“АҚШ Марказий Осиёда “ўйин” ўйнамоқчи эмас”

Жон Керри Фото муаллифлик ҳуқуқи statedepartment

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Марказий Осиё давлатлари Ташқи ишлар вазирлари учрашувида АҚШ ҳукумати Марказий Осиё лойиҳаларига 15 миллион доллар ажратиши борасида эълон қилди.

3 август куни Вашингтонда бўлиб ўтган "С5+1" гуруҳ доирасидаги учрашув чоғида минтақадаги иқтисодий, ҳарбий ва хавфсизлик йўлида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилган.

Би-би-си бўлиб ўтган учрашув натижаларини билиш мақсадида АҚШ Давлат департаментининг воизларидан Жошуа Бейкерга боғланиб, ундан нима учун АҚШни Марказий Осиё хавфсизлиги масаласи шунчайин ташвишлантиради, деб сўради.

Жошуа Бейкер: Бу жуда ҳам нозик масала. Марказий Осиё минтақасига бўлган таҳдидлар Америка Қўшма Штатларини ташвишлантирадими деган саволингизга жавобим шу - албатта, бизни ташвишлантиради. Лекин шу билан бирга, минтақага муайян бир таҳдид борлиги аён эмас. Мазкур масалани беш давлат вакиллари бу учрашувда кўтаришди. Шуни айтишим мумкинки, радикаллашув ҳаракатлари минтақага, хусусан ёшларга, катта таҳдид солмоқда. Гарчи, Марказий Осиёнинг ҳар бир мамлакати айнан радикаллашувга қарши дастур ишлаб чиққан бўлса ҳам ҳамкорликни мустаҳкамлаш соҳасида ҳали анчайин қилинадиган ишлар бор. АҚШ минтақадаги айрим мамлакатлар катта бир таҳдид остида деган фикрдан йироқ. Биз таҳдидларнинг ёйилиб кетмаслигини истаймиз. Ироқ ва Суриядан қайтиб келаётган ёшлар билан ҳукуматлар яқиндан ишлашларини хоҳлар эдик.

Би-би-си: АҚШ минтақа хавфсизликни яна ҳам кучайтириш мақсадида қайси йўналишларда Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик қилишни кўзда тутмоқда?

Жошуа Бейкер: Вазирлар чоршанба куни бу масалани муҳокама қилишган. Биз ҳам маҳаллий ҳам америкалик экспертлар бир- бири билан фикр алмашиб туришлари керак, деган хулосага келдик. Кўпроқ ўқув машқларини ўтказиш, радикаллашувга қарши махсус дастурларни қабул қилиш, эҳтимолий жангарилар борасида ўзаро маълумотлар... назаримда жосуслик хизматларининг бу борадаги тадқиқотлари ҳам алмашиб турилиши лозим. Ўйлайманки, бўлиб ўтган учрашувдан сўнг, ҳар бир республикада, ҳар бир пойтахтда, мазкур йўналишлар бўйича дастурлар ишлаб чиқарилади. Биз учун энг муҳим жиҳат шундаки - Марказий Осиё халқлари Америка Қўшма Штатларини уларга терроризмга қарши курашда ёрдам беришга тайёр турган ҳақиқий шерик сифатида кўришлари керак. Назаримда, давлат раҳбарлари ўз навбатида келишувнинг хулосаларини олқишлашлари керак.

Би-би-си: Учрашув доирасида АҚШ савдо палатаси Американинг йирик саноат компаниялари билан биргаликда минтақа вазирлари иштирокида бизнес форум ўтказган. Форум иштирокчилари қудратли ва гуллаб яшнаётган минтақа келажаги масаласини муҳокама қилишган. Ушбу сўнгги тадбирни АҚШ Марказий Осиё минтақасини Россия таъсиридан чиқармоқчи, деб талқин қилиш мумкинми?

Жошуа Бейкер: АҚШ бу масалада "ўйин" ўйнамоқчи эмас. Яъни, АҚШ Россия манфаатида бўлган ҳаракатлар Америкага қарши ёки Америка манфаатлари доираси - бу Хитойга қарши деб иш тутмайди. Биз барча Марказий Осиё давлатлари авваламбор бир-бири билан ва бошқа давлатлар билан яхши алоқада бўлишларини истаймиз. Биз ўз ширкат ва муассасаларимиздан фахрланамиз, уларни рақобатбардош деб хисоблаймиз ва шунинг учун минтақанинг ички бозорларида Америка ширкатларининг кўпроқ иштирок этишларини кўриш ниятидамиз. Мисол учун, Қозоғистонда Туркманистонга қараганда Америка ширкатлари кўпроқ фаолият юргизади. Биз ҳар бир мамлакатга сармоя киритмоқчимиз ва ҳар бир мамлакатда сармояларимизнинг кўпайишини истаяпмиз. Кечаги учрашувнинг мақсадларидан бири - регионал интеграциялашув масаласи бўлган. Чунки Қозоғистонда бизнес очаётган Америка ширкати худди шундай тижоратни Ўзбекистон, Қирғизистон ва Туркманистонда ҳам очиш имкониятига эга бўлишни истайди. Яъни, бир сўз билан айтганда, Америка ҳукумати - минтақада ўзаро иқтисодий ҳамкорлик ривожланишини ва у ерда Америка ширкатларининг кўпайишини истаётир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.