Ўзбекистонда милиция полицияга айланадими?

Давлатга қарашли "Халқ сўзи" рўзномаси хабар беришича, Ўзбекистонда "Ички ишлар органлари тўғрисида" деб номланган қонуннинг лойиҳасини тайёрлашга киришилган.

"Ички ишлар идоралари тўғрисида" қонун лойиҳаси парламентнинг қуйи палатаси партия фракциялари йиғилишида муҳокама этилган. Сўнгра биринчи ўқишдан ўтган.

Қонун ички ишлар идораларининг мавқеини мустаҳкамлайди, қонунчиликни таъминлаш ва бу соҳада хизматчиларнинг ўз вазифаларини бажаришда масъулиятни оширишга хизмат қилади, деб ёзади рўзнома.

Хабар қилинишича, ҳукумат томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасига тегишли идоралар, экспертлар ва жамоатчилик вакиллари жалб қилинган.

Mилиция фаолиятини тартибга солувчи қонун шу пайтгача қабул қилинмаган.

Инсон ҳақлари гуруҳлари мустақил бўлганидан 25 йил ҳам ўтиб ҳам Ўзбекистонда милициянинг давлатдаги мақомини белгилаб берадиган қонун қабул қилинмаганини танқид қилиб келишади, айнан шу қонуннинг йўқлиги мамлакатда инсон ҳуқуқлари поймол этилишидаги омиллардан бири сифатида тилга олинади.

Ўзбекистон милицияси ҳозиргача 1991 йилдаги қоидалар асосида фаолият юритади. Маҳаллий фаолларнинг айтишича, милициянинг мақоми ва кафолатларини белгилаб берувчи тўлақонли қонуннинг йўқлиги мамлакатда ҳуқуқбузарликлар юз беришига йўл очади. Ҳукумат бу борада қонун лойиҳасини 2012 йилда ҳам тайёрлаган, бироқ номаълум сабабларга кўра кейин тўхтатиб қўйилган эди.

Халқ сўзи" га кўра, Президент Ислом Каримовнинг 2015 йил 5 декабр Конституция куни муносабати билан чиқишидан сўнг янги қонун лойиҳасига киришилган.

Каримов ўшанда ўз чиқишида мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига қарата камдан-кам қиладиган баъзи танқидий гапларни билдирган. "Қонунга риоя қилмаслик ва қўпол тартиббузарликлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи идораларнинг ўз вазифасига виждонсизларча муносабати сабабли доимий тус олди", деб айтган президент.

Депутатларга таяниб хабар берган UzReport.com сайти янги қонун лойиҳаси полиция ходимларининг асосий вазифалари, бурчлари, ваколат ва мажбуриятларини акс эттириши билан муҳим аҳамиятга эга, дейди.

Қонун шунингдек, полиция ходимларининг иш шароити ва ижтимоий таъминлашни аниқлаб беради.

Қонун лойиҳаси ички ишлар идораларининг мақомини тартибга солади, уларнинг давлат ва жамиятдаги аниқ идоравий тизими, бурчлари, ҳуқуқ ва вазифалари, тутган ўрнини белгилайди, дейилади хабарда.

Ўзбекистондаги Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг Би-би-сига айтишича, бундай қонун аллақачон керак эди.

Бу қонунни қабул қилиш бўйича парламентга 2001 йил топширилган, яъни роса 15 йил бўлди бунга. Ички ишлар ходимларининг ўзи бундай қонунга, яъни ўз вазифалари, ваколатларини аниқ қонуний асослаган ҳужжатга муҳтож эдилар, дейди у.

Қонун қабул қилиш яхши нарса, лекин ҳали у ишлаши керак Шу билан бирга, бу қонун ички ишлар ходимлари учун енгиллик бўлади, деб қайд этади Суръат Икромов.

Ўзбекистонда полиция ёки милиция ҳақидаги қонуннинг йўқлиги бу тизим ходимлари учун қачон жисмоний куч қўллаш, қачон ўқотар қуролни ёки махсус воситаларни ишга солиш билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқаради.

Ўзбекистонда бу тизимдан фақат жазолаш мақсадида фойдаланилиши танқид қилиб келинади.

Милиция ходимлари ҳам ушбу тизим ҳақидаги қонун қабул қилинмагани ўзларининг ижтимоий муҳофазасида муаммоларни юзага келтирганидан шикоят қилишган ҳуқуқ фаолларига.

Кўпинча, бизга мурожаат қилган ҳолатлар бўлган "сизлар, ҳуқуқ фаоллари кўтариб чиқинглар. Бизга қонун керак, чарчадик бундай ишлашдан, оғзаки буйруқлардан", деганлар бўлган шахсан.

Шунинг учун айтишим мумкин, милиция ёки полиция ҳақидаги қонун қабул қилинса, ички ишлар ходимларининг ўзи учун яхши бўлади, дейди ҳуқуқ фаоли.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Ўзбекистондаги Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов

Милициями полициями?

Ўзбекистонда жамиятдаги тартибни сақлашга қаратилган тизимнинг номи Шўролар давридан сақланиб қолган.

Милиция сўзи инглиз тилидаги militia сўзидан олинган бўлиб, у "қуролли", "лашкар" маъноларини англатади.

Ғалаёнлар пайти жамоат тартибини сақлаш мақсадида ташкил этилган, давлатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари таркибига кирмаган, кўнгиллилардан таркиб топган мунтазам бўлмаган қуроллиларнинг гуруҳига милиция деб ном берилган.

1917 йилда Чор Россиясидаги Вақтли ҳукумат Рус подшосининг полицияси ўрнига жамоат тартибини сақлаш учун "халқ лашкарлари" ёки "халқ милицияси"ни тузишга қарор қилади.

Октябр инқилобини содир этган большевиклар эса ўзларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига милиция номини берадилар, кейин эса бу ном СССР таркибига кирган республикаларда ҳам қабул қилинади.

70 йилдан ортиқ вақт давомида 10 ноябр Совет милициясининг куни сифатида байрам қилинган.

Ўзбекистонда эса 25 октябр Ички ишлар идоралари ходимлари куни деб эълон қилинган.

СССР парчаланганидан кейин қатор собиқ Шўро республикалари ўзларидаги тизимлар номини полиция деб ўзгартирдилар.

Россияда ҳам 2011 йил 1 мартидан милиция полиция деб атала бошлади.

Ўзбекистонда "Ички ишлар органлари ҳақидаги" қонун қачон қабул қилиниши маълум эмас.

Қонунчилик бўйича қонун лойиҳаси мамлакат парламенти қуйи палатасида қабул қилиниши, уни Ўзбекистон Олий Мажлисининг Сенати тасдиқлаганидан кейин мамлакат президенти имзолаши талаб этилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.