Минтақада Ўзбекистонсиз янги альянс

Ташриф Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Қудратли Хитой Покистон, Афғонистон ва Тожикистон билан янги аксилтеррор иттифоқи тузмоқчи, минтақада 'кучайиб бораётган жангарилик таҳдиди'ни жиловламоқчи.

Аммо кўзда тутилаётган янги альянс таркибида Афғонистонга бевосита қўшни қолган уч давлат - Ўзбекистон, Туркманистон ва Эрон йўқ.

Устига устак, халқаро доирада Хитойнинг яқин иттифоқчиси сифатида кўрилувчи ва айниқса, охирги пайтларда Афғонистондаги ҳозирги вазиятдан жиддий хавотирда бўлган Россия ҳам кўзга ташланмайди.

Янги аксилтеррор иттифоқига бош қўшишга рози бўлган Хитой ва Тожикистон, бошқа томондан, четда қолган бў тўрттовлон билан минтақанинг Натосига қиёс берилувчи Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзодош мамлакатлар саналишади.

Покистон ва Афғонистон эса, худди шу минтақавий ташкилот қошида кузатувчи мақомига эга бўлган давлатлардир.

Сўнгги хабарнинг эътиборга молик яна бир жиҳати шундаки, янги альянс Хитой ва Покистонга рақобатчи сифатида кўрилувчи ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти қошида яна бир кузатувчи давлат бўлмиш минтақанинг иккита қудратидан биттаси Ҳиндистонни ҳам четлаб ўтади.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти эса, ўзининг сўнгги олиймақом йиғинида айнан афғон можароси ечимида фаолроқ ўрин тутишларининг вақти етганини баён қилганди.

Аммо

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, уйғур айирмачилигидан жиддий хавотирда бўлган Хитой кутишни хоҳламаяпти.

"Хитой Покистон ва Афғонистоннинг босқичма-босқич Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо бўлишини кутиб ўтиришнинг ўрнига, янги коалиция тузиш ва шу орқали уйғур айирмачилигига қарши курашни янги бир халқаро даражага олиб чиқишни кўзда тутган", - дейди таҳлилчи.

Расмий хабарлардан маълум бўлишича, янги иттифоққа киришни кўзлаётган ҳар тўрт давлат вакиллари яна бир бор террорчилик ва экстремизм минтақага жиддий таҳдид эканини таъкидлашган.

Аён бўлишича, тўрттовлон бир иттифоққа бош қўшаркан, бу таҳдиднинг олдини жосуслик маълумотларини айирбошлаш ва ўқув-тайёргарлик машғулотларини кўзда тутган янги механизм воситасида олишмоқчи.

Худди шу ўринда Франциядан сиёсий таҳлилчи суҳбатдошимиз Камолиддин Раббимовнинг таъкидлашича ҳам, янги иттифоқ ўз олдига Афғонистонга қўшимча ҳарбий кучлар юбориш мақсадини қўймайди.

Бошқа томондан, дунёнинг иккита иқтисодий ва ҳарбий қудратидан бири саналувчи Хитойнинг нега айнан бу уч давлат билан минтақавий аксилтеррор альянсига киришаётгани сабаби маълум эмас.

Муносабат

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўз ўрнида, Ўзбекистон бўладими, Туркманистон ёки Россия, улар ҳам Урумчи келишувига ҳозирча расман муносабат билдириб чиқишмаган.

Бошқа томондан, сўнгги 15 йил ичида Афғонистонда етакчи кучга эга АҚШ ва Нато иттифоқига аъзо давлатлар ҳам, ҳозирча, бу хусусда жим.

Урумчидаги йиғиндан икки кун ўтаётган эса-да, на-да Покистон ва на-да Афғонистон Толибон ҳаракати бирор акс-садо билдиришган.

Расмий Тошкент эса, йилларки, афғон можаросига барча томонлар манфаатларини кўзда тутувчи тинч бир йўлда ечим топишга даъват этиб келади.

Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, сўз айнан Ўзбекистон ҳақида кетганда, у ҳали-бери бу иттифоққа киришга шошилмайди.

"Ўзбекистон бунга жиддий салбий ёки жиддий ижобий баҳо бермасдан, янги альянснинг фаолиятини узоқ йиллар давомида кузатади. Чунки Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги хатти-ҳаракати асосан худди ана шундай бўлиб келган. Агарки, иттифоқ лаёқатли, анчайин сармояларга эга, энди Хитой томонидан қўллаб-қувватланаркан, анча қудратли бўлган ташкилотга айланса, Ўзбекистон унга қизиқиш билдириши мумкин", - дейди сиёсий таҳлилчи суҳбатдошимиз.

"Россия эса, ёки бу иттифоққа таклиф қилинмаяпти ва ёки ичкарида маълум бир зиддиятлар бор".

"Аммо янги альянсда мусиқани, таъбир жоиз, скрипкани Хитой ўйнайди ва шунинг учун, албатта, Россиянинг унга бироз рашк билан қараши аниқ", - дея ўз сўзларида давом этади таҳлилчи суҳбатдошимиз.

Бошқа томондан, таҳлилчига кўра, "Россиянинг янги иттифоқ фаолиятига халақит бериш имкониятлари, ресурслари у қадар катта эмас".

"Қулай ҳамкорлик"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Юқорида тилга олиб ўтилган барча омилларни назарда тутаркан, суҳбатдошимиз "янги альянс - Хитой ва Покистон учун қулай бўлган ҳамкорлик формуласи" эканини айтади.

"Яъни, Хитой ва Покистоннинг Афғонистон ва Тожикистонга таъсир қилиш имкониятлари анча юқори. Ва шунинг учун ҳам бу ерда маълум иерархия бор. Яъни, янги альянсни ягона қутбдаги, ягона иерархиядаги бир ташкилот дейишимиз мумкин. Энг юқорида Хитой туради. Иккинчи ўринда Покистон, кейин Афғонистон ва ундан сўнгра Тожикистон", - дейди Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, минтақадаги яна бир қудратли ўйинчи давлат бўлган Ҳиндистонга нисбатан муносабатда бу икковлоннинг гео-сиёсий манфаатлари ва ҳамкорлиги бир нуқтада бирлашади.

Мамлакати қайта зўравонликлар гирдобига ботиб бораркан, Хитой 2014 йилда Афғонистон янги президенти Ашраф Ғани Толибон билан тинчлик музокараларида дастагини сўраб, биринчилардан бўлиб сафар қилган дунёнинг иккита давлатидан биттаси бўлганди.

Президент Ғани бу масалада энг аввало расмий Пекиннинг Исломободга бўлган катта таъсири ва йирик иқтисодий қудратига кўз тикканди.

Чунки ҳар икки Толибон ҳаракатига катта таъсирга эга, деб кўрилувчи Покистон Хитойнинг минтақадаги энг асосий ҳарбий ва иқтисодий иттифоқчиси бўлади.

Ўз навбатида, ҳам ҳарбий ва ҳам иқтисодий жиҳатдан қанчалик қудратли бўлмасин, шундоқ биқинидаги Афғонистондаги вазиятнинг қандай тус олиши, йилларки, қолган аксарият минтақа давлатлари каби Хитойнинг ҳам диққат-эътиборидаги асосий масалалардан бири бўлиб келади.

Хитойнинг хавотирлари

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, расмий Пекин чегараоша арзон афюн оқими ва уйғур исломий бўлгинчилигининг янада кучайиб, Хитой яхлитлиги, миллий хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлигидан жиддий хавотирда.

Шу дам олиш кунларида эса, Хитой Мудофаа вазири Шарқий Туркистон Исломий Ҳаракатига қарши курашда кўрсатган дастаги учун афғонистонлик ҳамкасбига ўз миннатдорчиликларини изҳор этган.

Аммо бу дастакнинг айнан нималардан иборат эканини очиқламаганди.

Расмий Пекин Шарқий Туркистон Исломий Ҳаракатини ўзларидан мустақил Шинжон давлатини барпо этиш истагида бўлган исломий жангари гуруҳ сифатида кўриб келади.

Хитой узоқ йиллардан бери Афғонистондаги зўравонликларнинг айнан шу ғарбий минтақасига сизиб ўтишидан жиддий хавотирда.

Азал-азалдан мусулмон уйғурлари яшаб келган бу минтақада сўнгги йилларда юз берган зўравонликлар ўнлаб инсонларнинг умрларига зомин бўлган.

Расмий Пекин бу ҳодисаларда экстремистларни айлаб келади, аммо ўз сиёсати Шинжондаги тангликка сабаб бўлаётганига оид баҳоларни кескин рад этади.

Аммо, худди шунинг баробарида, айрим минтақа яшовчиларининг ИШИД га қўшилиш учун Сурия ва Ироққа кетганликларини ҳам инкор қилмайди.

Хабарларга кўра, бу тўрт давлат Қуролли кучлари Бош қўмондонлари янги аксилтеррор альянси борасида шу ҳафта чоршанба куни келишиб олишган.

Ғарбий Урумчи шаҳрида бўлиб ўтган махсус йиғинга Хитойнинг қудратли Марказий Ҳарбий Ҳайъати мезбонлик қилган.

Сўнгги янгилик катта сондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг 2014 йилги оммавий сафарбарлиги ортидан қўшни Афғонистонда зўравонликлар қайта кучайган, толиблар билан бир қаторда сафларида Марказий Осиё ва ғарбий хитойлик уйғур жангарилари ҳам оз эмаслиги айтилаётган ИШИД гуруҳи фаоллашишга муваффақ бўлган бир манзарада ўртага чиқмоқда.

Янги дипломатик воситачи

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Афғонистон президентининг сафари ортидан, расмий Пекин кутилмаган ва ўта дадил баёнот билан чиққан.

Толибон муаммосига сиёсий йўл билан ечим топиш, Афғонистонга ҳарбийларини юборишдан тийилган ҳолда, бунинг учун асосан ўзининг йирик иқтисодий қудратини ишга солиш истагини баён қилган.

Афғонистон, Покистон ва Толибон ҳаракатини музокаралар столига келтириш учун минтақада қиймати 100 миллиард доллардан ортиқ лойиҳаларга қўл урмоқчи эканини айтган.

Тинчлик музокаралари учун ўз ҳудудида бетараф бир замин ҳозирлаб, толибларни, ҳатто, Хитойга таклиф қилиш ниятида эканини билдирганди.

Расмий Пекиннинг бу баёноти ортидан, Толибон ҳаракатининг бир эмас, бир неча бор Хитойга сафар қилганига оид хабарлар олинган.

Аммо толибларнинг ўзлари томонидан ҳам тасдиқланган эса-да, бу хабарларда томонларнинг айнан нималар хусусида келишиб олишгани ҳақида бирор бир сўз бормаганди.

Хитой афғон можаросига дипломатик йўлда ечим топишга қаратилган ва шу йил бошида Афғонистон, Покистон ҳам АҚШ иштирокида йўлга қўйилган янги тинчлик музокараларига ҳам қўшилган.

Аммо томонлар ўртасида бўлиб ўтган бир неча босқич музокараларга қарамай, толибларни музокаралар столига келтиришга муваффақ бўлинмаган.

Бошқа томондан, Хитой бошчилигидаги янги аксилтеррор альянсига оид хабарлар афғон можаросига ечим топишга қаратилган ана шу муваффақиятсиз уринишлар ортидан ўртага чиқмоқда.

Хитойнинг афғон можаросида янги минтақавий дипломатик воситачи бўлиш ташаббуси дуруст-қуруқ иш бермай туриб, янада қонли зўравонликлар ичида қолган Афғонистон эса, шу йил май ойида расмий Пекинга қайта юз тутган.

Афғонистон ижроий раиси доктор Абдулло Абдулло Пекинга расмий ташрифи чоғида афғон можаросига сиёсий йўл билан ечим топишга қаратилган тинчлик музокаралари иш бериши учун Хитойдан ўз қудратини ишга солиб, минтақа давлатларига таъсир ўтказишини талаб қилганди.

Ва

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Расмий Пекин ҳам ўшанда афғон ҳукуматининг Толибон ҳаракати билан тинчлик музокараларида воситачилик қилишга ҳозир эканини яна бир бор баён қилган.

Бундан ташқари, Афғонистонда қайта тиклаш лойиҳаларини амалга оширишдан ҳам манфаатдор эканини айтганди.

АҚШ етакчи мавқеъга эга ўтган 14 йил давомида эса, Хитойнинг Афғонистондаги иштироки асосан иқтисодий ва молиявий дастак шаклида бўлган.

Хитой ширкатлари бутун Афғонистон бўйлаб турли лойиҳалар, айниқса, кон соҳасидагисига катта миқдорда сармоя киритишган.

Шу йил апрел ойида эса, Хитой илк бор Афғонистон билан ҳарбий ҳамкорлигини ҳам кучайтириш истагида эканини баён қилганди.

Аммо Афғонистон ижроий раисининг Пекинга сафари бор-йўғи бир неча ой аввал амалга оширилганига қарамай, ўша пайтда янги альянс хусусида бирор бир сўз бормаганди.

Хитой яна президент Барак Обаманинг асосий урғу Осиё - Тинч уммони ҳавзасига берилган янги ташқи сиёсатига мувофиқ, АҚШ қадамининг ўз чегараларига яқинлашиши истиқболидан ҳам тинчини йўқотган.

Америкалик сиёсатшунослар эса, 21-асрнинг сиёсий ва иқтисодий тарихи асосан айни шу жўғрофий ҳудудда яратилади ва ёзилади, деган ишончда.

Аммо, энг сўнггида шуни ҳам эътироф этиш жоизки, шунча давлатнинг Афғонистондаги шунча йиллик "тажрибаси"дан келиб чиқиб, бугун ҳам минтақавий ва ҳам халқаро таҳлилчилар орасида 35 йиллик афғон можаросининг ечими қандай бўлишини ҳозир ҳеч ким билмаслигига оид хулосага келиб бўлганлари ҳам оз эмас.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг