Россияда ‘Ҳазрати палов’ фестивали
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Россияда ‘Ҳазрати палов’ фестивали

Ташкилотчиларининг маълум қилишларича, бу хайрия тадбири Санкт-Петербургда, Нева дарёси соҳилларида бўлиб ўтади.

Кириш текин экани айтилаётган фестиваль меҳмонлари ихтиёрига эса, бир эмас, икки эмас, турлича палов турлари ҳавола этилади.

Улар ўзбекча, тожикча, хоразмча, самарқандча услубда тайёрланганидан тортиб, зарчавали ва дўлмалиси каби ҳар хил паловларни татиб кўришлари мумкин бўлади.

27 август кунги фестиваль иштирокчилари бўлган ошпазлар эса, қандай тури эканидан қатъиназар, паловни ўз қозонларида пиширишади.

Аммо, хабарларга кўра, уларнинг зиммаларидаги вазифа биргина бу билан чекланмайди.

Улар фестиваль меҳмонлари билан ўз ошпазлик сирларини бўлишишади, уларга паловни қандай тайёрлаш йўл-йўриқларини ҳам ўргатишади.

Яъни қолган фестиваллардан фарқли тарзда “Ҳазрати палов”да асосий диққат-эътибор фақат паловга қаратилади.

Тадбир турли миллат, маданият, дин, ёш ва ижтимоий табақа вакилларини бир ерга жамлайди.

Мақсад

Агар, тадбир расмий веб саҳифасида имконли бўлган маълумотларга таянилса, бу лойиҳадан мақсад – Шарқ ошхонасини оммалаштириш.

Россияликларни Шарқ маданияти билан янада яқиндан таништириш.

Россия ва бошқа қўшни давлатлар халқларини бир-бирлари билан имкон қадар жипслаштириш.

Кам таъминланган ва эҳтиёжманд инсонларга кўмак беришдир.

Маълум бўлишича, худди шу боис ҳам, “Ҳазрати палов” фестивалидан тушган маблағ ҳамкор хайрия жамғармаларидан бири ҳисобига ўтказилади.

Ўзбекистондаги айрим интернет нашрлари тарқатган хабарларга кўра, хайрия фестивали AdVita хайрия жамғармаси томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Бу жамғарма онкогематологик хасталикларга чалинган катталар ва болаларга кўмак бериш билан шуғулланиб келади.

Жумладан, podrobno.uz интернет нашри хабарига кўра, жамғарма бу хайрия фестивалида “Кўмак бериш осон” номли лойиҳаси билан иштирок этади.

Фестивалдан йиғилган ва меҳмонлар хайрия қилган барча пуллар эса, айнан шу жамғарма ҳисобига ўтказилади.

Расмий маълумотларга кўра, фестивалга Россиянинг барча минтақаларидан маҳаллий танловдан ўтган жонбоз палов усталари таклиф этилишади.

Фестивал якунида ҳакамлар ҳайъати бу хайрия тадбирининг Петербург босқичи ғолибини аниқлайди ва уларга ўз мукофотларини топширади.

Аён бўлишича, энг зўр ошпаз ёки палов устасига фестивал иштирокчилари ҳам овоз беришлари мумкин бўлади.

Фестиваль

Ўтган йили бу хайрия тадбири Москва (2 босқичда), Пенза, Владимир, Киров ва Санкт-Петербургда бўлиб ўтган, унда минглаб одамлар иштирок этишгани айтилади.

Хабарларга кўра, бу йил фестивал миқёси янада кенгайган ва босқичма-босқич Россиянинг 12 шаҳрида бўлиб ўтади.

“Ҳазрати Палов” фестивалининг ўзи эса, расман 2015 йилдан бошлаб “Фабрика Фестивалей” ширкати томонидан ўтказиб келинади.

Ўзбекистон Ошпазлар Уюшмаси раҳбари Акбар Умаров Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида фахрий аъзолари Ҳаким ака Ғаниев ҳам ушбу тадбир воситасида ўзбек халқи маданияти, урф-одатлари, анъаналарини тарғиб этиб келаётган инсонлардан бири эканини айтади.

“Палов орқали ўзбек халқини танитиш, бу – жудаям яхши нарса...Палов халқнинг маданияти, урф-одати, анъаналари билан боғлиқ бўлган таом бўлгани учун палов орқали Россияда маданиятимизни тарқатиш, ўзбек халқини танитиш мақсадида шу тадбирни ташкиллаштириб, лойиҳасини қилиб, мана, бутун шаҳарларида кенг тарғиб қилинаяпти”, - дейди суҳбатдошимиз.

Палов ва устаси

Айрим маълумотларга қаралса, палов ҳали Искандар Зулқарнайн даврида бақтрияликлар дастурхонининг шоҳона таоми бўлган.

Паловнинг отаси эса, тиббиёт илмининг султони Абу Али Ибн Сино, деган даъволар ҳам йўқ эмас.

Пишириш услубига қараб, паловнинг кўплаб турларга бўлинади.

Устига устак, Пилаф”, “Пилафи”, “Гамопилафо”, “Челов”, “Катеҳ”, “Дами”, “Пулов”, “Пилав”, “Палов”, “Бирёний”, “Пайелла каби турлича номлар билан ҳам аталади.

Яна халқларнинг миллий ўзига хосликларига қараб, масаллиқлари бир-биридан фарқланади.

Майиз, нўхат, бодом, писта мағзи, қиёмга ботирилган норинж пўчоғи, беҳи, шолғом, лимон суви,..гўшту гуручга ўзига хос таъм ва кўриниш бериб, ҳар бир халқнинг дастурхонига ўзига хос кўрк беради.

  • Ўз фикр-мулоҳазаларингизни Би-би-си Ўзбек хизматининг Whatsapp, Telegram ва Viber орқали билдирмоқчи бўлсангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.