Сиз ҳам 90 фоизнинг ичида бормисиз?

Bozor

Ўзбекистон матбуоти мамлакат мустақиллиги арафасида ўтказилган омма фикрини ўрганиш натижаларини эълон қилган, сўровдаги саволлардан бирига ўзбекистонликларнинг 90 фоиздан ортиғи, конституция ва қонунлар ишлаяпти, деб жавоб бергани хабар қилинмоқда.

Жамоатчилик фикри сўрови Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан ташкиллаштирилган.

Сўровни ҳар доимгидек давлатнинг "Ижтимоий фикр" маркази ўтказган.

Оммавий ахборот воситалари ва Интернет нашрлари "Ижтимоий фикр" ўз сўровини Ўзбекистоннинг ҳар бир вилояти шаҳар ва қишлоғида, мамлакатда яшаётган барча касб эгалари, миллат ва дин вакиллари иштирокида ўтказгани ҳақида ёзмоқдалар, аммо сўров иштирокчиларининг сони неча кишини ташкил этганини эълон этмасликка қарор қилинган.

"Сўралганларнинг 90 фоизидан ортиғи мамлакатда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари таъминланган ҳамда бунга тўлиқ амал қилинмоқда, деб ҳисоблайди. Сўров натижаларига биноан, ушбу кўрсаткич қонун устуворлиги, фуқаролар шаъни ҳамда қадр-қиммати муҳофазаси кафолатлари, таълим олишда тенг ҳуқуқлилик, ижтимоий таъминот ва ҳимоя, меҳнат ҳуқуқи, касбий жиҳатдан ўсиш, сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш ҳамда мулк ҳуқуқлари каби индикаторларни ўз ичига олади", дейилади Ўзбекистон рўзномалари эълон қилган "Ижтимоий фикр" маркази сўрови асосида тайёрланган мақолада.

Аслида-чи?

Маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Ўзбекистонда инсон ўз ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилишдан маҳрум этилганини айтишдан чарчамайдилар.

Ўзбекистонда ўқитувчи ёки шифокор ғўза чопиғи ёки пахта теримига чиқиш ўзининг вазифасига кирмаслигини айтиб эътироз билдиролмайди.

Туман ёки вилоят ҳокими, милиция ва прокуратура бундай эътирозга қулоқ солмайди, норози бўлган инсон ишидан айрилиши мумкин.

Дунёдаги замонавий қулликка бағишланган 2016 йилдаги сўнгги ҳисоботда ҳам Ўзбекистон ўз халқини қул қилаётган 5 мамлакатдан бири деб тан олинди, мамлакатдаги 1 миллиондан ортиқ инсоннинг аҳволи қул кишининг аҳволига қиёсланди.

Ишидан айрилган инсоннинг Ўзбекистонда ўз бизнесини очиб бола-чақасини боқиши ҳам осон эмас, даромад келтириб турган бизнесига ҳоким, прокурор ёки милициядаги муштумзўр кўз олайтирмайди, айбсиз одамни олиб бориб қамаб қўймайди, деб ҳеч ким кафолат беролмайди.

Оиласини боқиши учун етарли даромад тополмаган юз минглаб ўзбекистонликлар Россиядаги "қора иш"ларга ҳам рози бўлиб кетганлар, ҳукумат эса уларни осон пул топишни кўзлаган ношукур инсонлар деб тавқи лаънатлашни афзал билади.

Бир неча йил меҳнат қилиб қурган уйингни ёки ўз пулингга қурган дўконингни бир кечада бузиб ташлашлари мумкин, бунинг учун сенга на товон пули берилади, на норози бўлиб бинони бузиш қарори устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи берилади.

"Мен пенсиямнинг ҳаммасини пластик картага ўтказилишига қаршиман, чунки мен яшайдиган жойда пластик картадан фойдаланиш мумкин бўлган имконият йўқ", деб айтолмайсиз.

Ҳукуматдагилар ёки Марказий Банк пластик картадан фойдаланиш мажбурий эмас, ихтиёрий, деб юқори минбарлардан қайта-қайта айтаётганларига қарамасдан, тужжорий банкларнинг оддий ходимлари ўзларига имкони борича кўп одамнинг маоши ва пенсиясини пластик картага ўтказиш босими тўхтамаётганини хабар беришади.

Жойларда эса картангиздаги 100 сўмдан 10, баъзан эса 20 сўмни олиб, сизга нақд пул қилиб бериш "бизнеси гуллаб-яшнаяпти».

Ўзбекистонда ўз банк ҳисобингдаги маблағни ўзинг хоҳлаганингдек ишлатолмайсан.

"Ижтимоий фикр" эса ўзбекистонликларнинг 97,3 фоизи ишбилармонлик муҳити "юқори даражада таъминланган" деб ҳисоблайди, дейди.

Сиз бу борада қандай фикрдасиз?

Агар сўровни ҳақиқий мустақил ташкилот ўтказганида, жавоблар қандай бўларди, деб ўйлайсиз?

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.