UMS МТСнинг тухумидан "айрилди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи SOCIAL MEDIA

Ўзбекистондаги Universal Mobile Systems (UMS) мобил алоқа оператори ўзининг логотипини ўзгартирган.

Ширкатнинг янги рамзида Россиянинг МТС ширкатига тегишли "тухум" тасвири олиб ташланганини кўриш мумкин.

Бундан кейин UMS ёзуви қизил рангда бўлади.

Бу МТСнинг яна Ўзбекистон мобил алоқа бозорини тарк этгани билан боғлиқ.

Ўзи UMS 2012 йили Ўзбекистон алоқа бозоридан қувиб чиқарилган Россиянинг МТС ширкатининг қайтиши билан ташкил топган эди.

МТС Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникация вазирлигининг "Радиоалоқа, радиоузатиш ва телевидение" корхонаси билан қўшма корхона ташкил этган, янги мобил алоқа операторининг 50,01 фоизи МТСга, 49,99 фоизи "Радиоалоқа, радиоузатиш ва телевидение" корхонасига тегишли эди.

Россиянинг "Интерфакс" ахборот агентлиги хабарига кўра, МТС ўзининг акцияларини маҳаллий ҳамкорига "рамзий нархда" сотишга қарор қилган.

МТСнинг собиқ Шўро давлатларидаги фаолиятини АҚШ Адлия вазирлиги текшираётганига доир хабарлар ўртага чиққан эди.

Бундан икки ойча аввал 4 йил олдин камида 9 миллион мижозни мобил алоқасиз қолдирган МТС ширкати яна Ўзбекистондаги бизнеси улушларини сотиши ҳақидаги хабарлар пайдо бўлганди.

Бу АҚШ Адлия вазирлиги МТСга нисбатан олиб бораётган аксилкоррупция текширувини ҳал қилиш мақсадида талаб қилинаётган шартлардан бири бўлиши мумкин, деб айтган Ўзбекистон технологиялар ва коммуникацияни ривожлантириш вазирлигидаги манба.

Ўтган йили АҚШ Оврўподаги беш мамлакатдаги жами 1 миллиард доллар атрофидаги маблағни ҳибс қилишни сўраб мурожаат қилган, бу активлар Ўзбекистоннинг телекоммуникация бозоридаги коррупция билан боғлиқ ишга алоқадор деб кўрилгани айтилган.

АҚШ Адлия вазирлигига кўра, ўзларининг ўтказган тергови натижасида Россиянинг Vimpelcom ва MTC ширкатлари, Швециянинг TeliaSonera ширкати Ўзбекистондаги телекоммуникация шартномаларини қўлга киритиш учун Ўзбекистондаги амалдорларга пора берганлари аниқланган.

Vimpelcom Ltd ўз айбини тан олган ва Ўзбекистондаги "Билайн"нинг эгаси АҚШ Адлия вазирлиги, Қимматбаҳо қоғозлар ва биржалар бўйича комиссия ва Голландия прокуратураси билан коррупцион текширувни ҳал қилиш мақсадидаги битимларни имзолаган.

Vimpelcom 795 миллион доллар тўлашга рози бўлган.

Бироқ МТС Америка тарафи ҳибсга олишни сўраган Оврўподаги активлар ўзига тегишли эмаслигини айтган.

МТС баёнотида айтилишича, "Оврўпонинг қатор мамлакатларида АҚШ давлат органлари ҳибсга олишда кўмаклашиш сўровини юборган активларнинг соҳиби эмас".

МТС Ўзбекистон бозорини тарк этаётгани ҳақида хабарлар тарқалганидан кейин Universal Mobile Systems (UMS) раҳбарияти баёнот билан чиққан, МТСнинг кетиши ўзларининг фаолиятига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслигини айтган.

Эслатиш жоизки, UMS собиқ Шўро республикаларида биринчи бўлиб Ўзбекистонда ташкил қилинган "Ўздунробита" техник имкониятларидан фойдаланиб келаётган ширкатдир.

"Ўздунробита" Ўзбекистоннинг аксар ҳудудларида мобил алоқа сигналларини қабул қиладиган антенналарини ўрнатган, шу боис Ўзбекистондаги бошқа мобил операторларнинг телефонлари алоқаси бўлмаган ҳудудларда ҳам мижозларга сўзлашиш имконли бўлган.

МТС Ўзбекистон бозоридан чиқиб кетганидан кейин мамлакат бўйлаб мобил алоқа сифати жуда ёмонлашган, қайтганидан сўнг яхшилангани кузатилган.

Бугунги кунда ҳам бошқа мобил алоқа операторларининг мижозлари ўзларининг телефонларидаги алоқа сифати UMS мижозлариникидан ёмонлигини эътироф этадилар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг