"Ўғирланган мулкдан ташқари ҳар қандай хусусий мулк дахлсиз бўлиши шарт!"

Август ойи бошида Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги ҳар бир иншоот ёппасига кадастр тизимига қайтадан киритилиши борасида қарор қабул қилди.

Янги қарорга мувофиқ, 2016- ва 2017- йиллар мобайнида, жумладан, хусусий мулк иншоотлари ҳам хатловга тушиши кўзланмоқда.

Ўзбекистон конституциясига мувофиқ хусусий мулк ҳимояси кафолатланади.

Шу билан бир вақтда, турли интернет ахборот воситаларида янграган хабарларга кўра, Тошкент вилоятининг Чорвоқ сув омбори бўйида йилларки фаолият юритиб келган истироҳат мажмуаси бузиб ташланмоқда.

Би-би-си уй-жойлар бузилиши масалаларини ёритиб келадиган тошкентлик журналист Алексей Волосевичга боғланди.

Алексей Волосевич: Эшитишимча, ушбу мажмуанинг соҳибига бир неча йил давомида маҳаллий ҳокимият амалдорлари турли важларни рўкач қилиб мулкини рўйхатдан ўтказишга рухсат бермаган. Эгаси менга таниш бўлган журналистга ўзи гапириб берган. Унинг айтишича, ўн ёки ўндан ортиқ йиллар мобайнида мулозимлар ҳужжатларни имзолашдан бош тортиб келганлар, у эса ҳеч нарса қилолмаган. Шу билан бирга, унга ишлаш учун халақит ҳам беришмаган. Шунингдек, бир кун эмас бир кун, ҳокимиятдаги расмийлар "нима сабабдан ҳужжатларингиз жойда эмас" ва бу тартибга хилоф дея мажмуани бузишни бошлаганлар. Танишим, у ерга бориб, "Бочка" мажмуаси эгаси билан суҳбатлашиб қайтган.

Би-би-си: Ўзбекистон ҳолатида сиз рўйхатдан ўтмаган ва ноқонуний деб ҳисобланган иморатлар ва ҳам қонуний уй-жойларнинг бузиб ташлаш ҳолларига гувоҳ бўлгансиз, тажрибангиздан келиб чиқиб, қайси жиҳатларга урғу берган бўлардингиз?

А.В.: Турлича бўлади. Ноқонуний деб ҳисобланган иморатларда йиллар давомида оилалар яшаб келадилар. Бошқа томондан, аҳолининг уй-жойлари мутлақ қонуний бўлганига қарамай, барибир бузилиб ташланмоқда. Чунки, уларни бузиб ташлаётган ташкилотлар ҳукумат томонидан тўла қўллаб-қувватланади, уларнинг ҳаракатларини милиция дастаклайди ва ёрдам беради. Масалан, бир неча йил олдин Тошкентнинг Ҳамид Олимжон метроси атрофида паст-баланд уй-ҳовлиларни эълон қилмасдан бузишга қарор қилишди. Ушбу уйлар, битта ҳовлида элликта одам прописакадан ўтган эски шаҳардаги ҳовлилар каби бўлмаган. У ерда ГАБУС номли қурилиш ширкати ҳашаматли кўп қаватли биноларни қуриш учун катта кўча бўйлаб турган қатор ҳовли-жойларни бузишга бел боғлаган. Яъни, "чиройли манзарани" яратиш мақсадида. Хуллас, элита уйларининг қурилиши ҳамон битмаган, қурилган баъзи янги уйларга одам киргани йўқ, одамлар эса товон пули талаб қилиб, ҳанузгача шикоят қилиб юришибди.

Би-би-си: Бироқ давлат конституциясида ва бошқа юқори минбарлардан хусусий мулк кафолатланади деб айтилади. Шундай эмасми?

А.В.: Гап шундаки, одамлар ўз ҳақ -ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан қўрқадилар. Бузиш учун келган мардикорлар "биз ҳозир уйингизни бузиб ташлаймиз, сизлар кетақолинглар", деб гапира бошлашлари билан ҳеч ким конституцияда кафолатланган ҳуқуқини муҳофаза қилишга уринмайди ҳам. Биладики, агар иш судгача борса ҳам, суд унинг шикоят аризасини ё қабул қилмайди, ё-да ойларга чўзилиб кетиши мумкин. Ишчилар эса кутиб ўтиришмайди, милиция ҳимоясида дарров бузишга киришадидар. Агар уй эгаси ишчилар ёки милиция ходимларига қандайдир қаршилик кўрсатмоқчи бўлса, уни ҳокимиятга қаршилик кўрсатди дея ҳибсга олиб, беш йилга қамаб қўйишлари ҳам мумикн. Расмийларнинг, бу киши ўзининг шахсий мулкини ҳимоя қилаётгани билан ишлари ҳам йўқ.

Би-би-си: Элита уйларнинг қурилиши ҳақида айтингиз. Бу янги иморатларни қуриш Тошкентни обод қилиш билан боғлиқ режаларига мувофиқ бўлаётгандир?

А.В.: Бу каби элита уйларни қуриш жараёни худди эпидемия сингари бутун Тошкентни эгаллаб олган. Аҳолига бу уйлар керак эмас, назаримда, уларни қуриш учун бир дастуриламал йўлга қўйилган. Уларни шоҳ йўллар бўйлаб қуришмоқда, улар "кўз-кўз", яъни "витрина"нинг бир тури. Айнан ушбу мақсадни амалга ошириш учун, йўл бўйлаб турган бир қаватли иморатлар бузиб ташланмоқда.

Би-би-си: Нима сабабдан бу элита домлари хеч кимга керак эмас деб ўйлайсиз? Уларни қуриб, шахарнинг уй-жой муаммосини ҳал қилиш мумкиндир?

А.В.: Тошкентда прописка йўқ, тошкентликлар эса ўз уй-жойи билан аллақачон таъминланганлар. Уларга уй керак бўлса, иккиламчи кўчмас мулк бозорида ўзларига квартира ёки эски ҳовли сотиб олишади. Чунки янги иморатдаги битта элита квартиранинг нархига улар иккита ҳовли ёки икки-учта хонадон сотиб олишлари мумикн. Элита квартираларини вилоятлардан келган одамлар сотиб олишлари мумкин, уларнинг орасида бадавлат ва пулдор одамлар ҳам бор. Бироқ, бутун муаммо -прописка йўқлигида! Прописка бўлмагани учун, бу уйлар бўм-буш турибди. Кечқурунлари ўша кўчалардан машинада ўтаётганингизда, бир-икки квартирадан ташқари биронтасида чироқ ёнганини кўрмасиз. Уларнинг қурилишига қайси фондлардан маблағ ажратилгани ҳам номаълум. Бундай иморатлар ўнлаб эмас - балки юзлаб дейиш мумкин.

Би-би-си: Мана яқинда Жаҳон банки билан ҳамкорликда йўлга қўйилган лойиҳа доирасида Ўзбекистон ҳукумати кадастр рўйхатига кўчмас мулкни қайтадан киритиш, яъни хатловга тушириш борасида қарор қабул қилди. Эҳтимол, шу йўл орқали, бутун уй-жойларни тартибга солиш имконияти пайдо бўлар?

А.В.: Мен бунга шубҳа билан қарайман. Чунки битта қарор билан муаммоларнинг тўпламини ҳал этиб бўлмайди. Агар мамлакатда қонунларга демонстратив тарзда риоя қилинмас экан, бошқа қўшимча аҳд билан вазиятни тузатиб бўлмайди. Балки Жаҳон банки ташаббуси билан қилинаётгани, эҳтимол баъзи иш жойларини пайдо қилаётгандир. Бироқ ўтмишда, мисол учун, "Тезиковка" деган жойда аҳолининг турар жойлари кадастр тизимига киритилган бўлиши мумкин. Уларни 2010 -2011 йилларда ўнг келган жойга кўчиришди ва кўп уй эгалари белгиланган компенсацияни ҳам ололмади. 2014 йили янги "Минор" масжиди қурилганида, у ерда аср бўйлаб истиқомат қилган одамларга товон пули берилмаган ҳоллари бўлди. Мисол учун, бир ҳовлида икки оила турган, ва уларга камида ё икки ховли ажратиш керак эди, ёки иккита квартира берилиши керак эди. Шундай ҳолатлар бўлдики, икки оилани шаҳар чеккасидаги кичик бир квартирага тикиштириб қўйишди. Албатта, одамлар бундан норози бўлади. Яъни, одамларни қўрқитиб, ёки ҳар қандай йўллар орқали, уларнинг уйи ноқонуний бўлганини рўкач қилиб, алдашга уринадилар. Ўғирланган ва ноқонуний йўл орқали орттирилган мулкдан ташқари ҳар қандай хусусий мулк дахлсиз бўлиши шарт. Мулк йўқ экан, маблағ қўйиш имкони ҳам йўқолади. Хусусий мулк дахлсизлиги жорий этилмас экан, сармоя қўйиш имкони ҳам мавжуд бўлмайди.

Ўз фикр-мулоҳазаларингизни Би-би-си Ўзбек хизматининг Whatsapp, Telegram ва Viber орқали билдирмоқчи бўлсангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.