АҚШ Таиланддан ўзбекистонликни топширишни талаб қилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Тошкентда туғилиб ўсган Ольга Комова Таиланд, АҚШ ва Россия ўртасидаги дипломатик можаро марказида қолган.

Федерал Қидирув Бюроси(ФҚБ)га кўра, Ольга Комова қарийб 28 миллион долларни шахсий банк ҳисобларидан ўғирлаган россиялик хакерларнинг тармоғига ёрдам берган.

Таиланд полицияси 21 июл куни 25 ёшли Ольга Комова, 44 ёшли Россия фуқароси Дмитрий Украинскийни ҳибсга олган.

Дмитрий Украинский Ольга Комованинг дўсти ва отасининг собиқ бизнес шериги экани хабар қилинган, у охирги пайтда қатор сайёҳлик яхта саёҳатларини ташкиллаштириш билан шуғулланиб келган.

Америкаликларнинг банк ҳисобларидан пул ўғирланишини тергов қилган Федерал Қидирув Бюроси бу иш билан Россияда жойлашган хакерлар тармоғи шуғулланаяпти, деган хулосага келган.

Хакерлар онлайн банк ҳисоблари эгаларига зарарли компютер дастурлари жойлашган электрон мактублар юборганлар, шу йўл билан улар фойдаланувчининг номи ва очарсўзларини қўлга киритганлар.

Федерал Қидирув Бюроси хакерлар охирги камида 2 йил мобайнида 50 дан ортиқ кишининг банк ҳисобларидан қарийб 29 миллион АҚШ долларига тенг маблағни ўғирлаганини аниқлаган.

Бу одамлар АҚШ, Австралия, Британия, Италия, Олмония ва Япония фуқаролари бўлганлар.

ФҚБ айтишича, Ольга Комова ва Дмитрий Украинский номида Таиландда камида 40 та банк ҳисоби очилган бўлган ва улар хакерлик йўли билан ўғирланган пулларни ана банк ҳисоблари орқали "ювиш" билан шуғулланиб келганлар.

Ольга Комова ёки яқинлари тарафидан бирор изоҳ бўлмаган.

Лекин Дмитрий Украинский ўзига нисбатан илгари сурилаётган айбловларни буткул инкор этган.

АҚШ Таиланд ҳукуматидан Ольга Комова ва Дмитрий Украинскийни АҚШга экстрадиция этишни талаб қилмоқда.

Россия эса Украинскийнинг АҚШга экстрадиция этилишига қарши чиқмоқда.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ тарафини бошқа мамлакат фуқароларини ўзбошимчалик билан ўғирлашга уринишда айблаб чиққан.Ольга Комова Тошкентда сайёҳлик бизнеси бўйича таҳсил олгани, таҳсилини тугатиши билан Таиландда ишлашни бошлагани, ҳибсга олинган пайти 4 юлдузли Emerald Cove Koh Chang Hotel ишлаётгани хабар қилинган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.