳарга яқин бўлган одамлар ўша жавҳардан узоқ бўлганлар устидан ҳукм қилишга яқинроқ бўлади. Аслида ҳам дунёдаги бор тирик нарса шу жавҳарга тобе, ақл у орқали ҳосил бўлади.

Бундан чиқти, Аҳад Қаюм ўз жавҳарига яқин экан, шунинг учун 100 минглаб мухлису мухлисалари бор дегани эмас. Аксинча, бу шоир образи орқали савиянинг, тафаккурнинг тушиб кетиши сабабларининг антропологик жиҳатларига кўз ташладик, холос.

Қайси мамлакатда одам Қадри биринчи ўринда турса, асосий масала бўлса ўша мамлакат куч- қудратли бўлади. Фикр тараққиётида доим янги босқичларга кўтарилади. Худди Сулаймон узуги соҳибидек бутун дунёга таъсир ҳам ўтказади, бу табиий албатта. Одам қадри ерга урилган жамиятлар эса худди Сулаймоннинг жинлари каби ҳаёт кечиришади…

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар