Ўзбекистон телевидениесида Аллоҳга шукр қилиб бўлмайдими?

Руслан Нуриддинов Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Рио Ёзги Олимпиадасида Ўзбекистонга иккинчи олтинни олиб берган Руслан Нуриддинов жонли эфирда айтган сўзларининг кейинчалик қирқиб ташланиши муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Русланнинг жонли эфирда "Оллоҳимга шукр", деган сўзлари "Спорт" телеканалининг кейинги репортажларида олиб ташланди.

Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларнинг назаридан четда қолмади.

Тошкент шаҳридаги масжидлардан бирининг имоми шундай ёзади.

"Унинг "Аллоҳга шукр, Аллоҳимга шукр" деган сўзларини кесиб ташлашибди. Аввалги эфирни кўрганим боис, кейингиларига эътибор қаратдим. Ва тез илғадим. Биз қаерга кетаяпмиз", дейди у.

Имомга кўра, Шўролар даврида эфирдан "эй Худо, эй Аллоҳ" сўзларидан олиб ташлаш даҳрийларнинг иши бўлган.

Муаллифнинг таъкидлашича, оммавий-ахборот воситаларида диний уламо ва имомларга сўз берилмай қўйган.

Кўрсатувга чақириладиган имомлар ҳам шунчаки фон учун ўтириб, уларнинг ўрнига хонандаларнинг фикрларига кўпроқ ўрин ажратилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи GOH CHAI HIN

Бошқа фикр билдирувчилар ҳам Ўзбекистон телевидениесининг диндорларга нисбатан салбий муносабати ҳақида ёзган.

"Телевизорда кўча, боғларни кўрсатса, биронта ҳам ҳижоб ўраган аёлни учратмайсиз. Бирор марта Аллоҳ демайди", - дейди бир фойдаланувчи.

Тош кўтариш бўйича Ўзбекистонга иккинчи олтинни олиб келган Руслан Нуриддинов билан боғлиқ яна бир жиҳат мухлисларнинг эътиборини тортган.

Ғолибликдан бир неча соат ўтар-ўтмас соқолли Русланнинг соқоли қиртишлаб олинган расми ижтимоий тармоқларда айлана бошлади.

Бу ҳам турли салбий ва ижобий муносабатларга сабаб бўлмай қолмаган.

Айрим фойдаланувчилар унинг соқолини олдиришида бирор тазйиқ бўлганига ишонишмаганини айтишган.

Расмни ижтимоий тармоққа жойлаган Ўзбекистон Олимпия қўмитаси расмийларидан бири, Руслан соқолни ўз ирими туфайли олдириб ташлаганини ва унга ҳеч ким бу борада кўрсатма бермаганини билдирган.

Ўзбекистон диндорларга бўлган таъқиб ва тазйиқ сабаб, халқаро ташкилотлар томонидан танқид қилиб келинади.

Ҳижоб ўраган аёллар давлат ишларига деярли йўлатилмайди.

Кўча ва бозорларда диний либосларда юрган аёлларга нисбатан таъқиб ҳолатлари ҳақида хабарлар олинган.

Соқол қўйиб юриш ҳам давлат томонидан хуш қаршиланмайди.

Бу йил олий ўқув юртига ҳужжат топширишни истаган абитуриентларнинг соқоли бироз ўсган бўлса, ортга қайтариб юбориш ҳоллари учрагани ҳам хабар қилинганнди.

  • Ўз фикр-мулоҳазаларингизни Би-би-си Ўзбек хизматининг Whatsapp, Telegram ва Viber орқали билдирмоқчи бўлсангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.