Самарқандда ИШИДга алоқадорликда ҳукм

Самарқанд вилоят маҳкамаси беш маҳаллий фуқарони "Исломий давлат" жангари гуруҳига алоқадорликда айблаб, 10 йилдан 13 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этган.

Матбуот хизмати хабарида айтилишича, судланганлар Россияда қўлга олиниб, Ўзбекистонга топширилганлар.

Подробно.уз сайтига кўра, Сурияга одам юборишда айбланган 23 ёшли самарқандлик Абдусатторов қалбаки ҳужжатлар тайёрлаган ва одамларни Москва-Сочи-Истанбул-Сурияга йўналтирган.

Хабарда Абдусатторов Сурияга жўнатган деб айтилган шахслар Россияда қўлга олингани ва Ўзбекистонга депортация қилингани келтирилади.

Ўзбекистон Хавфсизлик хизматларининг кузатуви давомида бир аёл дохил уч самарқандлик Сочи аэропортида ушлангани айтилади.

Улар Сочидан Туркияга сўнгра Сурия ва Ироққа ўтмоқчи бўлганлар.

Шунингдек, маҳкама жараёнида илгари судланган 55 ёшли Бекчитаев шарифли шахс Самарқандда ислом асосларини ўргатиш ниқоби остида жиҳодчиларни тайёрлагани аниқланибди.

Маҳкамага биноан, Бекчитаев Самарқанддаги уйда диний ва ИД сафларида жанг қилаётганлар тўғрисидаги видео лавҳаларни кўришни ташкил қилган.

Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати ходимлари кузатувлар орқасида радикал қарашдаги жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйганлари билдирилган.

Ички ишларнинг тезкор қидирув ходимлари улардан кўп сондаги диний адабиётлар, компютер ва электрон воситаларни мусодара қилганлари айтилган.

Россия ҳукумати илгари берган хабарига кўра, Суриядаги жангарилар сафида минглаб марказий осиёлик фуқаролар бор. Уларнинг орасида қарийб мингдан ортиғи ўзбекистонликлар экани айтилган.

Бироқ ҳуқуқ фаоллари диний, радикал, террористик гуруҳларга алоқадорлик билан ўнлаб бегуноҳ инсонлар қўлга олингани, узоқ йилларга қамаб юборилганини таъкидлайдилар.

Уларнинг кўпчилиги фақат намоз ўқигани учун гумон остига олинган, баъзилари намозхон ҳам эмасликлари келтирилган инсон ҳақлари фаолларининг депортацияга тушган меҳнат муҳожирлари ҳимояси учун Оврўпо маҳкамасига тақдим этган ҳужжатларида.

Россия Ички Ишлар вазирлиги вакили ўз навбатида ИШИД ва бошқа жангари гуруҳларга бориб қўшиладиган марказий осиёликлар ичида Россияда ишлашга келиб, одам ёлловчиларнинг ёлғон ваъдаларига учган ночор меҳнат муҳожирлари эканини қайд этган.

Ўзбекистон расмийларига кўра, мамлакатга хориждан эстремистик мазмундаги адабиётларни олиб киришга уриниш ҳоллари кўпайган.

ИШИД таҳдиди боис Ўзбекистонда ҳибсга олишлар ва хавфсизлик чоралари кучайтирилгани тўғрисида хабарлар чиқиб туради.

2015 йили пойтахт Тошкент ва бошқа шаҳарлардаги амалиётлар чоғида 100 дан ортиқ кишининг ИШИДга алоқадорликда гумон қилиниб ҳибсга олингани хабар қилинган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Президент Каримов ҳукуматини диний экстремизм таҳдидидан сиёсий репрессияларни оқлаш йўлида фойдаланишда айблаб келадилар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio