Ўзбекистон кадастр тизими ислоҳотига муҳтожмиди?

Кадастр амали Фото муаллифлик ҳуқуқи kadastr.ru

Ўзбекистон матбуотидаги хабарларга кўра, шу ой бошида ҳукумат мамлакатдаги ҳар бир иншоотни ёппасига кадастр тизимига қайтадан киритилиши борасида қарор қабул қилган.

Май ойида эса Жаҳон Банки Ўзбекистон ҳукумати билан кадастр тизими самараси ва ошкоралигини яхшилаш мақсадида янги лойиҳа имзолангани ва бу мақсадда 20 миллион доллар қарз ажратганини маълум қилганди.

Ўзбекистонда тартибга солиш ва ривожлантириш эҳтиёжи бўлган, аҳолининг кундалик турмуши учун муҳимроқ соҳалар жуда кўплиги маълум.

Нима учун нуфузли молия ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматининг айнан кадастр тизими ислоҳоти йўлидаги лойиҳасига эътибор қаратиб, кредит ажратмоқда?

Иқтисодий таҳлилчи Алишер Таксановнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, бу Жаҳон Банки ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида фойда кўришнинг янги манбаларини кашф этиш йўлида эришилган келишув бўлиши мумкин.

Алишер Таксанов: Охирги 25 йилда ҳукумат объектларни қайддан ўтказишга у қадар катта эътибор бермаганди. Балки, шу вақтгача фойда олишнинг бошқа манбаларига кўпроқ эътибор қаратгандир. Охирги йилларда эса бюджетга келиб тушадиган маблағлар муаммоси пайдо бўлгани сабабли янги резервларни топиш эҳтиёжи пайдо бўлган, менимча. Шунинг учун кадастр тизимига эътиборнинг бурилишини мен бюджетни тўлдириш интилиши билан изоҳлаган бўлардим.

Би-би-си: Жаҳон Банки каби халқаро ташкилот ана шу сиз айтаётган сабаблар туфайли Ўзбекистон томонига ён босиб, пул ажратишга рози бўлган деб ўйлайсизми?

Алишер Таксанов: Умуман олганда, ҳа. Чунки Жаҳон Банки ҳам ўзи ажратган кредитларнинг ва устама фоизларининг қайтарилишини истайди. Ўзбекистон муттасил равишда кредитларини деструктуризация қилиб, қайта тўлашни ортга суриб келса, бу Жаҳон Банки манфаатига ҳам тўғри келмайди. Шунинг учун улар ҳам қўшимча маблағ манбалари топилиши тарафдори. Балки Ўзбекистондаги баъзи тадқиқотлар аҳоли фаровонлиги ўсаётганини кўрсатаётгандир. Ҳақиқатан ҳам одамлар тобора кўпроқ ўз маблағларидан фойдаланиб, уйлар қуришмоқда, лекин булар тегишли равишда қайд қилиниб, муносиб равишда кўчмас мулк ва уй-жой солиғига тортилмаётгандир. Ана шунинг учун "Келинг, бу соҳани тартибга солайлик, янги фойда манбаси пайдо бўлади", деган фикр пайдо бўлган бўлиши мумкин.

Би-би-си: Қайси соҳада бўлмасин тартибни жорий қилиш яхши интилиш. Лекин бу ижобий интилишга қарамай, Ўзбекистонда тез-тез кузатилганидек натижа кутилганидек бўлмаслиги мумкинми?

Алишер Таксанов: Келинг шундан бошлайлик. Шу йиллар мобайнида Ўзбекистонда шундоқ ҳам мулк кадастри юритиб келинган. Бунинг учун махсус ташкилот бор. Шунинг учун "бу соҳада тартиб ўрнатиш керак", ёки шунга ўхшаш лойиҳа ҳақида гапирилганда, менда шундай шубҳа пайдо бўлади. Яъни, ҳукумат ўзининг бурни тагида нималар рўй бераётганлигини билиш учун ўзида ресурс ва имконга эга эмасми? Ўзбекистонда ҳар бир киши бирон нарсани қуришдан олдин маҳаллий маъмуриятдан расмий рухсат олади-ку. Демак, ҳар қандай ҳолда қайд олиб бориляпти аллақачон. Шунинг учун айнан бу лойиҳадан аниқ нима кўзда тутилгани менга қоронғу. Балки, бу лойиҳага ажратилган маблағлар кўпда бўлгани каби "арра" қилинар. Ўзбекистондаги молия тизими очиқ ва ошкор эмаслигини биламиз. Бюджет маблағлари қандай тақсимланади, қандай сарфланади, бу ошкор этилмайди. Кадастр тизими ҳам шунга ўхшаш - очиқ эмас. Унда қайд этилган ҳужжат ва маълумотлар аҳолига тақдим этилмайди. Шунинг учун суистеъмоллар рўй бериши эҳтимоли катта.

Би-би-си: Ўзбекистон шароитида бу суистеъмолларнинг олдини олиб, ошкораликка эришиш йўллари борми?

Алишер Таксанов: Ўзбекистон шароитида албатта бу мушкул. Давлат тепасида қандай йўл билан бўлмасин, шахсан ўзига фойда келтирадиган йўлларни излайдиган шахслар ўтирганидан кейин нимани кутиш мумкин? Шунинг учун мамлакатда матбуот цензураси, давлат сири деган тушунчалар мавжуд экан, ошкоралик йўқ экан, бунга эришиш жуда қийин. Бошқа томондан, албатта, жамият нималар юз бераётганидан хабардор бўлиши керак, чунки бу кредитларнинг оғири уларнинг елкасига тушади. Кредитларни қайтариш учун ҳукумат пулни қаердан олади? Солиқ тўловчи аҳолидан. Ҳар бир фуқаролик жамиятининг вакили учун пуллар қандай келаётгани, қаерга сарфланаётганини билиши учун ошкоралик керак. Ким билсин, кадастр билан шуғулланаётган ташкилот бу пулларга 10 та қимматбаҳо машина сотиб олар? Хорижга тажриба ўрганиш учун деб, сафарларга сарфлар. Яъни, ўзи учун имтиёзлар йўлида сарфлаши мумкин. Тизимни яхшилаш учун эса аслида атиги бу маблағларнинг 2-3 фоизи сарфланиши мумкин.

Би-би-си: Демак, Ўзбекистон шароитида бунга эришиш қийин. Лекин Жаҳон Банки келишувнинг шарти сифатида талаб қилиши мумкинми буларни, яъни улар бу жараёнларнинг ўзгаришига таъсир эта оладими?

Алишер Таксанов: Албатта, улар ҳисоботларни талаб қиладилар. Лекин ҳисоботни тузиб чиқиш муаммо эмас. Яъни, Жаҳон Банкининг қўлига ҳамма нарса рисоладагидек бўлгани ҳақида маълумот тайёрлаб берилади. Аслида эса аввал мавжуд бўлган кадастр қайдлари тақдим этилиши мумкин.

Би-би-си: Шу ерда масаланинг яна бир жиҳати пайдо бўлади. Ўзбекистонда сенинг кўчмас мулкинг не қадар кадастрдан расмий ўтказилган бўлмасин, ерга хусусий мулкчилик бўлмагани учун ҳукуматга бу ер керак бўлиб қолса, муносиб товон тўланмай бузилиши ҳоллари кузатилади. Шунинг учун ерга ҳам мулкчилик киритилиши учун вақт келди, деб ўйлайсизми?

Алишер Таксанов: Албатта, бозор иқтисоди ҳақида гап юритилар экан бусиз бўлмайди. Ҳозирда бўлганидек 90 йилга ижарага бериш каби эмас, том маънода ерга эгалик берилиб, авлоддан авлодга мерос бўлиб ўтадиган тарзда берилиши керак. Чунки шундай қилинган тақдирдагина ер эгаси ерга ҳақиқий ғамхўрлик қилади. Ва агарда бу ер давлатга темир йўл қуришми, ёки ҳарбий объект каби бирон муҳим лойиҳа учун керак бўлиб қолса, тегишли миқдорда товон тўланишини ҳам кўзда тутиши керак.

  • Ўз фикр-мулоҳазаларингизни Би-би-си Ўзбек хизматининг Whatsapp, Telegram ва Viber орқали билдирмоқчи бўлсангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.